Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!
Наврўз – шунчаки байрам эмас, балки минг йиллар давомида сайқалланиб келган улкан маданий манбадир. Тарихан бу кун нафақат табиатнинг уйғониши, балки адолат ва эзгуликнинг тикланиши рамзи сифатида талқин этилади.
Қадимги қўлёзмаларда Наврўзнинг келиб чиқиши асосан афсонавий подшоҳлар ва коинотнинг яратилиши билан боғланади. Абу Райҳон Беруний уни «олам яратилган кун» деб таърифлайди. Алломанинг ёзишича, айнан шу куни фалаклар (сайёралар) ўз ҳаракатини бошлаган. Шунингдек, у Наврўзни Жамшид номи билан боғлаб, шоҳ тахтга ўтирган ва оламга адолат таратган кун сифатида таърифлайди.
Умар Хайём эса «Наврўзнома» асарида Наврўзни йилнинг «юраги» деб атайди. Унинг таъкидлашича, қуёшнинг Ҳамал буржига кириши оламдаги барча мавжудотга янги жон бағишлайди. Шоир давлатнинг қудратини Наврўзни қандай кутиб олиш билан ўлчаган.
Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида туркий халқлар учун бу кун «Янги кун» ёки «Йил боши» бўлиб, табиатнинг тирилиши ва чорвачилик мавсумининг бошланиши сифатида нишонлангани баён этилади.
Гўзал ўхшатишлар

Адиблар ва мутафаккирлар Наврўзнинг моҳиятини очиб бериш учун гўзал ўхшатишлардан фойдаланишган: Алишер Навоий уни «Оламнинг ёшариши» деб атайди. Унинг наздида Наврўз кеча ва кундузнинг тенглашуви орқали «адолат тарозиси»ни эслатади.
Шарқ фалсафасида Наврўз – «Маънавий пок-ланиш» палласи. Яъни инсон қалбидаги гина-кудуратлар худди қишнинг қорлари каби эриб кетиши кераклигига қиёсланади.
Афсоналарда эса Наврўз – «Нурнинг зулмат устидан ғалабаси». Қиш (ўлим ва уйқу) устидан баҳор (ҳаёт ва ҳаракат) ғалаба қозониши.
Умумий мерос
Аслида ҳам уйғониш фаслининг муқаддимаси Наврўз – нафақат баҳорнинг келиши, балки табиатнинг қайта туғилиши, инсоният қалбидаги эзгулик ва янгиланиш истагининг олий ифодасидир. Илдизлари 3000 йилдан зиёд тарихга эга бўлган бу қадимий байрам замонлар ва сулолалар алмашса-да, ўз жозибасини йўқотмай, Марказий Осиёдан Яқин Шарққача, Кавказдан Болқон ҳудудларигача бўлган бепоён кенгликларда яшовчи халқларнинг умумий маданий меросига айланган.

Бугунги кунда Наврўз маҳаллий ёки маълум ҳалқлар байрами чегарасидан чиқиб, башарий қадрият сифатида тан олинган: 2009 йилда ЮНЕСКО Наврўзни Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритди.
2010 йилда эса БМТ Бош Ассамблеяси 21 мартни «Халқаро Наврўз куни» деб эълон қилди. Бу эътироф байрамнинг халқлар ўртасидаги тинчлик, ҳамжиҳатлик ва дўстликни мустаҳкамлашдаги ўрни ва мавқеини белгилайди.

Маданий ранг-баранглик ифодаси
Наврўз маданий ранг-барангликни ҳам ифода этади. Турли халқлар байрамни нишонлаш асносида унга оид машҳур анъаналарини намойиш қилади. Масалан ўзбек халқида Наврўз чинакам халқ сайлидир. Унинг марказида сумалак тайёрлаш маросими туради. Тўп-тўп бўлиб йиғилган аёлларнинг тун бўйи қозон атрофида айтган лапарлари, эзгу ниятлари жамиятдаги жипсликни ифодалайди. Миллий ўйинлардан кўпкари, кураш, дорбозлик ва от пойгалари байрамнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Туркманларда «Novruz bayramy» янги деҳқончилик йилининг дебочасидир. Унда тайёрланадиган семене (ўзбек сумалагига ўхшаш таом) ҳосилдорлик рамзи ҳисобланади. Дала ишларини бошлаш олдидан ўтказиладиган оммавий сайиллар ва ахалтеке отлари иштирокидаги пойгалар байрамга ўзгача шукуҳ бағишлайди.

Қозоғистонда «Наурыз», Қирғизистонда «Нооруз» деб аталувчи бу айёмда асосий эътибор Наурыз кўже (ёки сумолок) таомига қаратилади. Таомга солинадиган 7 хил маҳсулот (сув, гўшт, туз, дон, сут, ёғ, ун) келгуси йилнинг тўқчиликда ўтишига ишорадир. Одамлар «Киiз уй» (ўтов)ларда меҳмон кутадилар.
Озарбайжонда Наврўзга тайёргарлик бир ой олдин бошланиб, тўрт чоршанба (сув, олов, шамол, ер) алоҳида нишонланади. Уларда олов устидан сакраш эски йилнинг ғам-андуҳларини ёқишни, шекарбура ва пахлава – дастурхоннинг кўрки бўлган бу ширинликлар ой ва юлдуз рамзларини ифодалайди.
Байрамнинг биринчи куни одамлар дарё ёки булоққа бориб, унинг сувини бир-бирларига сепадилар. Чунки озарлар сувни поклик ва тозалик рамзи сифатида билишади. Улар Янги йилда бир-бирларига бахт-саодат тилайдилар, яқин инсонларини ширинликлар билан меҳмон қиладилар. Наврўз куни албатта ширинлик истеьмол қилиш уларнинг азалий одати ҳисобланади.

Форслар (Эрон)да Наврўз – расмий янги йил. Дастурхонга «с» ҳарфи билан бошланувчи 7 та таом қўйилади: олма (сиб), ундирилган дон (сабзе), сирка (серке), жийда (сенжет), танга (секке), саримсоқ пиёз (сир), сумалак (саману). Олма – гўзаллик, ундирилган дон – уйғониш, яшариш, сирка – узоқ умр, сабр-бардош, жийда – севги-муҳаббат, танга – бойлик ва фаровонлик, саримсоқ пиёз – саломатлик, сумалак – тўқчилик рамзи ҳисобланади. Байрамнинг 13-куни «Сиздаҳ бедар»да ҳамма табиат қўйнига чиқади.
Шунчаки тақвимдаги сана эмас
Шунингдек, Наврўз турли этник гуруҳларда ҳам нишонланади. Уйғурлар бу байрамда катта жамоавий сайиллар уюштиради, уларда миллий рақслар намойиш этилиб, баҳор таомлари пиширилади.
Татарлар Наврўзда қишни кузатиш ва баҳорни қаршилашга бағишланган халқ ўйинларини катта қизиқиш билан уюштиришади.

Пуштунларда «ҳафт мева» – қуритилган узум (майиз), қуритилган жийда, Антеп пистаси, туршак, ёнғоқ, бодом, олхўридан таом ва ичимликлар тайёрлаш, бўзкаши (кўпкари) мусобақаси уюштириш анъаналари бор.
Наврўзда балужлар миллий либосларда рақсларга тушишади, чорвачилик мавсумининг очилишига бағишланган урф-одатларини бажарадилар.
Бу байрамда курдларнинг тоғ чўққиларида гулхан ёқиши – эркинлик ва зафар рамзи ҳисобланади.
Шундай экан, Наврўз – шунчаки тақвимдаги сана эмас. У инсоннинг табиат билан уйғунлигини, кечиримлиликни ва бағрикенгликни тарғиб қилувчи маънавий кучдир. Турли халқлар уни ўз тилларида, ўзгача таомлар билан нишонласа-да, барча учун мақсад ягона: тинчлик, қут-барака ва янгиланиш. Бу байрам инсониятнинг энг қадимий ва энг замонавий маданий кўприги бўлиб қолаверади.
Уйғониш палласи
Баҳорнинг илк нафаси кезиши билан она ер қайтадан чирой очади, табиат ўзининг яшил либосини кия бошлайди. Бу жараён шунчаки фасллар алмашинуви эмас, балки ҳаётнинг қайта туғилиши, эзгуликнинг ёвузлик, нурнинг зулмат устидан қозонган абадий ғалабасидир.
Хўш, нега айнан 21 март?

Маълумки, қадимги халқлар самовий жисмлар ҳаракатини бугунги кундагидан кўра теранроқ ҳис қилишган. Наврўз ва унга ўхшаш байрамларнинг замирида эса баҳорги тенгкунлик ҳодисаси ётади. Бу куни Қуёш маркази Ер экваторини кесиб ўтади. Натижада Ернинг шимолий ва жанубий ярим шарлари бир хил миқдорда ёруғлик олади. Кун ва туннинг 12/12 нисбатда тенглашиши қадимги инсон учун адолат, вазминлик ва коинот тартибининг олий рамзи бўлиб хизмат қилган.
Астрономик нуқтаи назардан, айнан шу кундан бошлаб шимолий ярим шарда кун узая бошлайди. Бу эса табиатда фотосинтез жараёнини жадаллаштириб, ҳаётнинг янги куч билан уйғонишига сабаб бўлади.
Турфа ва ўхшаш талқинлар
Дунёнинг турли нуқталарида турфа номлар билан нишонланадиган Наврўзга ўхшаш байрамлар ҳам кўп экан. Улардаги табиатнинг уйғониши ва тенгликни ифода этувчи маданиятлар ўхшаш талқинлар сифатида кўрилади.
Масалан, Хитойда нишонланадиган Чуньцзе байрами қишнинг тугаши ва баҳорнинг келишини англатиши билан Наврўзга ўхшаш. Яна Наврўздаги ҳашар қадрияти каби Хитойда ҳам уйларни чиннидай тозалаш анъанаси бор. Чуньцзе моҳиятида эски йил ғуборларидан қутилиш ва оилавий жам бўлиш ҳаракати ётади.

Славьян халқларининг Масленица байрамида қиш устидан баҳорнинг ғалабаси тантана қилинади ва оммавий сайиллар уюштирилади. Яна бир ўхшашлиги – Наврўзда Қуёш тимсолида нонлар ёпилса, Масленицада Қуёш рамзи бўлган қуймоқлар тайёрланади.
Ҳиндистонда ранглар ва қувонч байрами сифатида нишонланадиган Холидан ҳам Наврўз билан ўхшашликни топиш мумкин. У баҳорги тенгкунликка яқин вақтда нишонланаши, гулхан ёқиш орқали ёмонликлар куйдирилиши, одамлар бир-бирини кечириши, ранглар сепиш орқали ижтимоий табақаланиш унутилиб, ҳамма тенг бўлиши ана шулар жумласидан.
Пасха – бу байрам ҳам баҳорги тенгкунлик билан чамбарчас боғлиқ ҳолда белгиланади. Наврўз таомлари ичида бўладиган рангланган тухумлар ҳаёт манбаи, коинотнинг яралиши ва янгиланиш рамзи бўлса, улар Европа ва Христианлик (Пасха)да ҳаётнинг қайта туғилиши ва тирилиш рамзи сифатида талқин этилади.
Рамзлардаги сирли мутаносиблик
Баҳор билан боғлиқ байрамларда дунёнинг турли чеккаларида учрайдиган тухум бўяш ёки олов ёқиш анъаналари шунчаки тасодиф эмас, балки теран мифологик илдизларга эга. Космик тухум: нафақат Наврўз ёки Пасхада, балки қадимги Миср ва Бобил мифологиясида ҳам дунё «Космик тухум»дан пайдо бўлган деган қараш бор. Тухумнинг ташқи пўсти – осмон, ичидаги сариғи – қуёш, оқи эса – сув ва ҳаво деб талқин қилинган. Бу янги ҳаётнинг бошланиш нуқтасидир.

Олов ва Қуёш: Масленицадаги гулхан, Холидаги «Холика» ва Наврўздаги (айрим ҳудудларда сақланиб қолган) оловдан сакраш маросимлари – ерда Қуёшнинг кичик нусхасини яратишдир. Бу орқали инсонлар совуқ ва зулматни ҳайдаб, ерга илиқлик чақиришган.
Муштарак қадриятлар
Наврўздаги сув сепиш анъанаси покланиш, эски гуноҳлардан фориғ бўлиш ва ризқ-рўз тилаш сифатида талқин этилади. Қизиғи, Таиланддаги Янги йил (Сонгкран – апрель ўрталарида нишонланади) ва Арманистондаги Вардавар байрамларида ҳам бир-бирига сув сепиш анъанаси учрайди.
Биз Наврўзда сумалак, кўк сомса пишириб, баҳор неъматларидан баҳрамандлик туйсак, Ирландларнинг миллий байрами – Сент-Патрик кунида яшил рангли рамзлар ва егуликлар орқали баҳор шарафланади.

Маълумки, Янги кун олдидан ён-атрофни обод қилиш, ҳамма ерларни саранжом-саришталаш минг йиллардан буён яшаб келаётган анъаналаримиз сирасига киради ҳамда жамият ва табиат уйғунлиги, янгиланишга тайёргарлик сифатида талқин этилади. Буни қарангки, Хитойда Янги йил олдидан «Фэн-шуй» қоидалари асосида уйни салбий энергиядан тозалаш одати шаклланган экан.
Бу қиёслаш шуни кўрсатадики, инсоният қаерда яшашидан қатъи назар, янгиланиш, покланиш ва табиатга эҳтиром каби туйғуларда бир хил мақсадни кўзлайди.
Бугун Наврўзнинг ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва маданий рангбаранглик руҳи, барчамизни бирлаштирувчи қадриятлари халқаро миқёсда улуғланмоқда. Шундай экан, ушбу айёмнинг инсониятга эзгу қадриятлар улашувчи, одамларни дини ва тилига қараб ажратмайдиган, тинчлик ва бирдамликка даъват этувчи ҳаётбахш кучи янада юксалиб бораверади.
Ўз мухбиримиз

