Қарор ва шарҳ
Бугун сув танқислиги энг глобал муаммолардан бирига айланди. Халқаро ташкилотлар дунё мамлакатларини масала ечими юзасидан биргаликда ҳаракат қилишга ундовчи чақириқлар билан чиқмоқда. Бир неча йиллардан кейин ер юзида сув танқислиги билан боғлиқ ҳолат қай даражага етишини башорат қилаётган мутахассислардан ҳам хушхабар йўқ.
Ўзбекистон сув танқислиги муаммоси аллақачон тежамкорлик бўйича жиддий чоралар кўриши зарур бўлган минтақада жойлашган. Мамлакатимизда эса бу борадаги ишлар кейинги йилларда кенг қамров олгани ва изчил давом эттирилаётгани диққатга сазовор. Канал ва анҳорларнинг бетонлаштирилиши, сув кам истеъмол қиладиган экинларнинг экилиши, томчилатиб суғориш технологияларининг жорий этилиши бунга мисол.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 мартдаги «Ирригация тизимларида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда сув танқислигининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳам бу борада қабул қилинган муҳим ҳужжат ҳисобланади.
Режа ва стратегия
Қарордан кўзланган асосий мақсад сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, суғориладиган ерларни сув билан ишончли таъминлаш, сувнинг беҳуда йўқотилишининг олдини олиш, каналлар ва суғориш тармоқларини реконструкция қилиш ва бетонлаштириш ишларини сифатли амалга оширишдан иборат.
– Ушбу ҳужжатнинг асосий аҳамияти шундан иборатки, каналларни бетонлаштириш ва реконструкция қилиш ишларини кенгайтириш орқали сув йўқотишларини камайтириш, шунингдек, суғориладиган ерларни барқарор сув билан таъминлаш имкониятлари оширилади, – дейди техника фанлари доктори, профессор Мейли Авлоқулов. – Ресурс етишмайдиган ҳудудларда сув ҳовузларини қуриш, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш ва қўшимча молиявий маблағлар ажратиш орқали мавжуд муаммоларни юмшатиш назарда тутилган. Қарор қишлоқ хўжалигида барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади, чунки у экин майдонларини узлуксиз сув билан таъминлаш орқали ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади. Шунингдек, ирригация инфратузилмасини яхшилаш ва уни замонавий талаблар асосида ривожлантиришга замин яратади.
Аввало шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 мартдаги «Суғоришда сув йўқотишларини камайтириш ва сув танқислигининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ сув танқислиги билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мақсадида Сув хўжалиги вазирлигига жорий йилда республика бюджетидан қўшимча 600 миллиард сўм ажратилади. Бу маблағларнинг 480 миллиард сўми каналларни бетонлаштириш ва реконструкция қилиш учун, қолган қисми сув танқислигининг олдини олиш билан боғлиқ чора-тадбирлар учун сарфланади.
Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, сув танқислигининг олдини олиш бўйича 2026 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Каналларни бетонлаштириш ва реконструкция қилиш бўйича 2026 йилда қўшимча амалга ошириладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Бундан ташқари, сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудларда қишлоқ хўжалиги экинларини сувни тежайдиган суғориш технологиялари орқали суғориш учун 2026 йилда қуриладиган сув ҳовузларининг аниқ рўйхати тузиб олинди.
Дастурда нималар кўзда тутилган?
Сув танқислигининг олдини олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ишчи гуруҳ тузилиб, соҳа бўйича ташкилотлар раҳбарлари туманларга амалий ёрдам бериш учун бириктирилди. Етказиб берилган сувнинг ҳисоби олинади ва унинг ҳисоботи ўз вақтида юритиб борилади.
Сувдан асосий фойдаланувчилар, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, аҳоли томорқалари ва бошқалар белгиланган сув олиш лимити асосида ўз вақтида сув билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилади.
Дастурда сувдан самарали фойдаланиш ва суғориш ишларига жалб қилинган сувчиларга етарли шарт-шароитлар яратиб бериш лозимлиги ҳам белгиланган.
Каналлар ва суғориш тармоқларини тозалаш ҳамда улардаги гидротехника иншоотлари ва гидропостларни таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилади. Сув хўжалиги ташкилотлари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчилар ҳисобидаги ички суғориш тармоқларини бетон қопламага ўтказиш амалга оширилади.
Энг муҳими, сувдан фойдаланиш тартибига риоя этилиши устидан қатъий назорат таъминланади. Бунда жорий этилган сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланилиши бўйича назоратни амалга ошириш ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, дарёлар ва бошқа табиий сув манбаларининг сувлилик даражаси таҳлил қилиб борилади.
Қашқадарёда бажариладиган ишлар кўлами кенг
Ҳукумат қарорида қайд этилганидек, каналларни бетонлаштириш ва реконструкция қилиш бўйича 2026 йилда қўшимча амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида Миришкор туманидаги «УР-10» каналининг 5,8, Қамаши туманидаги «Чимқўрғон» каналининг 3,5, Касби туманидаги «19-Х-4» каналининг 14,5, Муборак туманидаги «Хитой» ва «Хитой-3» каналларининг 24,5 километр қисми реконструкция қилинади ҳамда охирги икки каналда 2,5 километрлик лоток тармоғи қурилади.
Йилдан-йилга сув танқислигининг кучайиб бораётгани бу борада янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, соҳага инновацияларни татбиқ этишни талаб қилмоқда. Бу масала мазкур ҳужжатда ҳам ўз ифодасини топган. Ажратилган маблағларнинг 60 миллиард сўми сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудларда қишлоқ хўжалиги экинларини сувни тежайдиган суғориш технологиялари орқали суғориш учун сув ҳовузларини қуриш ишларига сарфланиши ҳам масаланинг нечоғлик аҳамиятли эканини англатади.
Қашқадарё вилояти мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, Косон туманидаги «Халқобод», Нишон туманидаги «Нурли келажак», Қамаши туманидаги «Наврўз» ва Миришкор туманидаги «Дўстлик» ҳудудларида ҳар бири 50 минг куб метр сиғимга эга ҳовузлар қурилади. Бу, ўз навбатида, вилоят бўйича 400 гектар майдонни сув билан барқарор таъминлаш имконини беради.
Бир сўз билан айтганда, «Ирригация тизимларида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда сув танқислигининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор бутун мамлакатимизда, жумладан, Қашқадарё вилоятида ҳам сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув йўқотишларини камайтириш ва қишлоқ хўжалигида барқарор ишлаб чиқаришни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Сув танқислиги шароитида ҳар бир томчи сувнинг қадрига етиладиган тизимли ёндашувни шакллантиришга замин яратади.
Абдураззоқ МУРОДОВ

