16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

1 ИЮНДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар ҳақида хабардор қилиб боришда давом этамиз. Бу гал 2026 йил 1 июндан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан

Тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида:

тиббиёт ташкилотлари томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича ўз эҳтиёжлари учун республика ҳудудига олиб кириладиган тиббий жиҳозлар, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда уларга қўлланадиган сарф материаллари, шунингдек, А тоифадаги махсус тиббиёт мақсадларига мўлжалланган янги автотранспорт воситалари 2029 йил 1 июнгача бўлган муддатга импорт божхона божидан озод қилинади.

*  *  *

Руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссиялар таркибига «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари  ходимлари киритилади.

Руҳий ҳолати бузилган шахсларга васий ёки ҳомий сифатида тайинланган шахсларнинг васийлик ёки ҳомийликдаги шахслар олдидаги мажбуриятларининг бажарилиши «Инсон» маркази томонидан мониторинг қилиб борилади.

*  *  *

Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида:

қурилиш объектларида (якка тартибдаги уй-жойлар бундан мустасно) уларни фон мониторинг станциялари билан жиҳозлаш, онлайн назорат қилиш учун қурилиш майдони бўйлаб ва чиқиш нуқталарида онлайн камералар ўрнатиш ва Экология қўмитасининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилиш мажбурияти киритилади;

ҳуқуқбузарлик содир этган қурилиш ташкилотларининг «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги рейтинг балларини камайтириш амалиёти жорий қилинади.

Қурилиш объектлари бўйича лойиҳа-смета ва шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда мажбурий равишда экологик  экспертиза хулосасини тақдим этиш тартиби жорий этилади.

Янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни (якка тартибдаги уй-жойлар бундан мустасно) лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш (дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни экиш) майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 30 фоизидан кам бўлишига йўл қўйилмайди.

*  *  *

Фармацевтика тармоғида ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва илмий тадқиқот жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларга EU GMP, US FDA GMP расмий сертификатларини жорий қилишда, шунингдек, Жаҳон  соғлиқни сақлаш ташкилотининг преквалификациясини олишда хорижий консалтинг хизматлари ҳамда EU GMP, US FDA GMP сертификатлари учун харажатларнинг 50 фоизи, лекин 50 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган қисми;

илмий-тадқиқот институтлари ва таълим муассасалари томонидан яратилган Ўзбекистонда ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган дори воситалари ва тиббий жиҳозларни ишлаб чиқарувчиларга ушбу дори воситаларини саноат  миқёсида ишлаб чиқариб, реализация қилгандан сўнг рўйхатдан ўтказиш, клиник синов ва биоэквивалентлик тадқиқотлари харажатларининг 80 фоизи, лекин 8 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Рекомбинант оқсиллар ва гормонлар, таргет дори воситалари, вакциналар, қон препаратлари, аутоиммун ва онкологик препаратлар, ген ва ҳужайра терапияси маҳсулотлари, биосимиляр ва биобеттер препаратлар ишлаб чиқаришга қаратилган янги инвестиция лойиҳаларини 3 йил муддатда фойдаланишга топшириб, саноат миқёсида ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига 2 йил муддатга лойиҳа доирасида жалб қилинган кредитлар бўйича кредит фоиз харажатлари Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда компенсация қилиб берилади:

фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг икки бараваридан ортиқ бўлмаган миллий    валютадаги кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоиз пункт юқори қисми, лекин 10 фоиз пунктдан ошмаган миқдорда;

хорижий валютадаги кредитлар фоиз ставкасининг 6 фоиздан юқори қисми, бироқ 4 фоиз пунктдан ошмаган миқдорда.

*  *  *

Давлат аудити ва молиявий назорати фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

давлат ташқи қарзи маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг шакллантирилишидан бошлаб якуний натижага эришилгунига қадар барча босқичлари Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизимида юритилади;

Ҳисоб палатаси томонидан «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга ошириладиган лойиҳалар устидан мониторинг ўрнатилади.

*  *  *

Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:

тадбиркорлик субъектларига божхона божини 120 кунга қадар кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади;

божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг бош таъминоти туридан фойдаланишда хавфларни бошқариш тизимининг натижаларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларига пасайтирилган миқдорда таъминот тақдим этилади.

Озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш ва эркин муомалага чиқариш жараёнида санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш мажбуриятини ушбу маҳсулот импортёрига юклаган ҳолда «FSSC 22000», «IFS Food», «BRCGS Global Standard for Food Safety», «SQF Food Safety Code» халқаро тизимлари доирасида расмийлаштирилган сертификатга эга корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишда санитария-эпидемиологик хулоса олиш талаби;

товарларни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштиришда карантин рухсатномасини олиш талаби бекор қилинади.

*  *  *

Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:

соҳалар назоратига масъул инспекцияларда коррупциявий хавф-хатар даражаси «юқори» ва «ўрта» бўлган функциялар юклатилган лавозимларда фаолият юритаётган ходимлар ҳамда ушбу лавозимларга номзодларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражаси   диагностикадан ўтказилади.

*  *  *

Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:

архив хизматларини рақамлаштиришда қўлланиладиган амалдаги архив ахборот тизимлари негизида Ягона миллий архив ахборот тизими жорий этилади.

*  *  *

Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар)ни жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича давлат харидларини тегишли тартибга мувофиқ юритилувчи реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари билан;

умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,5 минг баробаридан ошмаган шартномалар доирасида тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга оширишга рухсат этилади.

Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ

Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:

Туризм қўмитаси томонидан Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич туристлар ташриф буюрувчи зиёратгоҳлар ҳудудларининг функционал жиҳатдан ажратилган чегараларини белгилаш ва мумкин бўлган ҳолларда кўп қаватли биноларни жойлаштириш орқали уларнинг ҳудудларини кенгайтириш ҳамда улардан фойдаланиш учун алоҳида дизайн-код жорий этилади.

*  *  *

Жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшларни замонавий касбларга ўқитишга оид чора-тадбирлар тўғрисида:

Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасаларида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган ёшларни замонавий рақамли касбларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади.

*  *  *

Автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишнинг рухсатнома тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:

автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишга хорижий ёки кўп томонлама рухсатномаларни чегара божхона постларида чиқиш йўналишида ҳаракатланаётган автотранспорт воситасига халқаро ташиш йўналиши бўйича бериш амалиёти йўлга қўйилади;

халқаро йўналишларда қатновни режалаштириш учун автотранспорт воситасига юк ортишдан олдин миллий ташувчиларга Транспорт вазирлигининг автоматлаштирилган ахборот тизимида зарур бўлган барча хорижий ёки кўп томонлама рухсатномаларни 10 кун муддатга банд қилиш имконияти яратилади;

хорижий ёки кўп томонлама рухсатномаларни миллий ташувчиларга бериш, қабул қилиш, сақлаш ва ахборот тизимида қайд этиш учун чегара божхона постларида рухсатномаларни бериш пунктлари ташкил этилади ҳамда уларнинг рўйхати Транспорт вазирлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси томонидан тасдиқланади;

ўтган ҳисобот йилида миллий ташувчиларнинг юк ва йўловчи ташиш географиясидан келиб чиққан ҳолда хорижий давлатлар кесимида халқаро ташиш йўналишлари рўйхати Транспорт вазирлиги томонидан шакллантирилади;

рухсатномаларни бериш пунктлари ва халқаро ташиш йўналишлари рўйхатлари ҳамда хорижий давлатлар кесимида халқаро ташиш тури бўйича танқис бўлган хорижий ёки кўп томонлама рухсатномалар тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимида эълон қилиб борилади.

*  *  *

Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида:

қурилиш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда қурилиш жараёнида ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндилари ҳажмини ва уларни тўплаш жойларини белгилаш, шунингдек, улар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича лойиҳавий ечимлар назарда тутилиши мажбурий ҳисобланади.

*  *  *

Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:

«E-ekspertiza» платформаси ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасидаги экспертиза тайинловчи органларнинг ахборот тизимлари ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан

Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:

қизилмия ўсимлиги популяциясини қайта тиклаш ҳамда унинг муҳофазасини таъминлаш чоралари кўрилади;

қизилмия ўсимлиги генофондини сақлаш ва уни кўпайтириш мақсадида табиий ареалларидаги захираси етарли бўлган ўрмон хўжаликлари ҳудудларида камида 2 гектардан оналик плантациялари ташкил этилади.

*  *  *

Ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини белгилаш тўғрисида:

янги нархлар кучга киради. Жумладан, электр энергияси (аҳоли):

овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталар билан жиҳозланган кўп квартирали уйлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчиларга бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб, ҳар кВт/соати 200 кВтгача – 325 сўм, 201 кВтдан 500 кВтгача – 450 сўм, 501 кВтдан 1000 кВтгача – 550 сўм, 1001 кВтдан 5000 кВтгача – 800 сўм, 5001 кВтдан 10000 кВтгача – 950 сўм, 10001 кВт ва ундан юқори – 1100 сўм;

қолган маиший истеъмолчилар учун бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб, ҳар кВт/соати 200 кВтгача – 650 сўм, 201 кВтдан 500 кВтгача – 900 сўм, 501 кВтдан 1000 кВтгача – 1100 сўм, 1001 кВтдан 5000 кВтгача – 1600 сўм, 5001 кВтдан 10000 кВтгача – 1900 сўм, 10001 кВт ва ундан юқори – 2200 сўм бўлади.

Табиий газ. Коммунал-маиший эҳтиёжлар учун аҳолига (газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлганда): иситиш мавсуми давомида бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб, ҳар куб метри 500 кубгача – 1100 сўм, 501 кубдан 2500 кубгача – 2000 сўм, 2501 кубдан 5000 кубгача –  2300 сўм, 5001 кубдан 10000 кубгача – 2700 сўм, 10001 куб ва ундан юқори – 3300 сўм;

бошқа мавсум давомида бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб, ҳар куб метри 100 кубгача – 1100 cўм, 101 кубдан 2500 кубгача – 2000 сўм, 2501 кубдан 5000 кубгача – 2300 сўм, 5001 кубдан 10000 кубгача – 2700 сўм, 10001 куб ва ундан юқори – 3300 сўм этиб белгиланган.

*  *  *

Автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан олиб чиқиш юзасидан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига электрон мурожаат қилишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида:

автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан олиб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Иўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки ЙҲХХнинг мобил иловаси ёхуд давлат хизматлари марказлари орқали электрон мурожаат қилиш имконияти яратилади;

жисмоний ва юридик шахслар автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан олиб чиқиш юзасидан ЙҲХХга анъанавий (оғзаки ёки ёзма) тарзда мурожаат қилишлари ҳам мумкин.

*  *  *

Турар жой хонадонларини маиший газ баллонлари билан таъминлашда давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида:

жисмоний шахсларни маиший газ баллонлари билан таъминлаш хизмати ушбу қарор билан тасдиқланган Маъмурий регламентга мувофиқ фақат давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилади.

*  *  *

Рақамли маркировкаланган товарларнинг ҳаракатини кузатиб бориш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

Ўзбекистон Республикаси ва ҳамкор давлатлар ўртасида сув ҳамда салқин ичимликларга нисбатан рақамли маркировка кодларини ўзаро тан олиш жорий этилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.