Инсон ва қонун
Тан олиш керак, Қашқадарёда йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотлар кам эмас. Уларга бўлган ҳуқуқ масаласи юзага чиққанда эса боши қотганлар ҳам талайгина. Худди шундай вазиятда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 8 ноябрда кучга кирган «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонуни кўпчиликнинг мушкулини осон қилгани ҳам бор гап.
Ушбу ҳужжат талаблари асосида шу кунгача юзлаб ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар эътироф этилди. Ана шу масалада муаммоси бўлиб, унга ечим кутиб турганлар навбати эса узун.



Маълумки, қонунда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларни ёппасига эмас, ҳар йилги режа-жадвал асосида босқичма-босқич хатловдан ўтказиш белгиланган. Хатлов натижаларига кўра, агар белгиланган асосларга мос келса, ҳуқуқ тегишли тартибда эътироф этилади.
Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ, 2026 йил давомида Қашқадарё вилоятининг 167 та маҳалласида хатлов ишлари ўтказилиши белгиланган. Бу жараёнда фуқаролар ва юридик шахслар томонидан фойдаланилаётган ер участкалари ҳамда уларда жойлашган бино-иншоотларнинг ҳақиқий ҳолати ўрганлади, кадастр маълумотлари аниқлаштирилади ва мавжуд маълумотлар базаси такомиллаштирилади. Яъни ер участкаларининг амалдаги чегаралари аниқланади; мавжуд кадастр ҳужжатлари билан ҳақиқий ҳолат таққосланади; давлат рўйхатидан ўтмаган уй-жой ва бошқа кўчмас мулк объектлари ўрганилади; ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ва уларда қурилган объектлар ҳақида маълумотлар йиғилади; қонунчиликда белгиланган талаблар асосида мулкий ҳуқуқларни расмийлаштириш имкониятлари баҳоланади.
Мисол учун, фуқаролар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун қуйидаги шартларнинг барчасига риоя этилганлиги асос бўлади, агар: мазкур ер участкаси бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ажратилмаган ёки электрон онлайн-аукционга қўйилмаган бўлса; мазкур ер участкасидан фойдаланиш юзасидан жисмоний ва (ёки) юридик шахслар ўртасида низо мавжуд бўлмаса; мазкур ер участкаси учун ер солиғи бўйича, унда қурилган бинолар ва иншоотлар учун эса мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаса.
Бугун қонун ижроси доирасида амалга оширилаётган тадбирлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг мулкий ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, давлат кадастри маълумотларининг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш, шунингдек, ер муносабатларини тартибга солишга хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятли.

