Умрнинг яна бир битикларга бой саҳифаси – 2025 йил ҳам якунланмоқда. У дунё саҳнида кузатилган сиёсий, геосиёсий, ижтимоий–иқтисодий, табиий ва техноген тусдаги воқеа–ҳодисалар, давлат бошқаруви, илм–фан, маданият, спорт олами ҳамда бошқа соҳаларга оид шов–шувлар билан ёдда қолмоқда. Янги йил остонасида улардан инсоният ўртасида энг кўп муҳокама қилинган ва кўпчиликнинг нигоҳини ўзига қаратган айримларини сараладик.
Йил қайтиши
2025 йил 20 январь куни Дональд Трамп АҚШ президенти лавозимига иккинчи марта киришди ва расман 47-президент бўлди. У 45-президент сифатида 2017-2021 йиллар давомида ҳам мамлакатга раҳбарлик қилган. Сиёсатчи АҚШ тарихида президентликни йўқотиб, кейин ушбу лавозимга яна қайтган иккинчи лидер бўлди. Унгача Гровер Кливленд кетма-кет бўлмаган икки муддат хизмат қилган ягона раҳбар ҳисобланарди: 22- (1885-1889 йиллар) ва 24-президент (1893-1897 йиллар).
Дональд Трамп иккинчи инаугурация нутқида «Американинг олтин асри энди бошланади» каби сўзлар билан ўзининг янги маъмурияти мақсадларини очиқлади. Унинг қайтиши мамлакат сиёсатида чуқур бўлиниш ва янги давр бошланишининг рамзи сифатида баҳоланди.
Сиёсатчи президентликка қайта киришиши билан АҚШ ички ва ташқи сиёсатининг бир қатор йўналишларида кескин ўзгаришлар бошланди. Унинг «Америка биринчи» тамойили халқаро муносабатларда ҳам акс этмоқда. Айниқса, бож сиёсати, миграция ва давлат бошқаруви соҳаларидаги қарорлар ҳамон жамоатчилик ва халқаро майдонда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. У бошчилигидаги маъмуриятнинг дастлабки қадамлари мамлакат сиёсатида кескинлик ва қарама-қаршиликларни кучайтиргани билан ажралиб турибди. Бу қарорлар тарафдорлар учун миллий манфаатларни ҳимоя қилиш сифатида, танқидчилар учун эса хавфли сиёсий йўналиш сифатида баҳоланмоқда.
Йил офати

2025 йил 28 март куни Мяньманинг марказий қисмида 7,7 балли зилзила содир бўлди. Бу мамлакатда 1912 йилдан буён кузатилган энг кучли ер силкинишларидан бири сифатида баҳоланиб, катта вайроналарга олиб келди. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу табиий офат натижасида ҳалок бўлганлар 5 000 нафардан ортиқни ташкил этган. Яна минглаб одамлар жароҳатланган ва дараксиз йўқолган. Кўп уйлар, бинолар, ички йўллар, кўприклар ва бошқа муҳандислик иншоотлари зарар кўрган. Айниқса, Нейпйидо, Мандалай, Сагайн каби шаҳарларда катта вайроналар кузатилди. Фуқаролар электр, сув, алоқа хизматларидан маҳрум бўлиб қолган. Зилзила мамлакат иқтисодиётига тахминан 11 миллиард доллар атрофида зарар келтиргани айтилади.
Табиий офат таъсири Таиланд, Хитой ва Вьетнамда ҳам сезилган. Ҳатто Бангкокда бир неча бинолар вайрон бўлган, ижтимоий объектлар зарарланган.
Яна бир фожиа – жорий йил 26 ноябрда Гонгконгнинг Тай По (Tai Po) туманидаги Wang Fuk Court кўп қаватли турар жой мажмуасида содир бўлган алангаланиш қурбонлар сони бўйича шаҳарда 1948 йилги йирик ёнғиндан кейингиси бўлди.
Қарийб 43 соат 27 дақиқа давом этган техноген офат натижасида камида 160 одам ҳалок бўлган, 79 нафари жароҳатланган ва 6 киши бедарак йўқолган. Ҳалок бўлганлар орасида бир ўт ўчирувчи ҳам бор.
Ёнғин бир блокнинг ташқи томонидан бошланиб, пенопластдан тайёрланган панелларга ва хонадонлар ичига ўтган ҳамда шамол таъсирида баланд қаватларга ҳам кўтарилиб, 8 та блокдан 7 таси кучли ёнган. Алангани бартараф этиш учун минглаб ёнғин ўчириш ва тиббий хизмат ходимлари жалб этилган.
Йил юбилейи

2025 йил 9 май. Инсоният тарихидаги энг оғир ва ҳалокатли қуролли қарама-қаршиликлардан бири – Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага 80 йил тўлди. 1939-1945 йилларни қамраб олган бу уруш миллионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлгани, шаҳар ва қишлоқлар вайрон қилингани ва бошқа кулфатлари билан халқлар тақдирида чуқур из қолдирган.
Ғалаба осонликча қўлга киритилмаган. Жангчи аскарлар, орқа фронтда меҳнат қилган аёллар, қариялар ва болаларнинг сабр-тоқати, жасорати ва фидокорлиги туфайли фашизм мағлубиятга учратилган. Ўша йиллари Ўзбекистон халқи юз минглаб ўғлонларини жанг майдонларига жўнатиб, эвакуация қилинганларга паноҳ берган, орқа фронтда ҳам беқиёс хизмат қилган.
Бевосита урушга сафарбар этилган 1,5 миллионга яқин ўзбекистонлик Москва, Ленинград, Сталинград, Курск жангларида, шунингдек, Берлинни ишғол этишда фаол қатнашганлар. Умуман, собиқ иттифоқда урушда ҳалок бўлган ҳарбийлар ва фуқаролар сони тахминан 27 миллион киши атрофида бўлган. Бунинг ичида жангларда жон берган аскарлар ва орқа фронтдаги фуқаролар, яъни бомба урушлари, очарчилик ва меҳнат шароитлари туфайли ҳалок бўлганлар ҳам бор.
Хитойда Ғалаба куни 3 сентябрда Япония агрессиясига қарши Хитой халқининг қаршилик кўрсатиш урушидаги ғалаба ва Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги муносабати билан нишонланади. Бу сана Япония томонидан таслимнома имзоланган ва Иккинчи жаҳон урушига узил-кесил нуқта қўйилган куннинг эртасига белгиланган. Шу муносабат билан Пекинда ўтказилган ва 20 дан ортиқ хорижий давлатлар лидерлари таклиф этилган хотира тадбирлари ҳамда парадда 12000 ҳарбий хизматчи иштирок этди.
Йил сайлови

2025 йил 21 апрелда Рим папаси Франциск 88 ёшида вафот этди. Католик жамиятида расмий маросимлар, мотам ва собиқ папани хотирлаш тадбирлари ўтказилди. Дунё етакчилари, сиёсатчилар ва диний жамоалар унинг вафоти билан чуқур қайғуда эканликларини билдирдилар. Асли исми Хорхе Марио Бергольо бўлган аргентиналик кардинал 2013 йил 13 мартда папа этиб сайланган эди.
Жорий йил 8 майда кардиналлар конклави бўлиб ўтаётган Систина капелласи мўрисидан оқ тутун кўринди, бу янги папа сайланганига ишора. 1955 йилда Америкада туғилган Роберт Фрэнсис Превост ушбу лавозимнинг 267-эгаси бўлди. АҚШдан сайланган биринчи понтифик ўзига «Лев XIV» номини танлади.
Йил хавотири

2025 йил 13 июнга ўтар кечаси Исроил томонидан Эроннинг юқори мартабали ҳарбийлари ва ядровий дастурида иштирок этувчи олимлари яшайдиган манзиллар ҳамда стратегик объектлари нишонга олиниши ортидан бошланган қарама-қаршилик тарихга «12 кунлик уруш» номи билан кирди.
Кўп йиллардан бери ўзаро сиёсий зиддиятда бўлиб келган икки мамлакат бир-бирларига нисбатан турли айбловларни илгари суради. АҚШ ҳимоясидаги яҳудийлар Эронни минтақадаги Исроилнинг душманлари бўлган гуруҳларни, жумладан, Ҳизбуллоҳ, Ҳамас ҳамда бошқаларни молиявий ва ҳарбий қўллаб-қувватлашда айблаб, унинг ядровий дастури ва ҳарбий салоҳияти ортиб бораётганидан қаттиқ ташвишга тушган. Эрон эса Исроилнинг минтақадаги босқинчилик ва қирғин сиёсатига қарши.
Форсларнинг ядро қуроли яратиш имконияти ва стратегик қароргоҳларини йўқ қилишга қаратилган 12 кунлик урушнинг биринчи сонияларида ядровий муҳандислар ва генераллар ҳалок бўлди. «Темир гумбаз»га ишонган Исроил эса Эроннинг жавоб зарбалари бу даражада қақшатғич бўлишини кутмагани аниқ. Натижада ҳар икки томон салмоқли зарар кўрди, инфратузилма ва шаҳарлар ҳужумлар таъсирида қолди.
Ниҳоят, 24 июнь куни АҚШ ва Қатар воситачилигида томонлар ўзаро ўт очиш ҳамда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Шу билан учинчи жаҳон уруши хавотирларини қўзғатган ҳарбий зиддият (ҳозирча) якун топди.
Бундан олдинроқ икки ядровий давлат – Покистон ва Ҳиндистон ўртасида бўлиб ўтган ҳарбий зарбалар алмашинуви ҳам дунё ҳамжамиятида ташвиш уйғотган эди. Ҳиндлар Покистонни 22 апрелда Кашмирдаги Паҳалгам шаҳрида содир этилган ва натижасида 26 нафар сайёҳ вафот этган теракт ижрочиларини қўллаб-қувватлаб келганликда айблаши ортидан икки томон муносабатлари яна кескинлашди. 7 май куни Ҳиндистон қўшни давлат томонидаги «террор ҳаракатларига» қарши ҳаво ва ракета зарбалари беришни бошлади. Шундан бошланган қарама-қаршиликда икки томон ҳам артиллерия, дронлар ва авиацияни ишга солди, бу бир неча кун давом этган энг жиддий тўқнашувга айланди. Оқибатда, Покистон томони маълумотларига кўра, урушда 51 киши, жумладан 40 фуқаро ва 11 ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, 199 дан ортиқ одам жароҳатланди. Ҳиндистон ҳам ўз томонидан йўқотишларни ҳисоблаб, ҳарбий хизматчилар ва техникалар йўқотилганини тан олди. Ниҳоят, 10 майда тарафлар АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди.
Ядро қуролига эга давлатлар бўлгани учун Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳар қандай ҳарбий тўқнашув бутун минтақага хавф солиши мумкинлигини унутмаслик керак.
Йил битими

2025 йил 8 августда Вашингтонда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян АҚШ президенти Дональд Трамп иштирокида тинчлик келишувини имзолашди. Бу ҳужжат моҳиятан Қорабоғ бўйича икки давлат ўртасида 1988 йилдан бери давом этиб келган низоларни бартараф этишни кўзлайди.
У расман «Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси ўртасида тинчлик ва давлатлараро муносабатлар ўрнатиш ҳақида» деб номланган. Унга асосан тарафлар ўзаро ҳудудий даъволардан воз кечиш, дипломатик алоқалар, савдо ва транспорт йўлларини тиклаш каби қатор муҳим масалалар ҳақида келишиб олишган.
Яна, жорий йилнинг октябрь ойида АҚШ, Қатар, Миср воситачилигида Исроил ва Ҳамас ўт очишни тўхтатиш, гаровдаги шахслар ва вафот этганлар қолдиқларини алмашиш, Ғазога гуманитар ёрдам киритилишига йўл очиш каби чоралар белгиланган биринчи босқич келишувга рози бўлди. Бу муҳим халқаро сиёсий воқеа бўлиб, минтақада кечган икки йиллик қамал ва очарчиликни бартараф қилишга қаратилган катта қадам сифатида баҳоланди. Бироқ бу барчаси ҳал бўлганини англатмайди. Кейинги босқич – урушнинг расман якунланиши ва умумий тинчлик келишуви ҳали ишга тушмаган.
Йил ўғирлиги

2025 йил 19 октябрда Париждаги Лувр музейида 76 миллион фунт стерлинглик шов-шувли ўғирлик содир бўлди. Ўғрилар «Аполлон галереяси»даги тўққизта заргарлик буюмини ўмарган. Наполеон III нинг хотини – император Евгенияга тегишли тож кўчадан синиқ ҳолда топилган. Қолган 8 та буюм ҳали ҳам йўқ. Интерпол йўқолган буюмларни ўзининг махсус «Stolen Works of Art» базасига киритган.
Далиллар музей қўриқчиларидан бири ўғриларга хавфсизлик тизими ҳақидаги махфий маълумотларни берган бўлиши мумкинлигини кўрсатган. Манбалар қўриқчи воқеага қадар гумон қилинаётган жиноятчилар билан алоқада бўлиб тургани ва уларга муҳим маълумотларни тақдим этгани эҳтимолини қайд этган. Париж прокурори Лор Беккуо жиноят жойидан 150 та ДНК намунаси ва бошқа излар топилгани, видеокузатув камералари ёзувлари эса иккита Yamaha TMax скутерида бўлган жиноятчилар ҳаракатланган йўналишга тушиш имконини берганини маълум қилган. Сўнгги хабарларга кўра, жиноятчиларнинг айримлари қўлга олинган.
Йил турнири

2025 йил 31 октябрь – 27 ноябрь кунлари Жаҳон шахмат федерацияси Ҳиндистоннинг Гоа штатида FIDE Chess World Cup 2025 турнирини ўтказди. 206 нафар даъвогар баҳс олиб борган мусобақа финалида ўзбекистонлик 19 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдаров ғалаба қозониб, кубок соҳибига айланди.
У финалгача жуда кучли рақибларни мағлуб этди. Юй Яъни, Фредерик Сване, Жозе Мартинес ва Нодирбек Ёқуббоев шулар жумласидан.
Бир қатор топ шахматчилар, жумладан, Ян Непомнящий, Весли Со ва Ҳанс Ниман мазкур турнирда 2 раунд ва кейинги босқичларда мағлуб бўлишди.
Жавоҳир Синдаров финалда Хитой вакили бўлган моҳир шаҳматчи Вэй И устидан умумий 2,5-1.5 ҳисобида ғалаба қозониб, жаҳон чемпионлигига даъвогар шахматчини аниқлаб берадиган 2026 йилги номзодлар турнирига йўлланма олди.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.

