Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судлари томонидан 2025 йилнинг тўққиз ойи давомида коррупция билан боғлиқ 580 шахсга нисбатан 388 та жиноят иши кўриб тамомланган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан шахслар сони 82 нафарга ёки 16,4 фоизга, ишлар сони 74 тага ёки 25,8 фоизга кўпайган.
Бу ҳақда Қашқадарё вилояти судида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни”да маълум қилинди.
Тадбирда вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов ва вилоят маъмурий суди раиси Ғолибжон Давлатов бугунги кунда судлар томонидан коррупцияга қарши қатъий курашиш, судга мурожаат қилган ҳар бир фуқарога нисбатан адолатни таъминлаш, пировардида фуқароларнинг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш учун кўрилаётган зарур чоралар ҳақида кенг маълумотлар беришди.

– Коррупция билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича судланганларнинг 202 (ўтган йилнинг мос даврида – 195) нафари ёки 40,6 (45,5) фоизига ахлоқ тузатиш ишлари, 110 (54) нафарига ёки 22,1 (12,6) фоизига озодликни чеклаш, 100 (97) нафарига ёки 20,1 (22,6) фоизига жарима, 84 (81) нафарига ёки 16,9 (18,9) фоизига озодликдан маҳрум қилиш ҳамда 1 нафарига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган, – деди Абдуқаюм Маҳкамов. – Судланган шахсларнинг 276 (149) нафарига ёки 55,5 (34,8) фоизига ЖКнинг 45-моддаси қўлланилиб, қўшимча жазо тариқасида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган.
“Очиқ эшиклар куни” тадбирлари доирасида оммавий ахборот воситалари ходимлари жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судига ташриф буюришиб, суд мажлиси заллари, суд жараёнининг процессуал қоидалари, судьялар ва суд аппарати ходимларининг хизмат вазифалари билан танишишди. Ташриф давомида иштирокчиларга суд биносининг хизмат хоналари, жиноят ишлари бўйича иш юритиш тартиби, ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши ва суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликнинг таъминланишига оид амалий жараёнлар тушунтирилди.
ОАВ вакиллари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Шоҳиста БОЗОРОВА

