Германияда икки йил давомида фермадан умумий қиймати 22 минг 417 евро бўлган қарийб 120 минг дона тухумни ўғирлаган 46 ёшли эркак Қуйи Саксония федерал ерининг Фехта шаҳри суди томонидан жазога тортилди. Бу ҳақда Bild нашри хабар тарқатган.
У ҳар ҳафта Динклаге шаҳрида жойлашган улгуржи савдо фермасига келиб, ҳар сафар олтита катта қути, яъни 1000 донадан ортиқ тухумни олиб кетган. Фирибгар ферма ходимига бу иш «раҳбарият билан келишилган» деб айтган ва дастлаб ҳеч кимда шубҳа уйғотмаган.
Бироқ вақт ўтиши билан ишлаб чиқарилган ва мижозларга жўнатилган маҳсулот ҳажми ўртасидаги фарқ кўзга ташлана бошлагач, эркак тижорат фирибгарлигида айбланган.
Суд жараёнида айбланувчи сукут сақлаб, ўзига қўйилган айбловларга жавоб бермаган. Унинг адвокати эса мижози ўзини «фермернинг қурбони» деб ҳисоблашини айтган ва оқлов ҳукми чиқарилишини талаб қилган.
Прокурор эркак аввал ҳам фирибгарликка уриниш ва ўғирлик учун судланганини таъкидлаб, унга уч йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраган. Суд эса икки йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаган.

