16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Илм-фан

ИННОВАЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ, СТАРТАП – КЕЛАЖАК, ҒОЯ – ТАДҚИҚОТ

Иқтидор

Замонавий дунёда мамлакат тараққиёти ва жамият равнақи истиқболлари, энг аввало, билимли, ташаббускор ва илғор фикрлайдиган кадрлар салоҳияти билан белгиланади. Шунга монанд, илм-фан ва инновациялар жадал ривожланаётган бугунги даврда ёш мутахассисларнинг изланишлари, илмий тадқиқотларга қизиқиши ҳамда янги ғояларни ҳаётга татбиқ этишга интилиши ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Натижада юртимиз ёшлари турли йўналишлардаги инновацион лойиҳалар устида фаол ишлаб, республика ва халқаро миқёсдаги танловлар, олимпиадалар ва илмий анжуманларда ўз салоҳиятларини кўрсата олишаяпти.

Бу борада Қарши давлат техника университети талабаларининг ютуқлари ҳам алоҳида эътиборга молик. Уларнинг ҳар бир эришган натижасини мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар ва таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида эътироф этиш мумкин.

Қадамлар энергияси

ҚарДТУ магистранти Жонибек Менглиқулов Беруний номидаги давлат стипендияси стипендиати ва Қашқадарё вилояти ҳокими стипендияси соҳиби ҳамда бир нечта нуфузли танловлар ғолиби ҳисобланади. Бундай натижага ўз-ўзидан эришиб бўлмаслигини яхши тушунамиз. Айниқса, унинг «Foot Step Energy» лойиҳаси муҳим янгиликлардан бири бўлган.

Ўзбекчада «Қадамлар энергияси» деб номланган лойиҳа – инсонларнинг ҳаракати орқали электр энергияси ишлаб чиқариш технологиясини тақдим этади. Бу тизимдан фойдаланиш учун аҳоли гавжум жойларда, айтайлик, кўчаларда, метро бекатларида ва пиёдалар йўлакчаларида махсус қурилмалар ўрнатилади. Одамларнинг улар юзасига босган қадами ёки бошқа ҳаракати таъсиридан жараён бошланади.

Тизим пьезоэлектрик материаллар ёки механик тизимлар ёрдамида ишлайди. Пьезоэлектрик материаллар шундай хусусиятга эгаки, кишилар устидан юрганда, бу материалларда электронлар ҳаракатланади ва механик энергия ҳосил бўлади. Яъни ҳар бир қадам ёрдамида пьезоэлектрик элементларга ўтказилган босим ресурсга айланади.

Механик тизимда эса пресслар ёки гидравлик ускуналардан фойдаланилади. Бунда ҳам қадам босилиши натижасида механик энергия юзага келади, улар йиғилиб, генераторни ишга туширади ва электр энергияси ҳосил қилади. У махсус аккумуляторларда сақланади ва керакли жойда (масалан, кўча чироқларини ёритиш, хавфсизлик камераларини ёки кичик электрон қурилмаларни қувватлаш учун) ишлатилади. Бу тизимлар, одатда, мустақил энергия манбаи сифатида ишлайди. Уни жорий қилиш жамоат жойларида электр энергияси сарфини камайтиради, экологик ҳолатга ижобий фойда беради. Бу, ўз навбатида, иқтисодий жиҳатдан ҳам самарадор ҳисобланади.

Электр энергияси ишлаб чиқаришнинг шунга ўхшаш турлари Япония, Буюк Британия каби бир нечта хорижий давлатларда муваффақиятли қўлланиб келинмоқда. Бундай ечимлар замонавий шаҳарларда «Яшил» энергетикани ривожлантириш учун муҳим қадам ҳисобланади.

Чиқиндидан хомашё

Университетнинг яна бир магистранти Диёрбек Абсатторов «Ишлатилган молекуляр цито (цеолит)дан тоза алюминий оксиди олиш» стартап лойиҳаси муаллифи.

Лойиҳа ишлатилган молекуляр цито (целоит) адсорбентларини комплекс қайта ишлаш орқали юқори тозаликка эга алюминий оксиди ва қўшимча қимматли кимёвий маҳсулотлар олишга қаратилган инновацион технологияни назарда тутади. Шу тарзда нафақат экологик, балки чуқур ижтимоий ва иқтисодий самарадорликка эришилади.

Бунда, аввало, саноат чиқиндиларини, хусусан, целоит адсорбентларини қайта ишлаш орқали атроф-муҳитга тушадиган зарарли юклама сезиларли даражада камаяди. Бу эса тупроқ, сув ва атмосфера ифлосланишининг олдини олишга хизмат қилади. Натижада экологик барқарорлик таъминланади ва «яшил» технологиялар тамойиллари амалда жорий этилади.

Унинг асосий иқтисодий афзалликларидан бири чиқиндидан қимматли хомашё тайёрлаш имкониятидир. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 тонна ишлатилган целоитни қайта ишлаш орқали ўртача 300-400 килограмм юқори тозаликка эга алюминий оксиди ажратиб олиш мумкин. Бу натижа хомашё манбаларини диверсификация қилиш ва табиий ресурсларга бўлган босимни камайтиришга ёрдам беради. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш жараёнида чиқиндилар минимал даражага туширилади.

Алюминий оксидининг жаҳон бозоридаги ўртача нархи тоннасига 300-500 АҚШ доллари атрофида эканлигини инобатга олсак, даромад ҳам чакки бўлмайди. Агар йилига 1000 тонна ўзимизнинг саноат корхоналарида ҳосил бўладиган целоит чиқиндиси қайта ишланса, ундан тахминан 300 тоннагача алюминий оксиди олиш мумкин. Демак, даромад 90-150 минг АҚШ доллари миқдорида бўлади. Бундан ташқари, қўшимча маҳсулотлар (алюминий сульфат, темир бирикмалари ва кремний қолдиқлари) ҳам сотилиши ёки бошқа саноат тармоқларида фойдаланилиши мумкин. Бунда умумий иқтисодий самарадорлик янада ошади.

Ҳам суянчиқ, ҳам йўлдош

Халқаро «The best delegat» танлови ғолиби. Халқаро лидер сертификати соҳибаси, халқаро «Red Bull Basement» инноваторлар ва стартапчилар танлови иштирокчиси. Илмий тадқиқот ишлари Туркия ва Ҳиндистонда чоп этилган анталогияларга киритилган.

Билганлар гап ҚарДТУ рақамли технологиялар ва сунъий интеллект факультети талабаси Севара Алладўстова ҳақида кетаётганини аллақачон англади. Унинг «Ақлли» ҳасса ва билагузук» стартап лойиҳаси кўзи ожизлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар учун хавфсиз ҳамда мустақил ҳаракатланиш имконини беришни назарда тутади.

«Ақлли» ҳасса қуёш энергиясидан заряд олади ва сунъий интеллект асосида бошқарилади. Қурилманинг афзалликлари жуда кўп. Кўзи ожиз ва ногиронлиги бўлган инсонлар фавқулодда ҳолатларга тушганда, уларнинг яқинларига автоматик тарзда тезкор хабар юборади. Овқатланиш, дори-дармон қабул қилиш вақтларини эслатиб туради.

Бундан ташқари, махсус сенсорлар тўсиқлар ва чуқурлар ҳақида огоҳлантиради. GPS орқали йўналиш беради. Тунда йўлни ёритиб боради. Унинг воситасида мусиқалар ва аудио китоб эшитиш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, «ақлли» ҳасса ногиронлиги бўлган ва кўзи ожиз кишиларнинг энг яқин ҳамроҳи, суянчиғи бўла олади. Уни янада такомиллаштириш, сунъий идрок имкониятларидан фойдаланиб, яхши суҳбатдошга айлантириш мумкин.

Дарвоқе, бу лойиҳа хусусида сўз бошлаганда, билагузукни ҳам айтиб ўтгандик. Хўш, унинг вазифаси нима, деб ўйлагандирсиз?! Бу ҳасса йўқотиб қўйилганда, унинг қаердалигини топишга ёрдам беради.

Бир сўз билан айтганда, «ақлли» ҳасса ўзгалар кўмагига муҳтож кишилар учун ёрдамчи, дастёр. У ҳар соатда вақтни эслатиб туради, китоб ўқиб беради, йўлни кўрсатиб боради.

Яқинда Севара Алладўстова номига Хитойдан «Ўзбекистоннинг мангу гўзаллиги: миллий ўзлик, маданият ва мерос» мавзусида ўтказиладиган халқаро анжуманда қатнашиш учун таклифнома келди. Демак, унинг стартап лойиҳаси нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатлар мутахассисларида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Абдураззоқ МУРОДОВ