Кун ярмидан оғганида ҳамкасб дўстимиз Шаҳрисабз туманидаги Ғелон қишлоғига бориш истаги билан келганини айтиб қолди. Биргаликда ўша номдор тоғли манзилга қараб отландик…
Қуёш заррин нурларини сочиб тўймайди. Айниқса, у пурвиқор чўққига тирсагини тираб турганида бизга жуда яқин эканини ҳис этамиз. Руҳимиз табиатнинг улуғвор мўъжизаларидан қувват олади.
Дарҳақиқат, Ҳисор тоғлари бағрида ястанган Ғелон қишлоғи денгиз сатҳидан 2 минг 223 метр баландликда жойлашган. Йил-ўн икки ой эримайдиган қорли чўққилар, ям-яшил адирлар пойидаги сўлим манзил ўзининг гўзал табиати, зилол сувлари, тилни ёрар мева-сабзавотлари, айниқса, меҳмондўст, аҳил ва самимий одамлари билан янада улуғвор туюлади.
Баҳорий насим этни жунжиктиради. Қизғиш тусга кирган олчалар офтоб нурида товланади. Оллана бошлаган гилослардан татишга чоғланамиз. Тишимиз қамашади. Шаҳарда аллақачон ҳазм бўлиб улгурган меваларнинг бу ерда энди шира боғлаётганидан ҳайратланасан, киши. Саргузаштларга иштиёқманд, табиатга ҳавасманд инсон борки, Ғелоннинг таърифини эшитиб, қалбида ушбу манзилда бўлиш истагини тугади.
Шу ерлик Ҳақназар ака бизга ҳамроҳ бўлди:
– Саёҳат аввалида Абдуҳалим бобонинг хонадонига бир кириб ўтамиз, – дейди у. – Нуроний киши, маърифатли, пиру бадавлат отахон.
Ям-яшил боғ оралаб ораста уйга кириб бордик. Одмигина хоналарнинг бирида қимтинибгина қўним топдик. Кўп ҳаялламай, бошида ироқи дўпписи нуроний чеҳрасига ярашган, илиқ табассуми, нигоҳидаги майинлик самимий суҳбатга чорлаб турган бобо эшик ҳатлаб кирди ва салом-аликдан сўнг пойгакда чўккалади.
– Мен бир тоғлик қўшчи одамман, ҳол сўраб келибсиз, бошим кўкка етди, – камтаринлик ва сокинлик билан сўз очади отахон. – Тинч ва осойишта кунлардан баҳраманд бўлиб шу улуғ ёшда эл-юртнинг, сизларнинг дуойингизни қилиб ўтирибмиз. Шу кунларга етказганига шукр…
Мамлакатимизнинг олис қишлоғида умргузаронлик қилаётган кекса отахоннинг илму зиёси, дунёқараши, тафаккури қалбимиздаги ҳайратни алангалатди. Бобо Ғелон қишлоғининг келиб чиқиши, унинг номи қандай маъно касб этиши борасида ҳам тўхталди:
– Қишлоқнинг минг йилдан зиёдроқ тарихи бор. Ғелон сўзи икки хил маъно касб этади, араб алифбосида «Ғелон» ва «ғайлон» сўзи бир хил шаклда ёзилади, шу боис ғайлон – жамлаш маъносида, бу қишлоқ аҳлининг қадимдан олими ҳам, ҳунармандлари ҳам ўзидан чиққанига урғу беради. Ғелон сўзи эса форсчада кўчки, бўшлиқ маъноларини англатади.
Абдуҳалим ота мумтоз адабиёт билимдони ҳам экан, у кишининг кўплаб рубоийларни ёд айтиши ва сўзма-сўз шарҳ келтириши бир ҳайратимизга ўн ҳайрат қўшди. Отахонга бундан бир неча йиллар аввал «Меҳнат шуҳрати» ордени шунчаки олис бир тоғли қишлоқнинг нуронийси, бир кайвониси сифатида берилмаганига амин бўлдик.
Ғелон Сурхи тепалигидан кафтдек кўринади. Бир-бирига елка тутган ҳовлисиз қалама уйлар, бир бош узумдек кўзга ташланадиган эски қишлоқ ажиб манзара касб этади.
Аҳоли кўпроқ чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Қишлоқ кўчаларини айланар эканмиз, замонавий кўринишдаги уй-жойлар барпо этилаётганига кўзимиз тушади. Энг асосийси ғелонликларнинг барчаси меҳнатсевар, касбу корни яхши эгаллаган – темирчиси ҳам, таъмирчиси ҳам, дурадгору қурувчиси ҳам ўзларидан. Ҳамма бир-бирига таянч, эл иши – ҳашарда ҳамиша фаол.
Ғелон кўчаларини сайр этарканмиз, одамларнинг бир-бирига ўзаро ишончи, меҳр-оқибати бизни ҳайратлантирди. Қўшнилар ўртасида девор йўқлиги, бирор хонадонда дарвоза ўрнатилмагани диққатимизни тортди.
– Шундай кўркам кошоналарни қурган аҳоли нега ҳовлисини девор билан ўрамаган?
Ҳақназар ака эса мийиғида кулиб қўяди: – Ажабланманг, қишлоқдошларнинг бир-бирига ишончи мустаҳкам. Молимиз ҳам, жонимиз ҳам бир. Шундай экан, девор қуриб, ўртага шубҳа оралатишга ҳожат йўқ. Ахир, аҳиллик ишонч устида қурилмайдими?!
Яна атрофга, табиат гўзаллигига маҳлиё бўламиз. Машина ойнасидан кираётган салқин шабада танимизга тетиклик бағишлайди. Йўл бўйидаги булоқларнинг бирига тўхтаб, чанқоғимизни қондиришга чоғланамиз. Тошлар орасидан сизиб чиқаётган зилол сувга ҳовучимизни ботирамиз. Унинг муздай ҳарорати тўйиб сипқоришга йўл қўймайди. Уч-тўрт ҳўпламнинг ўзида оби-ҳаётнинг ўзгача таъми оғзимизда қолади.
Йўл-йўлакай ҳамроҳим билан зилол сувнинг мазасини таърифладик. Ҳақназар ака эса бундай булоқлар Ғелонда юзлаб топилиши, аҳоли бирдамлик билан қувурлар орқали ўз хонадонигача сув олиб кирганини айтади: – Ҳув, анови чўққининг ҳар тарафидан сув сизиб чиқади, – дейди у кўринишидан бош кийим – бўркка ўхшаш улкан чўққига диққатимизни қаратаркан. – Номи «Умохона». «Умо» эски форс тилидан олинган, сув деган маънони беради.

Шарқираб оқаётган улкан сойдаги зилол сувда сакраётган томчилар қуёшда олмос доначаларидек товланади. Атрофидаги дов-дарахтлар, ям-яшил ўсимликлар ўзига хос манзара касб этади. Аҳён-аҳёнда сойдан таралган ариқлар ва улар устида бунёд этилган кичкина томларга кўзингиз тушади. Бу кичик ГЭСлар аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи учун хизмат қилади. Ана шу мўъжаз иншоотларнинг ҳар бири 20-30 оилага электр етказиб беради.
Ғелонда қурилиш учун зарур ҳисобланган ёғоч ва тахталар маҳаллий маҳсулотга айланиб улгурган. Дараю қияликларда беҳисоб тераклар виқор билан осмонга бўй чўзиб турибди. Тоғ ёнбағирларидаги боғларда олмаю ноклар шиғил мевасини кўтаролмай бош эгган.
Кўпчиликка маълум, ғелонликлар картошка етиштиришнинг ҳадисини олган. Қумлоқ ерлардан экин учун жой очиб, етиштирган картошканинг харидори кўп. Бир пайтлар марказдан узилиб қолган, «аравасини ўзи тортган» қишлоқ одамлари ҳаётига ҳам мустақиллик йилларида тараққиёт эпкини кириб борди, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш жадал ривожланган, тўйхона, бозор, замонавий қиёфадаги дўконлар қад ростлаган.
Айниқса, сўнгги йилларда амалга оширилаётган экотуризмни ривожлантириш лойиҳалари Ғелонни ҳам четлаб ўтмаган. Бу ерда айни вақтда сайёҳлар учун 80 дан ортиқ уй меҳмонхоналари ташкил этилган.
– Олдинлари Ғелонга сайёҳларнинг оқими кам эди, – дейди уй меҳмонхонаси ташкил этган маҳаллий тадбиркор Кимё Қурбонова, – Бу йил айниқса, сайёҳлар кўп ташриф буюрди. Қишлоғимизнинг гўзал табиатини кўриш истагида юрган одамлар олдин ҳам кўп бўлган, аммо имкон, шароит бўлмаган. Биз ҳам бошида бироз иккиланиб иш бошлаган эдик. Аллоҳга шукр, меҳмонхонамизнинг эшиги ёпилгани йўқ.
Ғелон замонавийликка юз тутмоқда. Бу ерда экотуризмнинг энг қизиқарли спорт йўналишларидан бири – рафтинг йўлга қўйилган. Қолаверса, 300 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб этилиб, 3 минг гектарлик майдонда тоғ чанғи курорти бунёд этилмоқда. Таърифларга кўра, ушбу лойиҳа Марказий Осиёда ягоналиги билан ажралиб туради.
– Қишлоққа пул келади-да, – дейди табассум билан Ҳақназар ака. – Ростини айтишим керак: узоқ йиллар даромадимиз чорва, картошка ва олманинг орқасидан бўлиб келди. Энди сайёҳлар учун бозор яратмоқчимиз. Биринчи навбатда ўзимизга хос ҳунармандчилик мактабини ривожлантириш ниятидамиз.
Туманнинг таниқли ва тажрибали ҳунарманд аёли Юлдуз Мамадиёрова йўл машаққатини ҳам ўйламай Ғелонга бориб, маҳаллий хотин-қизларга каштачилик ва зардўзликни ўргатмоқда.
– 100 дан зиёд хотин-қизларга каштачилик ва зардўзликнинг сир-синоатларини ўргатяпмиз, – дейди тадбиркор. – Мақсадимиз бу ерга келаётган сайёҳларга ўзимизнинг миллий ҳунармандчилигимизни кўрсатиш, қолаверса, хотин-қизларимизнинг ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашишдан иборат.
Ғелонга туннинг қоронғусида йўл босиб келган эдик. Қулоғимиз билан шовуллаган дарёнинг шовқинини, димоғимиз билан хушбўй гиёҳларнинг ифорини, оромбахш шабадани ҳис қилган бўлсак-да, нигоҳимиз билан чексиз тоғларнинг манзарасини англамаган эдик. Шу боис қайтиш учун тонготарда йўлга тушдик. Оқдарёнинг гоҳ ўнг, гоҳ сўл қирғоғида ҳудди моҳир наққош томонидан ишлов берилгандек баланд ва тик қоялар бизни кузатиб қўярди. Ортимизда эса пурвиқор тоғлар, алп чўққилар мағрур қолаётгандай кўринади. Биз пастга эниб борар эканмиз гўё улар ғелонликларнинг ифтихори, тоғ одамларининг иродаси, меҳр-оқибатининг, инсоний фазилатларининг рамзидек тобора кўкка бўй чўзарди. Бу баҳодир қоялар салтанатида ўтган саёҳатимиз унутилмас таассуротларга бой бўлганини йўл-йўлакай ҳис этиб қайтдик.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
журналист

