Сараланган сатрлар
Башарти киши китобга вақт ўтказиш воситаси сифатида қараса, ўқиш асносида мия ҳужайралари зўриқишини – фикрлашни истамаса ва асардаги ғоя-мазмунни тўлалигича англашга хоҳиш бўлмаса, канадалик адиба Маргарет Атвуднинг “Оқсоч ҳикояси” романидан узоқроқ юргани маъқул. Бу каби романлар хос ўқувчиларига эга ва айнан шу китобхонлар учун бутун мағзи-моҳиятини ошкор этади. Ишонамиз, Сиз айни шу тоифага мансубсиз!
Китобда тоталитар тузум ҳукм сурган Гилеад мамлакатининг чиркин ҳаёти қаламга олинади. Бугунги кунимиздан анча йиллар кейинги воқеаларга кўра, бир тўда мутаассиблар дунёнинг энг қудратли давлатида ҳокимиятни қўлга олишади ва ўзига хос қонун-қоидалар жорий этишади. Қоидаларки, ақл бовар қилмайди. Асарга қизиқишингиз сўнмаслиги учун сюжет ҳақида бошқа нарса айтмаймиз.
Маргарет Атвуд 1939 йилда туғилган. Шу вақтгача ўндан ортиқ шеърий тўпламлари, 18 та романи, 11 та ҳужжатли китоби, 9 та қиссалар тўплами, болалар учун 8 та китоби ва иккита график романи нашр этилган экан. Бинобарин, адиба кўплаб нуфузли мукофотларга сазовор бўлган. Энг машҳур асари, табиийки, “Оқсоч ҳикояси”дир. Роман ўтган йили “Мусаффо” нашриётида ўзбек тилида нашр этилди. Сиз ҳам ўқиб кўринг, ҳар ҳолда турфа шов-шув ҳамда баҳс-мунозаралар бекорга эмас.
* * *
Эришиш осон бўлган кичик мақсадларнинг бўлиши аслида қанчалар яхши.
* * *
Янги уй остонасида ўзингни доим ёлғиз сезасан.
* * *
Кўпинча энг хавфли, учига чиққан мутаассиб, қурол ишлатишда энг шафқатсизлар шундай ғўрлардан чиқади. Ҳали замонга қараб қадам ташлашни билишмайди. Улар билан эҳтиёт бўлиб муомала қилган маъқул.
* * *
Баъзида гапирмаслик ҳам хавфли.
* * *
Ўтмишни эсласак, унинг гўзал томонларига урғу берамиз. Ҳаммаси ажойиб бўлганига ишонгимиз келади.
* * *
Оддийлик – бу сиз кўникиб қолган нарса. Бугун ғайриоддий кўрингани билан эртага ўзгаради. У оддийлашади.
* * *
Тирик жон борки, гўё майса: ўсади, соя ташлайди, сўнади…
* * *
Лоқайдлик бехабарликдан фарқ қилади: унинг устида ишлаш керак.
* * *
Унда бизда йўқ нарса бор: сўз. Бир пайтлар орқа-ўнгимизга қарамай роса совурган эканмиз.
* * *
Малика Виктория қизига берган маслаҳатни эслайман: “Кўзларингни юм ва Англияни ўйла”.
* * *
Қоронғилик саҳнида янги чиққан ой – орзулар ойи, қадимий тош бўлаги, илоҳа, қисилган кўз сузиб юрибди. Ой бу тош, осмон эса ҳалокатли жисмларга тўла. Лекин, о, Худо, у барибир нақадар гўзал!
* * *
Севги етишмовчилигидан ўлишимиз мумкин.
* * *
Оғир дамларда ҳар нимага ишонишга тўғри келади.
* * *
Ақли расолик қимматли бойлик; одамлар қачондир пул ғамлагани каби уни захирада сақлайман. Вақт келганда, зориқмаслик учун асраб-авайлайман.
* * *
Мен бу одамларнинг ғамгин, оч, дармони қуриган, арзимаган иш учун, масалан, ривожланган халқлар аллақачон ечимини топган қудуқ қазиш ёки ер суғориш каби жўн масалаларни деб қора терга ботган пайтини эмас, бахтиёр дамларини кузатишни ёқтирардим. Кимдир уларга технология воситаларини берса-ю, ўзлаштириб олишса деб орзу қилардим.
* * *
Ҳатто шундай жойда ва шароитда ҳам тил бириктириш мумкин. Бунга шубҳа йўқ: у ёки бу кўринишдаги иттифоқ доим мавжуд.
* * *
Ҳар қандай янги нарсани йўлга қўйиш вақт талаб қилади.
* * *
Кечиримлилик ҳам аслида бир куч эканлигини унутманг. Ёлвориб узр сўраш бу куч, рад этиш ёки тортиқ қилиш эса энг буюк қудрат бўлса керак.
* * *
Муҳит ҳамма нарсани белгилайди.
* * *
Тўғри келган кишига инсоний хислатларни ёпиштириш қанчалар осон. Қандай енгил алдов.
* * *
Овози ўчирилганлар сассиз қичқириғи билан бўлса-да, сизни эшитишга мажбур қилажак.
* * *
Оломон қўлида хавф туғдирган нарса кимдир учун хавфсиз саналади, агар у тутган йўл танқиддан юқори турса.
* * *
Сен фақат ўзинг етишолмаган нарсага эгалик қилган кишига ҳасад қилишинг мумкин.
* * *
Қуёш бепул, ундан ҳали ҳам аввалгидай баҳра олиш мумкин.
* * *
Ифлослар сени оёқости қилишига йўл қўйма.
* * *
Сотқинлик қурбони бўлганингдаги энг оғир ҳолат – сени сотишганига, бошқа бир одам сенга шу ёвузликни раво кўрганига тўла-тўкис ишонч ҳосил қилишингдир.
* * *
Махфий сўзлар, ошкор қилиб бўлмас нарсалар, шахси сир тутилувчи одамлар, мавҳум алоқалар – буларнинг барчаси дунёнинг асл манзарасини бежаб кўрсатаётгандай.
* * *
“Яхшироқ” ҳаммага бирдай манфаатли эканини англатмайди. Ким учундир доим ёмонроқ бўлади.
* * *
Одамлар ҳаётида маъно йўқлигини тан олмаслик учун ҳамма нарсага тайёр. Яъни бефойдалигини. Сюжет йўқлигини.
* * *
Ташна ақлни қондириш учун доим нимадир топилади.
* * *
Севгига шунчалик енгил қараш мумкинми? Ҳатто масхараомуз. Худди биз учун аҳамиятсиз, бачкана тантиқликдай. Аксинча, у оғир дард эди-ку. Уни ҳамма биринчи ўринга қўярди; инсон муҳаббат орқали ўзини англарди; ақлингни таниганингдан бери ҳеч кимни севмаган бўлсанг, аллақандай мутант, коинотдан тушиб қолган мавжудот саналардинг. Буни ҳамма биларди.
* * *
Ҳаётингда юз бераётган барча воқеалар аслида миянгдан таралаётган яхши ёки ёмон қувват ҳосиласи.
* * *
Эркинлик ҳам бошқа ҳар қандай нарса каби нисбий.
* * *
Тарих ҳақида олинган фильм тарихнинг ўзидан фарқ қилади.
* * *
Эркаклар бошқалардан сир тутган нарсасини баъзан аёл кишига гуллаб қўяди.
* * *
Айролик қалбни юксалтиради.
* * *
Севги қандай ҳис этилишини ҳеч қачон тўлиқ англаб бўлмайди.
* * *
Одамзод ҳамма нарсага кўникади, дерди онам. Бу чиндан жуда қизиқ, одам ўзига жимитдай тасалли топса нималарга кўниб кетавермайди-а?
* * *
Бизга маълумки, айрим тарихий даврлар бошқа жамиятлар учун ҳам, кейинги авлодлар учун ҳам унча мақташга арзимайдиган афсоналарга ва ўзини иккиюзламачилик билан оқлаш воситасига айланади.
* * *
Тарихдан биламизки, ҳеч бир янги тизим эскисидаги кўплаб унсурларни ўзлаштирмай туриб, унинг ўрнини эгаллай олмайди, ўрта аср насронийлигидаги бутпарастлик унсурлари ва Россия “КГБ”си собиқ подшолик давридаги махфий қўриқлаш бўлимидан ўсиб чиққани фикримизга яққол мисол бўла олади.
* * *
Куч-қудрат танқис бўлган жойда, унинг бир чимдими ҳам ўзига тортади.
* * *
Ҳар қандай тарихчи яхши биладики, ўтмиш бу фақат акс-садолар билан тўлган буюк зулматдир. Овозлар бизгача етиб келиши мумкин, аммо сўзлари уларнинг ўзи чиқиб келган макон мавҳумоти билан тўйинган. Қанча уринмайлик, бугунги нурафшон кунларда уларнинг мазмунини ҳар доим ҳам аниқ чақолмаймиз.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

