16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

ҚИЙИН АҲВОЛДАГИ ИНСОНГА УМИД БЕРИШ – БУ ШУНЧАКИ ХИЗМАТ ЭМАС…

Эътироф

Инсоннинг дардига қулоқ тутиш, эҳтиёжмандга елкадош бўлиш, оғир аҳволга тушиб қолган оила ёки бир одамга умид бериш – бу шунчаки хизмат эмас, балки юксак инсонпарварлик намунасидир. Бугун юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг бош мақсади ҳам айнан инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг фаровон ҳаёти учун муносиб шароит яратишдан иборат.

Шунга монанд, маҳаллаларда йўлга қўйилган ижтимоий хизмат тизими аҳолининг дарду ташвишларини яқиндан ўрганиш, эҳтиёжмандларга манзилли ёрдам кўрсатишда муҳим ўрин тутаётир. Бу тизимда фаолият юритаётган фидойи мутахассислар эса инсон тақдири учун масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Чироқчи тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг маҳаллада ижтимоий хизматни ташкил этиш шўъбаси бош мутахассиси Инобат Бутаева зиммасида катта масъулият бор. У самарали меҳнат қилса, юзлаб инсонлар тақдири, кўплаб оилалар ҳаётида ижобий ўзгаришлар юзага келади. Бинобарин, мутахассис ўз фаолияти давомида жойларда ижтимоий хизматларни самарали ташкил этиш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ижтимоий ходимлар фаолиятини мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Ана шулар асосида ижтимоий хизмат соҳасида фаолият юритаётган ходимларнинг малакасини оширишни ташкил этади. Натижада кўплаб ижтимоий ходимлар ўз касбий маҳоратини юксалтириб, аҳолига янада самарали хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлмоқда.

– Ҳар бир тренингни оддий маъруза тарзида эмас, балки ҳаётий мисоллар асосида ўтишга ҳаракат қиламан, – дейди Инобат Бутаева. – Чунки қонун нормаларини ўқиб беришнинг ўзи етарли эмас. Ижтимоий ходим ҳар бир вазиятда қандай йўл тутишни, инсон тақдирига бефарқ бўлмасдан, тўғри қарор қабул қилишни билиши керак.

Дарҳақиқат, ижтимоий хизмат соҳасидаги ҳар бир қарор инсон ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади. Шунинг учун бу вазифа эгаларидан фақат билим эмас, балки юксак масъулият, сабр ва меҳр-оқибат ҳам талаб этилади.

Навбатдаги тренинг машғулотида Инобат Бутаева иштирокчиларга ўз амалиётида учраган воқеалардан бирини мисол қилиб келтирди: «Туман маҳаллаларидан бирида ёш оила оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган эди. Ота ишсиз, оилада икки нафар кичик ёшли фарзанд бор. Моддий қийинчиликлар сабаб уларнинг турмуши анча мушкуллашган.

Ижтимоий ходимлар бу оилани ўрганиб, уларга манзилли ижтимоий ёрдам тайинланишига кўмаклашишди. Отага ўзига лойиқ иш топишида ёрдам берилди, болалар мактаб учун зарур ўқув қуроллари билан таъминланди. Орадан бир неча ой ўтиб, оиланинг турмуш шароити анча яхшиланди».

– Энг муҳими, уларда эртанги кунга ишонч пайдо бўлди, – дейди Инобат Бутаева. – Инсоннинг умидини тиклаш – ижтимоий хизматнинг энг катта ютуғи бўлади.

Мутахассис ўз фаолияти давомида «Инсон қадри улуғланган юрт!», «Инсон – инсонга кўмакчи» шиорлари остида ўтказилаётган  тарғибот тадбирлари ва амалиётларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Уларда аҳолига «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳақида батафсил маълумотлар берилади, зарур ёрдамлар кўрсатилади.

Инобат Бутаева ташаббуси ва таклифи асосида ижтимоий хизмат соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар учун «Ресурслар харитаси» яратилгани муҳим янгилик. Мазкур лойиҳа Ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг малакасини ошириш маркази томонидан амалга оширилиб, resurs.istc.uz платформаси ишга туширилди. Бугун бу платформа ижтимоий хизмат кўрсатиш жараёнида зарур бўлган ташкилотлар ва хизматлар ҳақида тизимли маълумот берувчи муҳим манбага айланган.

Мутахассис ўтган йилнинг 11-15 август кунлари Италиянинг Турин шаҳрида ташкил этилган «Enhancing social protection services in Uzbekistan» ўқув-тренингида иштирок этди.

– Ушбу сафар давомида Европа давлатларида ижтимоий хизмат қандай ташкил этилгани билан яқиндан танишдик, – дейди у. – Айниқса, кексаларга уй шароитида хизмат кўрсатиш, волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш ва соҳада рақамли технологиялардан фойдаланиш тажрибасини катта қизиқиш билан ўргандим.

Хориждан қайтгач, у ўрганган билим ва тажрибаларини маҳаллий мутахассислар билан баҳам кўришни бошлади. Унинг шу каби аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги самарали меҳнатлари давлат томонидан ҳам муносиб эътироф этилди. Инобат Бутаева Президентнинг    «8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

– Бу мукофот мен учун кутилмаган бўлди, – дейди у. – Лекин шу билан бирга янада масъулият билан ишлашга ундайди. Ростини айтсам, мен учун энг катта мукофот – одамларнинг дуоси. Баъзан бир кекса инсоннинг «Раҳмат, болам» деган самимий сўзи ҳар қандай мукофотдан ҳам қимматлироқ туйилади.

Ҳақиқатдан ҳам ижтимоий хизмат – бу фақат вазифа эмас, балки инсонпарварлик, меҳр ва сабрни талаб қиладиган шарафли йўлдир. Бу йўлни танлаган инсонлар жамиятда инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжмандларга елкадош бўлиш орқали юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Зеро, жамият тараққиёти – аввало инсонга бўлган эътибор ва ғамхўрликдан бошланади.

Шоҳиста БОЗОРОВА