16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

“ХИЗРНИ ЙЎҚЛАСАМ БЎЛАРКАН…”

Қатралар

Бир неча кун касалхонада ётган она катта қизи бирор марта йўқламаганидан ранжиди. Кўнглидан ўтганини яширолмай, келинига ёрилди. Келин қайнонасига таскин берди-да, зудлик билан қайнопасига ёзиб юборди: «Онамиз касалхонадан чиқдилар. Бир келиб кетинг. Биласиз-ку, кўнглимиз нозик».

Қиз вазиятни бирдан тушунди ва ўша заҳоти етиб келди. Она гинани ҳам унутиб, қизини бағрига босди: «Хизрни йўқласам бўларкан, ҳозиргина сени гапиргандим», деди жилмайиб.

Келин ҳам жилмайди. Ҳамманинг кўнгли равшан тортди…

ТУМАН

Унинг кўнгли туманли. Ичида нима борлигини кўриб бўлмайди.

КЎЗ

Кўз ҳамма нарсани кўраман, дейди-ю, лекин ўзини кўролмайди.

«ҚЎШНИМНИНГ УЙИ»

Баъзан телефонимни қўлга олиб, ижтимоий тармоққа кираман. Дўстларим нима қилишяпти, нима ёзишяпти, оламда нима гап – бирма-бир қарай бошлайман. Келган хабарларни ўқийман, қай бирига жавоб ёзаман. Қай бир фикрга муносабат билдираман. Хуллас, бирровга кирган камина ҳамма нарсани унутиб, тармоқ ичида қолиб кетаман…

Худди қўшнининг уйига элакка кирган аёлнинг  эллик оғиз гапи бордай…

БИР ҲОВУЧ ТУПРОҚ

Миясига келган фикр уни туртиб юборди. У ёқ-бу ёққа аланглаб, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, четроқ жойга дастрўмолини тўшаб ўтирди. Ердан бир ҳовуч тупроқ олиб, бирпас томоша қилди. Кафтининг устида яйратиб, бармоғи билан эзғилади.

Бироз оқиш, бироз майин қум аралаш эди тупроқ…

Бир зум хаёл сурди. Кўз ўнгидан саёҳат қилган манзиллари ўтди: ҳайротомуз иморатлар, мавж ураётган денгиз, кўкка бўй чўзган тоғлар, сип-силлиқ йўллар, қўли кўксидан тушмаган одамлар… Эҳҳе, қай бирини айтсин?!.

Эртаклар юртига келиб қолгандай эди гуё…

…У ўрнидан қўзғалиб, кафтидаги тупроқни рўмолчасига солди. Учларини тугиб, чўнтагига жойлагач, меҳмонхона томон юрди. Лифт уни  зумда йигирманчи қаватга кўтариб қўйди. Хонасига кириб, жомадонига нарсаларини жойларкан хаёлига келган фикрдан чўчиб тушди. Қўлини чўнтагига тиқиб, рўмолчани маҳкам қисди. Бармоқлари куйгандай бўлди. Барибир қўйиб юбормади, ушлаб тураверди. Миясида эса савол ғужғон ўйнади: «Бу ўғриликми? Мен ўғрилик қилдимми?..»

Сўнг ўзини овутди: «Йўғ-е, бу шунчаки бир сиқим тупроқ-ку!»

У тупроқни қолдиргиси келмади…

…Автобус уни аэропортга элтиб қўйди. Самолёт эса юртига…

Машинага чиқиб, манзил томон кетаркан рўмолчадаги тупроқни кафтига бўшатди. Машина ойнасидан қўлини ташқарига чиқариб, бармоқларини очди: шамол тупроқни ҳар ён сочиб юборди…

Лаблари эса нималарнидир пичирлар эди…

ЙЎҚОТИШ

У мансабга ўтириб ўзини йўқотиб қўйди.

Қайтиб тополмади…

ҲАЁТ

У укасини кўпдан бери кўрмаган, соғинганди. Қариндошларидан бирининг тўйида кўриб қолиб, кўзларини узмай турди. Укаси хизматда бўлгани учун ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа тинимсиз қатнарди. У эса  укаси билан кўзлари тўқнашишини кутиб қараб тураверди. Бироқ ука уни кўрмади, ўз иши билан андармон бўлди.

Иттифоқо ука ким биландир  суҳбатлашиб, у ўтирган стул томон юрди, яқинлашди ва тўхтаб қолди. Опа фурсатни қўлдан бермай укасини нуқиб қўйди. Ниҳоят кўзлар тўқнашди. Аммо у  уканинг кўзида на ҳаяжон кўрди, на қувонч. Опасига шунчаки бош силкиб қўйди-да, йўлида давом этди…

Опанинг кўнгли бузилди. Бир нарсани – опа-укачилик билан боғлиқ энг гўзал ришталар болалик билан қолиб кетганини англади…

ЎҚУВ ВА УҚУВ

У китобни ўқиди-ю уқмади…  

Олим бўлди-ю, одам бўлмади…

МУҲАББАТ НИМА ҚИЛСИН?..

Келиннинг кўзини очирмади эри томондагилар… Ота-онаси, опа-укаларини одам ўрнида кўришмади, бутун уруғ-аймоғини балчиққа булаб ташлашди…

Келиндан эса ҳурмат, тавозе, меҳр талаб қилишди…

Қизиқ, нафрат экилган кўнгилда муҳаббат нима қилсин?..

УЛОҚ

У ҳар гал  мусобақаларда ғолибликни қўлдан бермасди. Ундан ўтадигани йўқ эди. Бироқ… Асосий ўйинда омад юз ўгирди. Улоқни оёғи остида ўралашиб юрган олиб кетди…

У шундай хулосага келди:  омад ҳар доим ҳам адолат қилмас экан…

ҒЕЛОН

Осмонга қарасангиз кўзингиз қамашмайди – атрофни  қоплаган улкан дарахтлар сизни қуёш нурларидан пана қилади. Саратон офтобининг тафти баргларга урилиб, синиб кетади. Япроқлар орасидан турфа шаклда кўринаётган кўк гумбази табиат яратган  манзаранинг фонидай туюлади ва бу фонни инсонга ҳузур бахш этаётган майин шабада тебратиб туради. Аслида бу баргларнинг тебранишидан яралган манзара…

Ён томонда япроқлар орасидаги туйнуклар нигоҳни тоғларга элтиб қадайди. Энди сарғиш,  кўкимтир,  қорамтир ранглар йиғиндиси    намоён бўлади. Улар инсоннинг хаёл дунёсини тўзғитиб юборади. Минг-минг йиллик тоғлар қошида инсон ўзини чўмолидан-да ожиз ҳис этади. Бир зум хаёллари паришон бўлади. Аммо ҳаёт завқи, яшаш иштиёқи мубҳам хаёллардан устун келади. Гўзаллик инсонни яна қучоғига олади…

Пастда эса кўпирганидан ранги сутдай оқарган Оқсув шовиллаб оқаяпти… Худди умрга ўхшаб…

СИНОВ

Ажаб дунё!  Қизиқ одамлар бор-да. Сен билан баробар юрса атрофингда гирдикапалак бўлади. Ўзини дўст тутади. Сен билан яқинлашиб кетади. Назарингда бу яқинликнинг умри боқийга ўхшаб кўринади ва  меҳрингни берасан унга.

Аммо… Бир қадам ортда қолсанг борми, қайрилиб ҳам қарамайди.  Кетаверади, кетаверади,  кетаверади…

Ҳаётда бу… Баъзан қоқиласан. Баъзан чопиб кетасан. Гоҳ отдасан,  гоҳ  пиёда.

 Қоқилиш – ёнингдаги  кишига баҳо бергувчи энг қулай фурсат.        

УКА

У, ёнида хотини, «Нексия»сини учириб борарди. Иттифоқо боғча рўпарасида қўлида катта сумка, икки боласи билан судралишиб кетаётган опасига кўзи тушди. Ихтиёрсиз   машинасини секинлатди, опасини уйига элтиб қўйгиси келди ва зимдан хотинига қаради.

Эри кўрган манзарадан энсаси қотган жувон қошларини чимириб, қовоғини осилтириб олганди. Хотиннинг турқи масалани ҳал қилди: опасини элтиб қўйишга ҳадди сиғмади ва яна «Нексия»сини учириб кетди…

Лола ЎРОҚОВА