Сараланган сатрлар
Уруш ҳақида сўз бораркан, одатда жанг майдонларида қурол кўтариб душманга қарши курашаётган эркаклар кўз олдимизда гавдаланади. Вазият тақозо этса наинки эркаклар, балки аёллар, ҳатто болалар ҳам қўлига қурол олиши мумкин. Дарҳақиқат, халқлар бошига бемисл кулфатлар солган Иккинчи жаҳон урушида биргина собиқ иттифоқ тарафдан 800 мингдан ортиқ аёл қуролли кучлар сафига жалб этилиб, улар ҳамшира, учувчи, мерган ва бошқа мутахассислар бўлишган. Ўзбекистондан эса 5 мингга яқин аёл урушда қатнашган ва улар орасида алоқачи, учувчи, мерган, зенитчи, тиббий ходим ва разведкачилар бор эди.
Қолаверса, фронтортида ҳам миллионлаб хотин-қизлар гарданига асосий юк тушиб, ғалабада уларнинг ҳам ҳиссаси ниҳоятда катта бўлган.
Урушнинг аёл қисматига, руҳиятига таъсири ҳақида кўп асар ёзилмаган. Бу борада Беларус адибаси Светлана Алексиевичдан ўтадигани йўқ, десак, муболаға бўлмайди. Унинг бадиий-ҳужжатли наср намуналари юқори баҳоланиб, 2015 йилда адабиёт соҳасида Нобел мукофоти билан тақдирланган. “Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси”, “Руҳли болалар”, “Чернобил таваллоси”, “Секонд-хенд даври” каби китоблари давримиз қийинчиликлари ҳақидаги турфа товушли асарлар сифатида баҳоланган.
Қуйида адибанинг “Уруш аёллар иши эмас” қиссасидан парчалар ҳавола этамиз. Ишонамиз, бу лавҳалар урушга нафрат ҳиссини кучайтииш баробарида тинчлик нақадар бебаҳо неъмат эканини эслатиб туради.
* * *
Эркак бардош бера оларди. Ахир у эркак киши. Аёллар барчасига қандай бардош берганини ўзим ҳам англай олмайман. Эндиликда эслаганим ҳамоно мени даҳшат чулғаб олади, урушда эса ҳаммасига чидардим: уруш қурбони билан ёнма-ён ухлардим, ўзим ўқ отардим, қон кўлмакларини ҳам кўрганман, қордаги қоннинг ўткир ҳиди ҳамон димоғимдан кетмайди… Буларни гапираяпману кўнглим озаяпти… У кезларда эса ҳаммасини уддалардим. Набирамга ҳикоя қила бошлагандим, келиним мени тўхтатди: “Буларнинг ёш қизалоққа нима кераги бор?..” Маъсума қизалоқ вояга етмоқда… У улғайиб она бўлади… Шу тариқа бировга оғиз оча олмайман… Биз уларни шундай авайлаймиз, кейин эса бизнинг қисматимизни фарзандларимиз жуда оз биладилар-а, дея ажабланамиз…
* * *
Мен ҳам урушдан кейин туғилганман, бу пайтга келиб окопларни ўт-ўланлар қоплаган, аскарларнинг траншеялари чанг билан тўлган, блиндажлар вайрон бўлган, ўрмонларда қолган аскарларнинг каскалари эса занглаган эди. Бироқ уруш ҳалокатли нафаси билан менинг ҳаётимга ҳам рахна солмадими? Биз ҳамон уруш билан ўзига хос ҳисоб-китобга эга авлодлар жумласига кирамиз. Урушда ўн битта қариндошимдан жудо бўлганман…
* * *
А.С.Пушкин “Современник” журналида Надежда Дурованинг хотираларидан парча эълон қилар экан, сўзбошида шундай қайд этганди: “Бинойидек асилзода оиладан чиққан ёш қиз қандай туйғулар оғушида ўз уйидан, жинсидан кечиб, ҳатто эркакларни ҳам чўчитадиган заҳмат ва мажбуриятларни зиммасига олганча жанг майдонида пайдо бўлган? Яна Наполеон қўшинларига қарши жанг майдонида! Уни бунга нима ундаган? Пинҳона оилавий надоматларми? Баландпарвоз орзуларми? Балки туғма таваккалчиликдир? Ё муҳаббатми?..” Бу ўринда сўз фақат битта ғайриоддий қисмат ҳақида борарди, шу боис турлича тахмин қилса бўларди. Қуролли кучлар сафида саккиз юз минг хотин-қиз иштирок этганда, яна ҳам кўпроғи жанг майдонларига талпинган шароитда эса манзара бутунлай ўзгаради.
* * *
Алоқачи Антонина Фёдоровна Валегжанинова Сталинград остоналарида жанг қилган. Шиддатли жангларни эсга олар экан, бошидан кечирган туйғуларни ҳадеганда таърифлаб бера олмади, кейин эса уларнинг барчасини ягона тимсолга жамлади: “Битта жанг ёдимга тушди. Жуда кўп одам нобуд бўлганди… Омоч билан ер қазиганда сочилиб ётган картошкаларга ўхшаб ҳаммаёқда сочилиб ётишарди. Поёнсиз кенг дала… Кетиб бораётган жойида йиқилиб жон таслим қилишган… Уларни картошкалардай… Ҳатто инсонни туёқлари билан босиб ўтмайдиган ақлли жониворлар – отлар ҳам ўликлардан тап тортмайдиган бўлиб қолишганди…”
* * *
Агар урушни эсдан чиқармасак, унга нисбатан нафрат ортади. Агар уруш унутилса, янгиси бошланади. Қадимий ҳикмат бу.
Аёлларнинг жамланган хотираларидаги уруш қиёфаси аёлларга хос маъсумликдан йироқ. Булар гувоҳлик – ўтмишдаги фашизмга, бугунги фашизмга ва келажакдаги фашизмга айбнома сифатида янграйди. Оналар, сингиллар, рафиқалар фашизмни айблайди. Фашизмни аёл айблайди.
* * *
Онаси уруш арафасида “кўчада ёлғиз юришга ёшлик қиласан”, деб ҳатто бувисининг уйига ҳамроҳсиз жўнатишдан хавфсираган, орадан икки ой ўтгач, мана шу навниҳол қизалоқ фронтга кетган. Санинструктор бўлган, Смоленскдан Прагага қадар жангларда қатнашган. Йигирма икки ёшда уйга қайтиб келган, тенгдошлари эндигина бўй етган қизлар, у эса буткул ўзгача ҳаётни бошдан кечирган, кўплаб воқеалар гувоҳи бўлган уруш қатнашчиси: уч марта яраланган, биттаси оғир жароҳат – кўкрак қафаси соҳасида, икки марта контузия бўлган, иккинчи конту-зиядан кейин, кўмилиб қолган окоп ичидан қазиб олганларидан сўнг сочлари қордай оқариб кетган. Лекин аёлларга хос ҳаётни бошлаш керак: яна енгил кўйлаклар кийишни ўрганиши, эрга тегиши, бола туғиши керак. Эркаклар урушдан ногирон бўлиб қайтганидан қатъи назар оила қуришган. Аёллар қисмати эса урушдан кейин кўпинча фожиали тус оларди. Уларнинг ёшлигини ҳам, эрларини ҳам уруш тортиб олган; улар билан тенгдош йигитларнинг оз қисми урушдан қайтиб келган. Улар ҳисоботларсиз ҳам буни билишарди, чунки топталган жанг майдонларида ер тишлаб ётган йигитларни унутишмаган эди ва денгизчилар камзулини кийган бу алпқомат йигитлар ортиқ ўрнидан турмайди, улар – оталар, эрлар, ака-укалару куёвлар биродарлар қабристонларида мангу қоладилар, деган фикрга сира кўника олмасдилар. “Беҳисоб одамлар яраланганди, дунёда яраланмаган одам қолмагандай эди…”
* * *
Урушдан кейин Москвага қайтиб келдим. Москвадан бизнинг уйимизгача аввал машинада, кейин эса пиёда бир неча километр йўл босиш керак. У ерларда ҳозир метро қатнайди, илгари эса олчазор боғлар, чуқур жарликлар бўларди. Битта жарлик жуда катта бўлиб, ундан ўтишим керак эди. Бу ерга етиб келгунча қоронғи тушиб қолди. Табиийки, мен жарликдан ўтгани қўрқдим. Нима қилишни билмай туриб қолдим: ортимга қайтиб тонг отишини кутайми ёки юрак ютиб жарликдан ўтайми? Ҳозир ўйласам, кулгим қистайди – бутун фронтни босиб ўтдим, нималарни кўрмадим: неча марта ўлим билан юзма-юз келдим, бошқа даҳшатлар гувоҳи бўлдим, бу ерда эса жарликдан ўтишга юрагим дов бермаяпти. Маълум бўлишича, уруш сийратимизни ўзгартира олмабди.
Германиядан уйга қайтар эканмиз, вагонда кимнингдир йўл халтасидан сичқон сакраб чиқди, вагондаги қизларнинг ҳаммаси типирчилаб қолди, юқори ўриндиқдаги қизлар ҳам полга учиб тушдилар. Биз билан бирга келаётган капитан эса ўз кўзига ишонгиси келмасди: “Ҳар бирингизнинг кўксингизни орден-медаллар безаб турибдию, сичқондан қўрқасизлар-а”.
* * *
Немислар бостириб келган илк кунларданоқ ўрмонда ҳар бир патронни йиға бошладик. Қурол тўплаганмиз. Онам рухсат бермасди: “Чақалоқ билан қаёққа кетаяпсан? Худодан қўрқмайсанми?” Мен ҳам бўш келмасдим: “Бу босқинчилар Худодан қўрқаяптими? Одам-ларимизни нима қилиша-ётганини кўрмаяп-сизми?..”
* * *
Ҳомиладор аёлнинг минани бағрига босиб ташишини кўз олдингизга келтириб кўринг… Ахир у фарзанд кутаётир… Севган, яшашни истайди… Лекин ўлимдан тап тортмасди…” Буни қандай таърифлаш мумкин? Л.Толстой буни пинҳона ватанпарварлик шижоати, деб таърифлаган. Уруш қатнашчилари эса ўзлари ҳақида баландпарвоз гап айтмайди: “Сабаби нима дейсизми? Сабаби оддий: бизни мана шундай руҳда, Ватан ва биз бир тану бир жонмиз, деган кайфиятда тарбиялашган”.
* * *
Ўққа тутишдан кейин бомба ёғдириш бошланди, бомбалардан бири снаряд солинган қутига теккач, снарядлар ҳар томонга сочилиб, портлай бошлади… Самолётлар бошимиз узра қузғундай чарх уради. Бундай шароитда ҳалок бўлганларни рисоладагидек дафн этиб ҳам бўлмайди. Қамалда қолганимизда уларни қандай дафн этганимизни айтиб берайми? Ўзимиз ўтирган окопнинг ичига кўмиб қўя қолардик. Бироз дўппайган бунақа жойни қабр, деб ҳам бўлмасди. Немислар ёки машина ўтгудай бўлса топталиб кетарди, албатта. Теп-текис ер, ҳеч қандай ном-нишон қолмасди. Ҳалок бўлганларни кўпинча ўрмонда, дарахтларнинг остига дафн этардик. Ўша эманлару оққайинларнинг остига…
Ҳалигача ўрмонга кира олмайман. Айниқса, катта эман ва қайинлар ўсган ўрмонларга… Юрагим дош бермайди…
* * *
Эркакларга нисбатан бир неча баробар саботли, уларга нисбатан яхшироқ мослашиш қобилиятига эга эканига қарамай аёллар уруш деган юмушга сира кўника олмади, бинобарин, аёл – энг аввало она, у ҳимоя қилиши, фарзандини асраши керак, табиат зиммасига шундай вазифа юклаган. Лекин у барибир урушга кўника олмади…
БЕКЗОД тайёрлади.

