16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

Француз режиссёри ва кинооператорини Яккабоғга нима бошлаб келган эди?

Маълумки, Яккабоғ туманидаги Қалъаи Шерон дараси Амир Темурнинг мўғул истилочиларига қарши кураш бошлаган дастлабки йилларида ишончли табиий истеҳком бўлган. Уни дунёга машҳур қилган яна бир сабаб бор.

Маълумотларга кўра, бу ердан топилган баҳайбат ҳайвон излари ҳақида 1977 йилда олим В.В.Курбатов томонидан фан оламига маълум қилинган ва бу Марказий Осиё учун кутилмаган янгилик сифатида баҳоланган. Баландлиги икки қават уйдай, узунлиги ўн тўрт метр келадиган улкан жонзот икки оёқли ва узун, қудратли думга эга бўлган. У 140 миллион йил илгари яшаган, дея тахмин қилинади. Қоятошда унинг 23 та изи сақланган. Оёқ излари узунлиги ярим метр, эни эса 0,45 сантиметр, қадамлари ораси 1,5 метр келади.

Таниқли тарихчи ва адиб Поён Равшанов ҳамда Наби Хушвақтов маълумотларига таянсак, бир вақтлар бу қояли тоғлар Тетис денгизининг қирғоғи бўлиб, Ҳинд уммонига туташган. Тектоник ўзгаришлар денгиз қирғоғининг икки минг метр баландликда қолишига сабаб бўлган.

Амир Темур ғоридан Тошқўрғонгача бўлган 13 чақиримлик йўл ўртасидаги бу баҳайбат излар маҳаллий аҳолига маълум бўлиб, улар буни Ҳазрати Алининг Дулдулига тегишли деб ҳисоблашган.

1993 йилда француз режиссёри Фабьен Потье ва Филипп Пруст Қалъаи Шеронга келган ва кўрганларидан ҳайратга тушишганди.

Умуман, ушбу манзил маҳаллий сайёҳлар баробарида Россия, Италия, Германия ва бошқа давлатлар олимлари, мутахассислари эътиборини ўзига жалб этиб келади.