16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

ҚАЛБЛАР НУРГА ТЎЛГАН КУН

Шавкат МИРЗИЁЕВ:

Жамики ислом уммати учун қадрли бўлган шукуҳли байрам – Ийд ал-Адҳони эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун, аввало, меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.

Қадрият

Бугун халқимиз улуғ ва мўътабар Қурбон ҳайитининг биринчи кунини кенг нишонлаяпти. Аввалам бор, ҳайит номозини ихлос билан адо этиб, байрамни  яхши кайфиятда, кўтаринки руҳда, тинч ва осойишта юртда кутиб олганимиздан Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг марказида инсон қадри, унинг шаъни ва манфаатларини таъминлаш масаласи турибди. «Инсон қадри учун, инсон бахти учун» деган улуғ ғоя  давлат сиёсати даражасига кўтарилгани  халқимиз ҳаётида катта ўзгаришлар ясаб, эзгу анъаналар ва юксак маънавий  муҳитни қарор топтирмоқда. Ана шундай  хайрли ишлар ва инсонпарвар тамойилларнинг мустаҳкамланишида муқаддас Ислом динимизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар нафақат халқимиз, балки бутун мусулмон олами томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Масжидлар обод қилинмоқда, зиёратгоҳлар таъмирланмоқда, диний таълим масканлари фаолияти кенгаймоқда. Энг муҳими, юртимизда соф Ислом таълимотларини тарғиб қилиш, ёшларни маърифат ва бағрикенглик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши халқимизнинг бой маънавий ва илмий меросини чуқур ўрганиш ҳамда дунёга кенг тарғиб қилиш йўлидаги тарихий қадам бўлди. Мазкур марказ аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий-маърифий тадқиқ қилиш, ёш авлодни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Зеро, юртимиз азалдан буюк алломалар, муҳаддислар ва мутафаккирлар улғайган табаррук замин ҳисобланади. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин   Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний каби улуғ зотлар қолдирган бой илмий мерос бутун инсоният маънавий тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилган. Бугун ана шу буюк меросни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим маънавий устунларидан бирига айланмоқда.

Мана, муборак Қурбон ҳайити юртимизда меҳр-оқибат, саховат, бағрикенглик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик каби инсоний фазилатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётган улуғ байрам сифатида кенг нишонланмоқда. Зеро, у нафақат ибодат ва шукроналик айёми, балки инсон қалбида эзгулик туйғуларини уйғотадиган, муҳтожларга кўмак бериш, кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиш, аҳиллик ва биродарликни кучайтиришга даъват этадиган маънавий тарбия мактабидир.

Ҳар бир мусулмон учун муқаддас Ҳаж зиёратини адо этиш улуғ саодат ва буюк орзудир.  Бугунги кунда давлатимиз томонидан ҳожилар учун яратилаётган қулайликлар, уларнинг ибодатларни мукаммал адо этишлари учун кўрсатилаётган ғамхўрлик халқимиз томонидан юксак қадрланмоқда. Жорий йилда Қурбон ҳайити арафасида 15 мингдан зиёд ватандошимизнинг муқаддас ҳаж сафарига бориши юртимизда диний эркинлик ва инсон қадрига бўлган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир. Бу нафақат мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш, балки уларнинг эзгу орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга қаратилган инсонпарвар сиёсат самарасидир.

Қурбон ҳайити муносабати билан давлат мақсадли жамғармалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан ажратиладиган 690 миллиард сўм маблағ ҳисобидан «Вақф» хайрия жамоат фонди орқали:
оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказиш, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари, шунингдек, камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётларини ўтказиш харажатларини қоплаш;
8 минг нафардан зиёд етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ота-оналарнинг фарзандларининг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ўтказиб бериш;
500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш, шунингдек, жойлардаги қабристонларни обод қилиш ишларини амалга ошириш;
давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар озиқ-овқат тўпламлари билан таъминлаш назарда тутилган.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифалари учун эҳсон дастурхонлари ёзиш, зиёратгоҳлар ва диний таълим ташкилотларида қурбонлик тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.

Айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эл-юрт хизматида самарали меҳнат қилиб келаётган, фидойи ва жонкуяр инсонлардан иборат 100 нафар ватандошимизнинг «Президент ҳожилари» мақомида ҳаж зиёратига юборилгани халқимиз қалбида чексиз мамнуният уйғотди. Бу ташаббус инсон қадрини улуғлаш, халқ хизматида фидойилик кўрсатаётган инсонларни муносиб қадрлашнинг юксак намунаси бўлди. Мазкур ҳожиларнинг муқаддас сафар олдидан Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, бой маънавий меросимиз билан танишганлари ҳам катта рамзий маънога эгадир.

Маълумки,  ҳижрий-қамарий йил ҳисобидаги Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни  Қурбон ҳайити байрам қилинади. Бу кунда ота-она, қариндош ва қўни-қўшниларни ҳайит билан табриклаш ҳам мақтовга сазавор ишлардир.

Ҳайит намозидан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин устозларимизни, қариндош-уруғларимизни, ёру-биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этсак, уларга қўлимиздан келганича ҳадялар улашсак ва албатта аҳли-аёлларимиз, фарзандларимизни табриклаб, совғалар билан сийласак динимиз кўрсатмаларини мукаммал адо этган инсонлар қаторида бўламиз.

Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам «Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи – Аллоҳ таоло йўлида курашувчи ёки туни билан ибодат қилиб, куни билан рўза тутувчи кабидир» деганлар.

Узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки инсонларга гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак.

Бугун болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадриятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.

Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунда баъзи жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориши, йиғи-сиғи қилиши дуруст эмасдир. Бундай ножоиз амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. 

Қурбон ҳайитида асосий амалга оширилиши лозим бўлган иш – Аллоҳ йўлида жонлиқ сўйишдир. Қурбонлик қилиш ўз юртида муқим, айни вақтда закот нисобидаги мулкка эга ҳар бир мўмин-мусулмонга вожиб ҳисобланади. Унинг вақти ҳайит намози ўқилгандан сўнг бошланиб, ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботишидан олдин тугайди.

Қурбонликка мол, туя, қўй ва эчки сўйилиши мумкин. Битта мол ёки туяни етти киши номидан сўйиш шерикларнинг ҳаммаси қурбонликни ният қилиш шарти билан жоиз. Бу ҳайвонларнинг эркаги, урғочиси, бичилгани ва бичилмагани ҳам қурбонликка ярайди. Булардан бошқа ҳайвонлар қурбонликка ўтмайди. Шу билан бирга, қурбонликка аталган ҳайвон жиддий айбдор бўлмаслиги керак, қанча соғлом ва кўркам бўлса, шунча савоби кўп бўлади. Қурбонлик гўштини оила аъзоларига, қариндош-уруғларга, қўни-қўшниларга, эҳтиёжманд оилаларга улашадилар. Қурбон ҳайити кунлари қилинадиган улуғ вазифаларимиздан бири инсонларга байрам хурсандчилигини, хушнудлик кайфиятини етказишдан иборатдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Уларнинг на гўштлари ва на қонлари Аллоҳга етмас. Лекин сизлардан бўлган тақво Унга етади»,  деб марҳамат қилади. Бу оят қурбонликнинг асл моҳияти тақво, сидқидилдан қилинган эзгу амал ва инсон қалбидаги пок ният эканини англатади. Шу маънода, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарвар сиёсат ҳам халқ манфаати, инсон қадри ва ижтимоий адолат тамойиллари билан уйғунлик касб этмоқда.

Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳити барчамиз учун энг катта бойлик ва неъматдир. Дунёда турли можаролар, зиддият ва беқарорликлар   кучайиб бораётган бир пайтда   мамлакатимизда осойишталик ва ҳамжиҳатлик қарор топгани Яратганнинг буюк марҳамати ва халқимиз бирдамлигининг самарасидир.  Қурбон ҳайити барчамизни ана шу тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етишга, Ватанимиз тараққиёти йўлида янада бирлашишга, юртимиз равнақи учун сидқидилдан хизмат қилишга ундайди.

 Аллоҳ таолодан юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва Янги Ўзбекистон тараққиётини янада зиёда қилишини сўраймиз. Муборак Қурбон ҳайити барчамизга файзу барака, хонадонларимизга тинчлик ва қут-барака, халқимизга аҳиллик ва ҳамжиҳатлик олиб келсин. Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин! Кейинги йил ҳайит байрамларига ҳам соғлик-саломатлик, хурсандчиликда етишлигимизни Яратган барчаларимизга насиб этсин! 

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили