«Slow living» ёки «секин яшаш» – замонавий ҳаётдаги стресс ва тезкорликка қарши пайдо бўлган ҳаёт тарзи. Одамлар турмуш сифатини ошириш учун кам ишлаб, кўпроқ дам олиш, табиат билан яқин бўлиш ва руҳий саломатликка эътибор қаратишга интилмоқда. Халқаро институтлар таҳлиллари шуни кўрсатган.
Онгли ҳаёт – ҳар бир иш ва қарор чиқаришда хабардор, онгли бўлиш, мослашувчанлик ҳамда барқарорлик; минимализм ва кам истеъмол – моддий буюмларга эмас, фойдали ва зарур нарсаларга эътибор бериш; табиат ва экологик онг – яшаш муҳитига салбий таъсирни камайтириш, табиат билан уйғунликда ҳаёт кечириш; руҳий ва жисмоний саломатликка эътибор – стресс, депрессия ва burnout (жисмоний ва руҳий куч тугаб, ҳеч нарса қилишга хоҳиш қолмаган) ҳолатларини камайтириш учун медитация, машқлар ва соғлом одатларга одатланиш ушбу концепциянинг асосий элементлари саналади.
«Slow living» – бу энди фақат тренд эмас, балки замонавий инсоннинг ҳаётга, моддий ва маънавий барқарорликка муносабатини қайта кўриб чиқишидир. Бу инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигини муҳофаза қилади ва ҳаёт сифатини оширади.
Шу билан бирга, «секин яшаш» иқтисодий моделларга ҳам таъсир қилади: истеъмол пасаяди, минимализм ва экологик онг кучаяди.

