Топшириқ ва ижро
Қашқадарёда ҳафтанинг бир куни «вилоятда ёш терговчилар, профилактика инспекторлари, йўл-патруль ва патруль-пост хизматлари ходимларини ўқитиш, касбий ва муомала маданиятини юксалтириш куни» деб белгиланади.
Шунингдек, аҳоли билан энг кўп мулоқотда ишлайдиган субъектлар – Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси, вилоят солиқ, соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарида ҳам Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, олий таълим ҳамда бошқа масъул ташкилотлар билан биргаликда ана шундай тизим йўлга қўйилади.
Бу ҳақда вилоят ҳокимининг Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 13 мартда ўтказилган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, бу борада мутасадди раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, шунингдек, одамларнинг давлат органларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш мақсадида чиқарган фармойишида кўрсатиб ўтилган.
2026 йил 25 апрелда имзоланган мазкур ҳужжатга асосан воҳада аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш ишларини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириб бориш бўйича вилоят ҳокимлиги ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарларини туман (шаҳар)ларга бириктириш жадвали ҳамда уларнинг вазифалари тасдиқланган.
Шунга кўра, улар ўзлари бириктирилган туман (шаҳар)ларга ҳар ҳафтада камида бир марта борган ҳолда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва уларни ҳал этиш жараёнларини ўрганади. Масъул раҳбарлар иштирокида танқидий муҳокама қилиб, мурожаатлар кўпайган маҳаллаларда шахсий ва сайёр қабуллар ўтказади. Ҳар ҳафта якунида аҳоли мурожаатларида кўтарилган муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилган ҳолда вилоят ва республика даражасида ҳал этиладиган масалалар юзасидан ёзма равишда вилоят ҳокимига таклифлар ҳамда ҳафталик ҳисоботлар киритиб боради.
Хабарингиз бор, видеоселектор йиғилишида Қашқадарёда ҳар ўн минг кишига ўртача 368 та ариза ва шикоят тўғри келаётгани, Ғузор, Қамаши, Деҳқонобод туманлари ва Қарши шаҳрида энергетика, йўл ва сув инфратузилмаси бўйича мурожаатлар кўпайгани қайд этиб ўтилганди.
Шунингдек, давлат раҳбари Халқ қабулхоналарини фақат ариза қабул қилувчи идора эмас, балки соҳа ва жойлардаги муаммоларга уларга тегишли масъул идораларнинг эътиборини тортадиган, улар билан биргаликда таҳлил ва ечим таклиф қиладиган марказга айлантириш бўйича янги тизим қандай ишлашини Қарши шаҳри мисолида тушунтириб берди. Масъуллар олдига биринчи ярим йилликда Қарши шаҳрини мурожаатлар билан ишлаш бўйича намунавий ҳудудга айлантириш вазифасини қўйди.
Вилоят ҳокимининг фармойиши билан ана шу топшириқ ижросини таъминловчи «Қарши шаҳри тажрибаси»ни яратиш бўйича вилоят штаби таркиби ва унинг вазифалари ҳам тасдиқланди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, туман (шаҳар)лар ҳокимлари, барча даражадаги ташкилотлар раҳбарларининг аҳоли мурожаатларида кўтарилган масалаларни ижобий ҳал қилиш билан бир қаторда, муаммонинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш асосий вазифаларидан бири эканлиги белгилаб қўйилди.
Ўз мухбиримиз

