Тақдимот
Қарши давлат университетида “Қашқадарёнинг фахрли фарзандлари” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда кенг жамоатчилик вакиллари, олимлар, ижод аҳли, нуронийлар ва ёшлар иштирок этишди.
Вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида, Саъдулла Бобоқулов муаллифлигида нашрга тайёрланган ушбу китоб-энциклопедия воҳа равнақига муносиб ҳисса қўшган ва эзгу-хайрли ишларда ибрат намуналарини кўрсатаётган чинакам фидойи инсонларга бағишланади.
Қайд этилганидек, Қашқадарё – ноёб табиий бойликлари, улкан саноат салоҳияти билан юртимизнинг бугунги ижтимоий-иқтисодий ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда. Ўз ўрнида, тарихи бир неча минг йилликларга туташ бу воҳа буюк ижодкорлар, маърифатпарвар алломалар, эл эъзозидаги фидойи инсонлар, довруқ таратган турли касб эгаларига бешик эканлиги билан ҳам эътиборга молик. Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Қашқадарё – қадимий ва табаррук замин, мард ва бағрикенг, меҳнаткаш ва лафзи ҳалол, ғурури баланд инсонлар юртидир”.

Бинобарин, “Қашқадарёнинг фахрли фарзандлари” китоб-энциклопедиясида Ўзбекистон Қаҳрамонлари, вилоятдан етишиб чиққан академиклар, илм-фан намояндалари, Иккинчи жаҳон уруши ва Афғон урушида жасорат кўрсатган жангчилар, меҳнат қаҳрамонлари, довруқ таратган раҳбарлар, жамоатчилик фаоллари, шунингдек, таълим, тиббиёт, адабиёт ва санъат, суд-ҳуқуқ, ОАВ, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда юқори натижаларга эришган, эл эътироф этган инсонлар, собиқ тузум даврида қатағон жабрини чеккан шахслар, ўз навбатида, тадбиркорлар, спортчилар, қўйингки, халқ фаровонлиги йўлида заҳматли йўлни босиб ўтган, ҳаёт синовларини мардонавор енгиб, бошқаларга ибрат ва ўрнак намуналарини кўрсатган бир қатор воҳадошларимиз ҳақидаги қомусий маълумотлар жамланди.
Эътиборга молик жиҳати, шу вақтгача айрим туман ва шаҳарларнинг машҳур кишилари ҳақида тўпламлар тайёрланган, лекин вилоят миқёсида бу қадар кенг мавзу ва даврни қамраб оладиган китоб чоп этилмаган экан – ушбу тўплам биринчиси!
– Қашқадарёнинг фидойи фарзандлари шу қадар кўп эканлигидан улар ҳақидаги маълумотларни бир ёки икки жилдга жамлаб бўлмаслиги ойдинлашди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари, сенатор Комила Каромова. – Шунга кўра, ушбу лойиҳа давомли бўлишига қарор қилинди: недир сабаб туфайли, дейлик, етарли маълумотлари бўлмаган, қайсидир фактлари аниқлаштирилиши вақт талаб этадиган ва шу боис дастлабки жилдга кирмай қолган кишилар кейинги китоблардан албатта жой олади.

Таъкидлаш ўринли, мутолаа жараёнида нафақат мамлакат, дунё миқёсида таниқли шахслар ва уларнинг натижалари ҳақида ўқий туриб, беихтиёр хаёлингизга “Қаранг-а, шундай кишиларни билмай юрган эканмиз!”, деган фикр келади. Шу маънода ушбу китобни айниқса ёшлар кўпроқ мутолаа этишлари, юқори натижалар, эъзоз ва шараф бирданига забт этиладиган марра эмаслигини, барчасига ҳалол меҳнат ва сабр-тоқат билан, босқичма-босқич эришилиши, ўз навбатида фидойилик ва жасорат ҳеч қачон унутилмаслигини билишлари даркор.

Тақдимотда сўзга чиққанлар китоб-энциклопедиянинг аҳамияти, воҳа ривожига ҳисса қўшган заҳматкаш ва фидойи инсонлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Б.САЙФИЕВ
Суратларда: тақдимотдан лавҳалар.

