Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига
Амир Темур ўттиз беш йил давомида улкан салтанат барпо қилиш билан бирга, унинг равнақи учун катта бунёдкорлик фаолиятини ҳам олиб борди, Темурийлар ренессансининг пойдеворини яратди.
Соҳибқирон амирлик мансабида туриб давлатни девон хизмати воситасида бошқарган. Ҳарбий соҳа – амирлар, қонунчилик соҳалари – қозиликлар ва ислом дини тартиблари – шайхулислом ҳукмига ҳавола этилган, вақфларга садри аъзам мутасадди эди.
Мунтазам кенгашлар ўтказиларди ва муҳим масалалар бўйича вақти-вақти билан қурултойлар чақириларди. Бундай йиғинларда бирор-бир масала бўйича кўпчиликнинг фикри албатта инобатга олинган. Масалан, Амир Темур Дашти Қипчоққа Тўхтамишхон устига юришга отланганида аркони давлатнинг маслаҳати билан аввал Мўғулистонга юриш қилади. Ҳиндистонга юришида ҳам кенгаш қарорига амал қилган.
Амир Темур буюк салтанат тузгач, уни ҳудудий-маъмурий жиҳатдан вилоятлар ва туманларга тақсимлаб, идора қилишда суюрғол тизимидан кенг фойдаланди. Энг йирик ҳудудларни ўғилларига ёки невараларига бўлиб берганди. Ўзи эгаллаган мамлакатларнинг айримларини бошқаришни ўша жойнинг ўз ҳукмдорларига қолдирганди: Дашти Қипчоқ ва Жўчи улуси (Олтин Ўрда)ни Жўчихон авлодига, Рум мамлакатини Йилдирим Боязид авлодига, Миср мамлакатини эса Миср султонига.
Лашкар ўнлик тизимига асосланган эди: ўн минглик (туман), минглик (ҳазора), беш юзлик (қўшун), ўнлик (айл); таркиб жиҳатдан отлиқ ва пиёда қисмларга бўлинган. Ҳарбий юришга мукаммал салоҳият билан чиқилган; лашкар энг оддий аскар учун зарур нарсалардан тортиб, то сафар ва жанг чоғида ишлатиладиган техник воситаларгача ҳамда керакли озиқ-овқат захиралари билан таъминланган. Юришда ҳам, жангга киришилганда ҳам интизомга қаттиқ риоя қилинган ва уни бузганлар мавжуд қонун-қоидаларга кўра жазоланган, ҳеч кимга истисно қилинмаган. Амир Темур ҳатто Умаршайхнинг ўғли, яъни набираси амирзода Искандарни гуноҳи (ўзбошимчалик билан Кошғар томонларга чопқин қилгани) учун қонун ҳукмига топшириб, олий девонда сўроқ қилдиргани ва калтаклатгани ҳам тарихчилар томонидан қайд этилган.
Амир Темурнинг жанговар лашкари ўзига хос тартибда етти қисмга бўлинганди: асосий қисм – марказ (қалб), ўнг қанот (баронғор), чап қанот (жувонғор), қанотлар олдида қўшимча қўриқчи қисмлар (илғор, яъни авангард), иккала ён томонда биттадан қўриқчи қисм (қунбул). Лашкар қисмларини синовларда муваффақиятли ўтган садоқатли жасур ва тажрибали саркардалар бошқарган. Улар таркибида Соҳибқироннинг ўғиллари ва неваралари ҳам бор эди.
Cоҳибқирон Амир Темур улкан давлат барпо этиш билан бирга, унинг сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий салоҳиятига ҳам катта эътибор қаратганини кўрамиз. У нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун давлати ҳудудида ободончилик ишларини амалга оширган. Кўплаб катта ва кичик шаҳарлар, қўрғонлар, карвонсаройлар, бозорлар, работлар, янги суғориш тармоқлари яратиб, экинзорларни кенгайтириш, боғ-роғлар барпо қилиш, масжидлар, хонақоҳлар, яқинлари ва улуғ шахслар қабрлари устига қурилган мақбаралар Соҳибқирондан тарих зарварақларида қолган ёдгорликлардир.
Ҳофизи Абрунинг ёзишича, Соҳибқироннинг бунёдкорлик фаолиятига эргашиб бошқалар ҳам бу ишга ўз ҳиссаларини қўшганлар: «Амирлар, аркони давлат, оқолар ва фарзандлар онҳазратга эргашиб ҳар бири ул диёрда мадрасалар, масжидлар ва хонақоҳлардан иборат ўз биноларини қурдилар ҳамда улар учун обод ерлар ва кўчмас мулкларни вақф қилиб, олимлар, зоҳидлар ва обидларга маош белгиладилар». Темурийлар даврида иморатлар, айниқса, кўшклар, аксари икки (баъзан уч) қаватли бўлгани сабабли, мавжуд синчли қилиб, лойдан қуриш анъанасидан фарқли ўлароқ, пишиқ ғиштдан ҳам қурилганини Ҳофизи Абру алоҳида таъкидлайди.
«Шаҳар боғлар ва узумзорлар билан ўралган, улар баъзи жойларда бир икки лига (5-10 километр) масофагача ястанган. Шаҳардан кўра, унинг девори ташқарисида аҳоли кўпроқ жойлашган. Шаҳар атрофидаги боғларда ҳашаматли саройлар қурилган, уларнинг бир қисми Амир Темурга тегишли; ундан ташқари, бу боғларда шаҳар зодагонларининг ҳам ўз кўшк-саройлари бор», деб ёзади Клавихо. Бир қисм шаҳарлар Буюк Ипак йўли ва унинг тармоқлари устида жойлашган эди.
Табиийки, энг катта ободончилик ишлари Амир Темур давлатининг пойтахти Самарқанд шаҳри ва атрофларига тўғри келади ва бунда шаҳарнинг қулай географик ўрни, табиати, хўжалик ривожи учун шарт-шароити муҳим ўрин эгаллаган.
Амир Темурнинг ободончилик ишлари қаторида, айниқса, ўтганлар руҳини шод этиб қурдирган мақбаралари алоҳида эътиборга молик. Улардан баъзилари бизнинг давримизгача сақланган.
Самарқандда – Шоҳи Зинда ёдгорлигида, Қусам ибн Аббос меъморий мажмуидаги Амир Темурнинг опаси Қутлуғ Туркон оқа, синглиси Ширинбека оқа, маликалар Ўлжой Туркон оқа ва Туман оқа мақбаралари, Гўри Амир, Руҳобод (шайх Бурҳониддин Соғаржий мақбараси), Шаҳрисабзда – Дор ут-тиловат меъморий мажмуаси (шайх Шамсиддин Кулол қабри устига тикланган гумбазли мақбара; 1374 йили Амир Темур унинг ёнига янги мақбара қурдириб, отаси Амир Тарағайнинг қабрини ҳам шу ерга кўчиртирди, қабристон, Жомеъ масжиди), ундан шарқда иккинчи меъморий мажмуа – Дор ус-сиёдат, шаҳарнинг жануби-шарқий қисмида Ҳазрати Имом мақбараси ва бошқалар; Бухорода – Сайфиддин Бохарзий ва Баёнқулихон мақбаралари; Туркистонда – хожа Аҳмад Яссавий хонақоҳ-мақбараси Амир Темур бунёдкорлигининг ўзига хос намунаси саналади.
Клавихо «Кундалиги»да Кеш оқар сувлар, ўтлоқлар, боғ-роғлар, экинзорлар, гавжум қишлоқлар ўрамидаги обод катта шаҳар эканлиги, унинг қўрғон девори (узунлиги тахминан 5 километр), миноралари ҳамда чуқур хандақи борлиги, шаҳар дарвозалари олдида хандақ устига кўтарма кўприклар қурилгани айтилган.
Лекин энг муҳими, Кеш шаҳрида Амир Темур фармони асосида барпо этилган турли иморатлар, айниқса, Оқсарой мажмуаси тафсилоти бўлиб, улар ўша давр бошқа манбаларида учрамайди. Оқсарой мажмуаси ҳақида Клавихо: «Бу қаср (Темурбек) шу пайтгача барпо этган иморатлар ичида энг муҳташамидир», деб тўғри қайд этган. Заҳириддин Бобур: «Мунча олий тоқ оламда кам нишон берурлар. Дерларким, Кисро тоқидин бу буюкроқдир», деган эди бу ҳақда.
Клавихо Кешдаги 20 йил давомида қурилган кўшкларнинг ҳашаматига баҳо берар экан, Парижнинг моҳир усталари ҳам бу зийнатларни кўрганда ҳайратга тушишини таъкидлаб ўтади.
Айтиш лозимки, Амир Темурнинг бунёдкорлик фаолияти фақат қурилиш ишлари билан чекланган эмас, айни пайтда у илм-фан ва маданият ривожи, авлод баркамоллигига ҳам катта эътибор берди. Айниқса, илм аҳлини юксак қадрларди. Соҳибқироннинг ўзи ҳам илмнинг бир қанча соҳаларидан яхши хабардор эди. Тарихчи Ҳофизи Абрунинг «Зубдат ат-таворих» асарида ёзилишича, Амир Темур болалигидаёқ тенгқурлари орасида зеҳни ўткирлиги ва сабоқни яхши ўзлаштириши билан ажралиб турган. У кейинчалик ҳам билимини ошириб борган.
Илм аҳлининг турли вакиллари, айниқса, тарихчилар, тиббиёт ва нужум соҳалари билимдонлари (тарихчи Ҳофизи Абру, дипломатлар Шамсиддин Олмолиғий ва мавлоно Абдуллоҳ ал-Кеший, мунажжим Абдуллоҳ Лисон, табиб мавлоно Фазлуллоҳ Табризий ва бошқалар) Соҳибқиронга сафарларда ҳамроҳлик қилганлар. Амир Темур тарих фанини, айниқса, халқлар, элатлар тарихини жуда яхши билган, ўзи мунтазам ташкил қилиб турган илмий мажлислардаги мунозараларда фаол қатнашган. Ҳофизи Абру таъкидлашича, бундай илмий баҳсларда Соҳибқирон ўзини жуда оддий тутаркан ва шу даражада киришиб кетарканки, даврадагилар унинг ҳукмдор эканлигини ҳам унутиб қўярканлар. Араб тарихчи олими Ибн Халдун ҳам Дамашқ остонасида Соҳибқирон билан учрашиб суҳбатлашганида, унинг билим доирасининг кенглигига таҳсин айтганди.
Амир Темур ўз авлодларининг ҳам илмда баркамол бўлмоқлари учун ҳар томонлама ҳаракат қилган. Ўша даврда ёш авлоднинг таҳсили учун бир қанча шаҳарларда мадрасалар қурилган. Самарқандда Сароймулк хоним томонидан барпо этилган мадраса энг муҳташам эди. Тарихчи Шарафуддин Али Яздий унинг номини «Сароймулк хоним мадрасаси» шаклида қайд этган. Юксак эътибор натижаси ўлароқ, темурийлардан машҳур олимлар, хаттотлар, шоирлар етишиб чиқди ва улар тарихда яхши маълум.
Соҳибқирон салтанатида фаннинг турли йўналишлари билан бир қаторда амалий санъат, хаттотлик, китобат, адабиёт, мусиқа каби соҳалар ҳам ривожланди. Амир Темур ўз салтанатидаги барча халқ-элатларнинг маданияти, санъати ривожига ҳам эътибор берган. Етти йиллик юришдан сўнг Соҳибқирон фармони билан Самарқанднинг Конигил ўлангида катта тўй ўтказилган ва унда ҳар хил элат вакиллари ўзларининг санъатларини намойиш этганлар.
«Оламнинг турли тарафларидан йиғилган, тиллари ва кийимлари бир-бирларидан фарқли ҳар қайси мамлакат созандалари, ҳар бир иқлимнинг санъат аҳллари-ю ҳунар соҳиблари гуруҳ-гуруҳ бўлишиб, ҳар диёрнинг ўзида расм ва одат қилинган зеб-зийнат буюмлари, тақинчоқлари, кийим-кечак ва матолари билан ясаниб, ўзларига оро бердилар. Хушнағма созандалар ва хушовоз хонандалар форс тариқасида, ажам тартибида, араб қоидасида, турк йўсунида, мўғул аёлғусида, хитой русумида, алтой услубида соз чалмоқ, ашула айтмоқ ва оҳанг боғламоқ ила машғул эдилар», деб ёзганди Ҳофизи Абру бу ҳақда. Муболаға бўлмаса, Соҳибқирон ўтказган мазкур тадбирни жаҳон халқларининг ўзига хос санъат фестивали дейиш мумкин.
Хаттотлик санъатига Амир Темур алоҳида эътибор қаратган ва ўша даврдан сақланиб қолган қўлёзма асарлар, иморатлар пештоқлари ҳамда деворлари, қабртошлардаги битиклардан ўрин олган чиройли катибалар бунинг ёрқин мисолидир.
Соҳибқироннинг турли ҳукмдорларга йўллаган мактублари ҳам моҳир хаттотлар томонидан ёзиларди (ҳуснихатда донг таратган мавлоно Шайх Муҳаммад томонидан ёзилиб, Миср подшосига йўлланган мактуб шу жумладан).
Қўлёзма китоблар яратишда кенг оммалашган настаълиқ хат тури ҳам Амир Темур салтанатида Мир Али ибн Ҳасан ас-Султоний Табризий томонидан яратилганди. Бетакрор ҳуснихат соҳиблари Соҳибқироннинг авлодлари орасида ҳам бўлган: неваралари – Муҳаммад Султон, Мирзо Бойсунғур, Иброҳим Султон; подшоҳ Заҳириддин Бобур эса янги хат тури – хатти бобурийни яратди.
Бир сўз билан айтганда, Амир Темур тарихда ўчмас из қолдирган йирик давлат арбоби, моҳир саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси, ҳозирги вақтда жаҳон маданиятида эътироф этиладиган Темурийлар ренессанси асосчиси эди.
Омонулло БЎРИЕВ,
тарих фанлари доктори

