Қашқадарёга оид
Муаллимликнинг, илм-фаннинг нони қаттиқ, ҳаммаям бу йўлга дош беравермайди. Охиригача чидаган инсон чинакам шарафга эришади, илм-маърифат тоғининг энг юксак чўққисига кўтарилади, шу орқали номини мангуликка муҳрлайди. Қуйида ана шундай шарафли номга лойиқ устозлардан айримларини ёдга олдик.
Қурбон Ўлжабоев деган номни кўп эшитганмизу, аммо у ким, қайси иши билан довруқ қозонган, бу ҳақда тўла билмаймиз.

У 1909 йилда Қарши туманидаги Ертепа қишлоғида дунёга келган. Меҳнат фаолиятини 15 ёшида, 1924 йилда Ертепа қишлоқ кенгашида бошлаган. 1930-1933 йилларда қишлоқ кенгаши котиби вазифасида фаолият кўрсатган. 1933-1935 йилларда Самарқанд шаҳридаги университетда таҳсил олган. Ўқишни тамомлагач, 1935 йилдан 1938 йилга қадар Сурхондарё вилояти Денов тумани Ёшлар иттифоқининг биринчи котиби бўлиб ишлаган. 1938-1942 йилларда Тошкентдаги Ўрта Осиё давлат университети тарих факультетида таҳсил олган. Ўқишни тугатиб, Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани машина-трактор паркида сиёсий бўлим бошлиғи вазифасида фаолият олиб борган.
Иккинчи жаҳон урушининг энг қизғин паллаларида Қурбон Ўлжабоев ўз ҳарбий-жанговарлик фаолиятини 1942 йилда Сталинградда бошлаган. У ерда рота сиёсий раҳбари бўлган. 1944 йилда Белоруссия фронтида оғир ярадор бўлиб, иккинчи гуруҳ ногирони сифатида армия сафидан ўз юртига қайтарилган. «Гвардиячи» фахрий унвони, I даражали «Ватан уруши», «Жасорати учун» каби жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган.
Қурбон Ўлжабоевнинг жангларда кўрсатган қаҳрамонлиги Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг «Қуёш қораймас» романидаги бош қаҳрамон Бектемир образида, «Шонли йўл» киноқиссасида ва бошқа кўплаб асарлар, ҳикоялар ва очеркларда гавдалантирилган.
Қурбон Ўлжабоев педагогик фаолиятини 1938 йилда Тошкент темир йўл техникумида ўқитувчиликдан бошлаган ва Қарши педагогика билим юртида давом эттирган. 1945-1949 йилларда Қарши шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган. 1949-1952 йилларда Москвада Ижтимоий фанлар академиясида тингловчи бўлган ва академияда Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларидаги олимлар орасида биринчилардан бўлиб тарих фанлари номзоди диссертациясини ҳимоя қилган. 1952-1955 йилларда Тошкент вилояти партия қўмитасининг тарғибот ва ташвиқот бўлимига раҳбарлик қилган. 1955-1958 йилларда Қашқадарё вилояти партия қўмитасининг котиби вазифасида меҳнат қилган.
Қурбон Ўлжабоев 1958 йилдан 1979 йил май ойига қадар, яъни умрининг сўнгги кунларигача Қарши давлат педагогика институти (ҳозирги Қарши давлат университети)да сермазмун, кенг қамровли фаолият олиб борган. 1958 йилдан 1964 йилгача, сўнгра 1967 йилдан 1972 йилгача институт ректори бўлиб ишлаган.
Унинг халқ маорифини ривожлантириш, Ўзбекистон жанубида суғорма деҳқончилик ва ирригация иншоотлари тармоқларини тараққий эттиришга бағишланган 100 дан зиёд илмий, илмий-услубий асарлари нашр этилган.
Қурбон Ўлжабоев жамоат арбоби сифатида ҳам самарали фаолият олиб борган. У қатор йиллар давомида халқ депутатлари Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари кенгашлари, Қарши шаҳар кенгаши депутати этиб сайланган. 1963-1968 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати бўлган.
«Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси» нишони, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони ҳамда «Ҳурмат белгиси» ордени билан тақдирланган.
Клавихо ҳамда Вамбери асарлари таржимони
Руи Гонсалес де Клавихонинг «Самарқандга – Амир Темур саройига саёҳат» (1403-1406 йиллар) ҳамда Ҳерман Вамберининг «Ўрта Осиёга саёҳат» асарлари тарихчилар учун муҳим манбалардан саналади. Эътиборлиси, ушбу асарларни қашқадарёлик муаллим, олим ва таржимон Очил Тоғаев ўзбек тилига ўгирган. Шунингдек, у Белинский, Горькийнинг адабиётшуносликка доир бир неча мақолаларини, грузин адиби Нодар Думбадзенинг ҳикоя ва қиссаларини тилимизга моҳирона таржима қилган.

Очил Тоғаев 1951-1954 йилларда Қарши давлат педагогика институтида ўзбек адабиётидан дарс берган. Сўнг Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти аспирантурасида ўқиган. Асқад Мухтор ижоди бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1957-1961 йилларда «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири, 1961 йилдан то умрининг охиригача Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида доцент, профессор лавозимларида ишлайди.
Очил Тоғаев ўзбек публицистикасининг йирик билимдони эди. Унинг «Ўзбек бадиий публицистикасининг назарий муаммолари» мавзусидаги докторлик диссертациясида ўзбек публицистикасининг шаклланиши ва тараққиёт босқичлари назарий жиҳатдан асослаб берилган.
Филология фанлари доктори Очил Тоғаев кўплаб шеърлар, очерклар, мақолалар, китоблар муаллифидир. «Асқад Мухтор» (1966), «Кураш ва Қаҳрамон» (1973), «Адиблар ва жанрлар» (1974), «Публицистика жанрлари», «Назир Сафаров» (1976), «Идрок ва ижод» (1982), «Прометей олови», «Қаҳрамон – ижтимоий ҳодиса» (1985), «Ибратли сабоқлар» (1987) каби китоблари, тадқиқот ва ўқув қўлланмалари чоп этилган.
Фан арбоби
Таниқли олим, педагогика фанлари доктори, профессор, фан арбоби Даврон Шодиев 1938 йилда Қарши туманида туғилган. 1960 йилда Низомий номидаги педагогика институти физика-математика факультетини тугатган Д.Шодиев иш фаолиятини Касби туманидаги ўрта мактабларнинг бирида ўқитувчиликдан бошлайди.

Мактабда ишлаган вақтида ҳаракатчан ўқитувчи бир йил ичидаёқ қандай ишлаш кераклигини кўрсатади ва тезда кўпчилик назарига тушади. Талантли ўқитувчини Қарши давлат педагогика институтига ишга таклиф этишади.
Шундан сўнг Даврон Шодиевнинг илмий ва педагогик фаолияти кўп йиллар давомида мазкур олий таълим муассасаси билан боғланади. У институтда кафедра мудирлигидан тортиб, проректорлик даражасигача бўлган турли лавозимларда ишлайди. Энг асосийси эса, кенг қамровли илмий-тадқиқот ишларини олиб борди.
Даврон Шодиев 1993 йилда Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институти раҳбари лавозимига тайинланади. Нафақага чиққунига қадар ушбу институтда фаолият юритиб, кўплаб илмий-тадқиқот ишларини олиб борди, шогирдлар тайёрлади.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, Даврон Шодиев педагогика фанлари доктори (1987), профессор (1988), Россия ижтимоий фанлар (педагогика ва психология) академияси академиги (1995) каби нуфузли даража ва унвонларни қўлга киритган. 20 дан ортиқ фан номзоди ва 5 дан ортиқ фан докторларига устозлик қилган.
Фан соҳасида ва юқори малакали кадрлар тайёрлашдаги улкан хизматлари туфайли 1984 йили Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ўқитувчи, 1998 йилда эса Ўзбекистон Республикаси фан арбоби каби унвонларга сазовор бўлган.
Вилоятда биринчи ва ҳозирча ягона
Кўп китоб ўқийдиган ўқитувчилар кўп ва бу табиий. Аммо халқ учун кутубхона ташкил этганлар сони кўп эмас. Айнан шу ишни кенг қамровда вилоятда биринчилардан бўлиб бошлаган киши Холбой Хонқуловдир. У киши ташкил этган катта кутубхона бугунги кунда ҳам аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Холбой Хонқулов 1932 йилда Касби туманининг Қатағон қишлоғида туғилган. Ёшлигидан илмга чанқоқ, интилувчан Холбой Хонқулов қийин шароитга қарамай, мактабда аъло баҳоларга ўқишга ҳаракат қилди. Қарши шаҳридаги педагогика техникумида таҳсил олиб, Майманоқ қишлоғидаги 4-умумий ўрта таълим мактабига ўқитувчи бўлиб ишга борди.
1959 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг филология факультетига ўқишга кирди. 1964 йилда университетни тамомлаб, ўз қишлоғидаги 3-мактабга ишга келди.
Холбой Хонқуловнинг кейинги фаолияти ана шу даргоҳда кечди. Дастлаб мактабда она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, сўнг директорнинг ўқув-услубий ишлар бўйича ўринбосари, сўнгги 22 йил давомида эса директор бўлиб ишлади.
Бутун фаолиятини ёш авлод таълим-тарбиясига қаратган Холбой Хонқулов нафақага чиққанидан сўнг ҳам жим турмади. Ўз сармояси ҳисобидан қишлоғида мўъжаз кутубхона қуриб, ишга туширди. Бу ерда минглаб бадиий, илмий ва оммабоп адабиётлар жамланган бўлиб, кутубхона Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам эътирофига сазовор бўлган эди.
БЕКЗОД тайёрлади.

