Қарор ва ижро
Қарши шаҳридаги Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникуми қошида ёшларни халқаро стандартлар асосида хорижий тиллар ва касб-ҳунарга ўқитишга ихтисослашган Таълим ва технологиялар маркази ташкил этилмоқда.
Президентнинг «Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-96-сон қарори ижроси доирасида фаолияти йўлга қўйилаётган марказ вилоятда халқаро стандартлар бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш; ёшларнинг хорижий тилларни билиш даражаси ва профессионал маҳоратини ўстириш; касбий таълим ташкилотларининг моддий-техник ва методик базасини замон талабларига мослаштириш; юқори малакали ишчи кучи ҳисобига инвестициявий жозибадорликни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Вилоят ҳокимининг 2026 йил 14 апрелдаги «Қашқадарё вилоятида Таълим ва технологиялар марказини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан янги марказ фаолиятини йўлга қўйиш бўйича концепция ва унинг низоми тасдиқланди.
Концепцияда қайд этилганидек, марказ ўз олдига ички ва ташқи меҳнат бозорининг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, вилоят ёшларининг халқаро миқёсда касбий рақобатбардошлигини ошириш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги инновацион кўприкни яратиш мақсадини қўяди. Бунинг учун фаолиятга халқаро таълим дастурларини татбиқ этади; касбий таълим ташкилотлари педагогларини янги методикалар ва рақамли технологиялар асосида қайта тайёрлайди; хориждан мутахассислар жалб қилган ҳолда интенсив тил курсларини ташкил қилади; техникумлар учун замонавий ўқув-лаборатория базаларини яратиш бўйича ягона методик марказ функциясини бажаради.
Марказ низомида унинг фаолияти вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Касбий таълим ва меҳнат миграциясини ривожлантириш жамғармаси» маблағлари; шартнома асосида кўрсатиладиган таълим ва сервис хизматларидан тушумлар; хорижий грантлар, донорлик маблағлари ва ҳомийлик хайриялари; тижорат фаолияти ва инвестициялардан олинадиган ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа даромадлар ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.
Вилоятда таълим, технология ва халқаро меҳнат бозори интеграциясини таъминловчи инновацион тизимни яратиш, ёшларни жаҳон стандартлари талаблари даражасидаги мутахассислар этиб тайёрлашни ўзига бош мақсад қилиб оладиган марказ профессионал таълим тизими раҳбар ва педагог ходимларини янги авлод технологиялари асосида қайта тайёрлайди, хорижий компаниялар ва иш берувчилар сўрови асосида кадрларни танлаб олади, касбга тайёрлайди ва уларнинг бандлигига кўмаклашади.
Шунингдек, ривожланган давлатлар (Германия, Япония, Жанубий Корея) иш берувчиларининг талаблари асосида мақсадли таълим буюртмасини шакллантиради ва номзодларни кафолатланган иш ўринлари билан халқаро бозорга чиқаради; вилоятдаги барча касбий таълим ташкилотларининг лаборатория ва устахоналари учун ягона технологик талабларни белгилайди, уларни халқаро сертификациядан ўтказишга кўмаклашади; техникум ўқитувчиларини хорижий мутахассислар иштирокида «Master Coach» (халқаро даражадаги тренер) даражасигача тайёрлайди ва уларга халқаро дарс бериш ҳуқуқини берувчи лицензиялар олишда кўмаклашади; вилоятдаги техникумларнинг моддий-техник базасини модернизация қилиш бўйича экспертлик хулосаларини беради.
Халқаро ҳамкорлик ва лойиҳалар доирасида марказ ўз фаолият йўналишлари бўйича хорижий давлатларнинг таълим ташкилотлари, илмий марказлари ва компаниялари билан алоқалар ўрнатиши, хорижий ўқитувчи ва экспертларни жалб қилиши, хорижий давлатларда малака ошириш курсларини ташкил этиши, халқаро грант танловларида иштирок этиши кўзда тутилган.
Янги марказ ўзида йўлга қўйиладиган таълим хизматлари ва консалтинг учун тўлов миқдорини мустақил белгилайди ҳамда унинг фаолиятини вилоят касбий таълим бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлиги билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган директор бошқаради.
Тан олиш керак, Қашқадарё мамлакатимиздаги аҳолиси вакиллари меҳнат миграциясига энг кўп чиқадиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Шу йўлда алданиб қолганлар, одам савдоси қурбонига айланганлар, хорижда ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилиб, иш ҳақларини ололмай сарсон бўлганлар, ноҳақлик ва адолатсизликка учраганлар ҳам топилади. Шубҳасиз, вилоятда янги марказ ва сал аввалроқ ташкил этилган «Касбий таълим ва меҳнат миграциясини ривожлантириш жамғармаси» ҳудудда тартибли меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнаб, хорижда ишлаш истагидаги ёшларнинг юқорида айтилгани каби ҳолатларга тушиб қолиши олдини олиш учун асқатади.
Ўз мухбиримиз

