Эътироф
Қашқадарёда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва умуман «учинчи сектор»нинг энг фаол ва ташаббускор вакилларидан бири саналган Республика «Istiqbolli avlod» ижтимоий-ахборот марказининг вилоят бўлими бошқаруви раиси Шахноза Раупова «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмасидан олинган маълумотларга кўра, мамлакатимизда шу ойнинг дастлабки саналарида ташкил этилган Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида пойтахтда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг қарори асосида «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони билан мукофотланганларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Ушбу тадбирда юртимиздаги 20 дан ортиқ ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ва ташаббускор фуқаролар қаторида воҳамизда амалга оширилган кўплаб муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларда фаол қатнашиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши кураш ва жабрланувчиларни реинтеграция қилиш соҳасида самарали фаолият юритиб келаётган Шахноза Раупова ҳам алоҳида эътироф этилиб, унга тантанали равишда кўкрак нишони ва гувоҳнома топширилди.
Шу ўринда эслатиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 майдаги тегишли фармонига мувофиқ таъсис этилган «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ишларига муносиб ҳисса қўшган ҳамда жамиятимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳамда ташаббускор фуқаролар тақдирланадилар. Тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши томонидан амалга оширилади. Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси ҳар йили 8 декабрь – Конституция куни байрами арафасида тантанали вазиятда топширилади.
Тафсилотларга қараганда, Республика «Istiqbolli avlod» ижтимоий-ахборот марказининг вилоят бўлимига 2018 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган Шахноза Раупова кейинги икки йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди, шунингдек, Европа Иттифоқи, Канада Маҳаллий ташаббуслари жамғармаси (CFLI), USAID, АҚШ Давлат департаментининг INL бўлими томонидан қўллаб-қувватланган қатор лойиҳаларни самарали бошқариб, улар доирасида аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, одам савдосига қарши курашиш, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш ва аҳолига бепул юридик ҳамда психологик хизматлар кўрсатиш ишларини мувофиқлаштирган.
Ўз мухбиримиз

