Ҳоким қарори
Фаолияти маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларнинг паст самарали ва бир-бирини такрорловчи штат бирликлари мақбуллаштирилади ҳамда бундан тежалган маблағлар аҳоли томонидан кўтарилган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан боғлиқ долзарб муаммоларни бартараф этиш учун йўналтирилади.
Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокимининг 2026 йил 28 январда қабул қилинган «Маҳаллий бюджетдан маблағ билан таъминланадиган ташкилотларда мавжуд штат бирликларининг вазифа ва функцияларини ўрганиш асосида паст самарали ва бир-бирини такрорловчи штат бирликларини мақбуллаштириш тўғрисида»ги қарорида сўз борган.
Президентнинг 2025 йил 26 декабрдаги «Маҳаллий бюджетлар ва бюджет ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ошириш, бюджет интизомини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган ушбу ҳужжатда белгиланганидек, шакллантирилган вилоят ҳамда туман (шаҳар)лар ишчи гуруҳлари тегишли ташкилотларда график асосида ўтказиладиган ўрганишлар асосида улардаги паст самарали ва бир-бирини такрорловчи штат бирликларини аниқлайди. Шу асосда тайёрланган маълумот (тақдимот) таклифлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа тегишли вазирликларга, маҳаллий ҳокимликларга мақбуллаштириш ёки қисқартириш юзасидан қарор қабул қилиш учун киритилади.
Шунингдек, қарор билан вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига тегишли бошқармалар ҳамкорлигида жорий йил 1 майгача ўрмон хўжаликларида мумкин қўшимча даромад олиш имкониятларини ўрганиб, натижалари бўйича; 1 мартгача қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси ташкилотларида рақамлаштиришни жадаллаштириш жараёнлари, бир-бирини такрорловчи вазифа ва функцияларни чуқур таҳлил қилиш, босқичма-босқич уларни ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш ҳисобига паст самарали штат бирликлари ҳамда бюджет харажатларини камида 20 фоизга мақбуллаштириш бўйича; 1 июнгача барча маҳаллий бюджет ташкилотларининг бўш турган ҳудуди ва ижарага берилган қисмларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, уларда ижарадан тушумлар ҳисобига штат бирликлари сақланишини ўрганиш, шунингдек, ижарага олувчи ташкилот томонидан коммунал тўловлардан фойдаланиш ҳолатларини таҳлили хулосалари бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда тегишли республика идораларига таклифлар киритиш топширилган.
Бундан ташқари, 1 мартгача маҳаллий ҳокимликлар, вилоят бюджет ташкилотларида бухгалтерия хизмати рақамлаштирилганлигини инобатга олиб ҳамда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш мақсадида улардаги «ғазначи» штат бирлигини тўлиқ қисқартириш чоралари кўрилади.
Эътиборли жиҳати, қарорда кўрсатилган чора-тадбирлар натижасида мақбуллаштирилган харажатлар ва қисқартирилган штатлар ҳисобидан шаклланган маблағлар халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар)лар Кенгашлари қарорлари асосида аҳоли томонидан кўтарилган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан боғлиқ долзарб муаммоларни бартараф этиш учун йўналтирилади.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи, вилоят ишчи гуруҳи раҳбари Алишер Қодиров зиммасига юклатилган.

