Бугунги глобал рақобат ва тез ўзгараётган меҳнат бозори шароитида ёшларни муносиб иш билан таъминлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини амалиётга йўналтириш ҳар қандай давлат тараққиётининг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шу маънода Қарши давлат университетида ташкил этилган «TalabaEXPO – 2026» касблар кўргазмаси нафақат битирувчи талабалар, балки мамлакатимиз ёшлар сиёсатидаги амалий ёндашувларни намоён этган муҳим майдон сифатида гавдаланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, «Ўзмиллийбанк», Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда «Келажакка қадам» маркази ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбир таълим, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик ўртасидаги узвий боғлиқликни янада мустаҳкамлади. Энг муҳими, кўргазма ёшларнинг орзу ва интилишларини реал имкониятлар билан боғлаган амалий платформасига айланди.

Кўпинча ёш мутахассислар меҳнат бозори талаблари, иш берувчилар эса иқтидорли кадрлар ҳақида етарли маълумотларга эга бўлмайди. «TalabaEXPO – 2026» ана шу икки томонни бир нуқтада учраштириб, амалий мулоқот муҳитини яратди. Турли корхона ва ташкилотлар ўзларидаги бўш иш ўринларини таклиф қилиб, талабалар билан суҳбатлар ўтказди. Бу эса битирувчиларга келажакдаги фаолиятини аниқ мақсад асосида режалаштириш имконини берди.
Кўргазмада намойиш этилган инновацион лойиҳалар тадбирнинг мазмун-моҳиятини янада бойитди. Жумладан, Қарши давлат техника университети талабалари томонидан яратилган электромобиль ёшларнинг муҳандислик соҳасидаги изланишлари ва инновацион фикрлашини яққол намоён этди. Икки ой давомида ишлаб чиқилган ушбу экологик транспорт воситаси намунаси нафақат техник ечим, балки ёшларнинг замонавий технологияларга бўлган қизиқиши ва келажакка инновацион ёндашувининг амалий ифодаси бўлди.

Тадбир доирасида тадбиркорликка қизиқиши бор ёшларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Уларга «Келажакка қадам» дастури орқали ажратиладиган имтиёзли кредитлар, бизнес юритиш механизмлари ва молиявий қўллаб-қувватлаш воситалари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. «Ўзмиллийбанк» мутахассислари томонидан бизнесни бошлаш ва лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ўтказилган очиқ мулоқот ёшларнинг иқтисодий билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Умумлаштирилган маълумотларга кўра, кўргазмага 8 минг нафардан ортиқ талаба бевосита келган бўлса, 141 та субъект иш берувчи сифатида иштирок этди. Иш изловчилардан 3 минг 412 та ариза қабул қилиниб, улардан 395 нафарининг келгусидаги фаолият жойи аллақачон аниқ бўлган. Бу рақамлар «TalabaEXPO – 2026» шунчаки кўргазма эмас, балки ёшлар бандлигини таъминлашга хизмат қилувчи самарали механизм эканини кўрсатади.

Энг муҳими, мазкур тадбир ёшларда эртанги кунга ишончни улғайтирди. Улар ўз билим ва ғоялари қадрланишини, ташаббуслари қўллаб-қувватланишини яна бир амалда кўрди. Бундай муҳит эса фаол, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган авлодни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.
«TalabaEXPO – 2026» каби амалий платформалар ёшларнинг касбий камолотида муҳим қадам бўлиб, таълим билан меҳнат бозори ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини бажаради. Зеро, ёшларга яратилган имконият – мамлакат келажагига қаратилган энг катта сармоядир.
Нилуфар ОСТОНОВА,
ЎзЖОКУ талабаси
Ж.НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

