ёхуд 1 365 673 150 сўм миқдорида ажратилган кредитнинг таъминотсиз қолишига ким айбдор?
Сир эмас, айни пайтда иқтисодий судларга келиб тушаётган даъво ишларининг аксарият қисмини кредит муносабатлари билан боғлиқ низолар ташкил этаяпти. Уларни кўриш давомида банк ажратган кредит маблағлари айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан турли сабаблар билан ўз вақтида қайтарилмаётганлиги, ўртадаги шартнома шартлари доимий равишда жиддий бузилаётганлиги ҳолатлари аниқланмоқда. Баъзида эса берилган кредит қарзини шахсий манфаат йўлида ишлатиб юборганлик фактлари ҳам учрайди.
Навбатдаги бир ишда ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш масаласи кун тартибига қўйилган. Даъвогар – АТБ «Агробанк», жавобгарлар эса АТБ «Ўзсаноатқурилишбанк», «Зокиржон қизи Асалхон» масъулияти чекланган жамияти ва «DEAR PLACE» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти. Суд низони атрофлича кўриб чиқиб, иш ҳужжатлари ва иштирок этувчи шахсларнинг важларини бирма бир текширгач, хулоса қилди…
Гап шундаки, Мактабгача таълим вазирлиги (давлат шериги) ва «DEAR PLACE» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти (хусусий шерик) Президентнинг 2018 йил 5 апрелдаги «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда у билан тасдиқланган «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Низом талабларидан келиб чиқиб, 2019 йил 6 майда ўзаро давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим имзолаган. Унда Касби тумани Оққамиш маҳалласи ҳудудида жойлашган ер майдонида 100 ўринли нодавлат таълим ташкилотини инвестиция киритиш асосида ташкил этиш белгиланган. Кўрсатилишича, лойиҳанинг умумий қиймати 3 203 561 281 сўм бўлиб, шундан 2 180 000 000 сўми имтиёзли кредит маблағлари ва 1 023 561 281 сўми хусусий шерикнинг инвестиция мажбурияти тарзида молиялаштирилиши назарда тутилган.
Шундан қилиб, «DEAR PLACE» НМТТ масъуллари АТБ «Агробанк» Касби филиалига давлат-хусусий шериклик битими доирасида кредит маблағи ажратиш бўйича мурожаат қилади. Ушбу молия ташкилоти кредит комиссиясининг 2020 йил 6 ноябрдаги 1-сонли мажлиси қарорига кўра, субъектга 15 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик фоиз устама тўлаш шарти асосида 2 180 000 000 сўм миқдорида кредит маблағи ажратиш белгиланади. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллик шартномаси, Касби тумани Дўстлик маҳалласида жойлашган Ҳасанов Зокир Иззатуллаевичга тегишли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси кредитни қайтариш таъминоти сифатида қабул қилинади. Шунингдек, ташкил этилажак нодавлат таълим ташкилоти биноси ҳам фойдаланишга топширилганидан сўнг банкка гаров учун тақдим этилиши келишилган.
2020 йил 16 ноябрда шу талаб ва шартлар асосида «DEAR PLACE» НМТТ ва АТБ «Агробанк» Касби филиали ўртасида кредит шартномаси имзоланиб, кредит ажратилган. Бундан ташқари, кредит битими юзасидан жамғарма, банк ҳамда НМТТ ўртасида 2020 йил 4 декабрда 2020/К-4967-сонли уч томонлама кафиллик шартномаси тузилган.
Ана шу тарзда молиялаштирилган маблағлар эвазига қурилган нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 2022 йилда қуриб битказилиб, ўша йили 3 августда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ва кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган. Табиийки, ушбу бино «DEAR PLACE» НМТТ ва АТБ «Агробанк» Касби филиали ўртасида 2020 йил 16 ноябрда имзоланган кредит шартномаси шартларига асосан гаров объекти ҳисобланган.
Энг қизиғи, уни энди бошқа банк гаровга олиши мумкин бўлмасада, 2022 йил 15 сентябрда АТБ «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «ZOKIRXON QIZI ASALXON» масъулияти чекланган жамияти ўртасида тузилган 1218-сонли кредит шартномаси (сумма 1 365 673 150 сўм) асосида 16 сентябрда расмийлаштирилган ипотека шартномасида ўша 100 ўринли давлат-хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти бино иншоотлари эгаллаган ер майдонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан бирга гаров таъминоти сифатида кўрсатилган. Бу очиқчасига амалдаги қонун ҳужжатларига зид ҳаракат ҳисобланади.
Даъвогар – АТБ «Агробанк»да ана шу важ бор. Судга жавобгар сифатида жалб этилган АТБ «Ўзсаноатқурилишбанк», «Зокиржон қизи Асалхон» масъулияти чекланган жамияти ва «DEAR PLACE» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти масъуллари эса даъвога қарши ўз қарши позицияларини билдирган.
Жумладан, «Ўзсаноатқурилишбанк» вакиллари даъвони асоссиз санаб, молия ташкилоти ўз мижози билан тузган ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топишга асослар йўқлигини айтган ҳолда шартнома тарафлар ўртасида ихтиёрий тузилгани, Мактабгача таълим вазирлиги шартнома тузишга розилик бергани, нотариал ҳаракат қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилгани билан боғлиқ важларни келтиришди.
Якунда суд ҳайъати маслаҳатхонадан чиқиб, қабул қилинган қарорни эълон қилди: жавобгарлар АТБ «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «ZOKIRXON QIZI ASALXON» масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2022 йил 16 сентябрда расмийлаштирилган ипотека шартномаси ҳақиқий эмас деб топилсин!
Бундай хулосага келиш учун етарли асослар бор, албатта.
Биринчидан, нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биноси «DEAR PLACE» НМТТ ва АТБ «Агробанк» Касби филиали ўртасида тузилган 2020 йил 16 ноябрдаги кредит шартномаси талаб ва шартларига кўра, аллақачон гаров объекти бўлган.
Иккинчидан, «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонуннинг 33-моддасига кўра, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқларини ўтказиш пайти, хусусан: давлат-хусусий шериклик объекти фойдаланишга топширилган пайт; давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати тугалланган пайт; давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган бошқа вақт кўрсатилиши керак.
Бинобарин, Мактабгача таълим вазирлиги ва «DEAR PLACE» НМТТ ўртасида 2019 йил 6 майда имзоланган ўзаро давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим 4.1-бандида мазкур ҳужжат имзоланган кундан бошлаб кучга кириши ва 30 (ўттиз) йил давомида (2049 йилгача) амал қилиши кўрсатилган. Бироқ давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқларини ўтказиш пайти ёки белгиланган бошқа вақт кўрсатилмаган.
Демак, мазкур ҳолатда жавобгар, яъни «DEAR PLACE» НМТТга давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқи ўтказилмаган.
Бундан ташқари, «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Низомда «Битим амал қилиш муддати давомида хусусий шерик томонидан унга тегишли бўлган мулкни тасарруф этиш, шу жумладан бошқа мажбуриятлар бўйича гаровга қўйиш ман этилади (ушбу низомнинг 12-13-бобларида кўрсатилган шакллардан ташқари), бундан хусусий шерик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ алмаштирилиши мустасно» эканлиги белгиланган.
Мактабгача таълим вазирлиги ва «DEAR PLACE» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўртасида имзоланган ўзаро давлат-хусусий шериклик тўғрисида битимда фаолияти давомида қонун ҳужжатлари, шу жумладан, давлат талабларига риоя этиш хусусий шерикнинг асосий мажбуриятларидан бири сифатида белгиланган. Бироқ НМТТ ушбу битим ва қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда ўз биносини учинчи шахслар фойдасига гаровга қўйган.
Кўриниб турибдики, АТБ «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «ZOKIRXON QIZI ASALXON» масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2022 йил 15 сентябрда имзоланган кредит шартномасини тузиш ва 16 сентябрдаги ипотека шартномасини расмийлаштиришда юқоридаги ҳолатлар эътибордан четда қолдирилиб, хатога йўл қўйилган. Энди эса улар асосида ажратилган 1 365 673 150 сўм миқдоридаги кредит маблағи гаров таъминотисиз қолди.
Хўш, бунга ким айбдор, кредит олувчими, унга ора кириб НМТТ биносини гаров учун тақдим қилган хусусий шерикми ёки тўпланган ҳужжатларни етарлича ўрганиб чиқмаган молия ташкилоти?
Суд ўзининг адолатли ва холис хулосасини берди. Қўшимчасига, низони кўриб чиқиш асносида хусусий ажрим чиқарди. Шубҳасиз, вақти-соати билан юқоридаги саволларнинг жавоблари ҳам ойдинлашади.
Аммо, айбсизлик презумпцияси принципи устуворлиги ва юқорида келтирилган далиларни тарозининг икки палласига қўйган ҳолда мушоҳада қилсак, кредит берган, кредит олган, мулкини гаровга қўйган ҳамда буни «қонунан тўғри» деб тасдиқлаб юборган ваколат эгалари энди ҳолатни қандай изоҳлар эканлар?
Ҳусан ТУРСУНОВ,
Қашқадарё вилояти суди судьяси, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори

