Россияга ишлаш учун келган хорижлик мамлакатдан чиқариб юборилади. Бу ҳақда Ura.ru манбаси суд ҳужжатларига таяниб маълум қилган.
Нашр маълумотларига кўра, муҳожир Ханти-Манси автоном округида сменада ишлаган. У иш берувчи ҳудудида жойлашган ётоқхонада намоз ўқиган. Шунингдек, хонаси эшигига намоз вақтлари жадвали ва араб тилидаги матнни илиб қўйган.
«Суд унинг ҳаракатларини миссионерлик фаолияти сифатида таснифлаб, қонун талабларини бузиш деб баҳолади», дейилади хабарда.
Муҳожир 30 минг рубль (4 миллион 770 минг сўм атрофида) жаримага тортилган. Бундан ташқари у мамлакатдан мажбуран чиқариб юборилади. Суд қарори аллақачон кучга кирган.

