2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили
Бутун дунёга машҳур «Masdar» компанияси (Бирлашган Араб Амирликлари) томонидан таъсис этилган «Nur Kashkadarya Solar PV» масъулияти чекланган жамияти вилоятимиз ҳудудида қуввати 300 мегаваттга тенг қуёш фотоэлектр станцияси (ҚФЭС) ҳамда 75 мегаваттга тенг электр энергиясини сақлаш тизимини барпо этишга киришди. Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 60 мингдан ортиқ хонадон барқарор электр энергияси билан таъминланиб, атмосферага йилига 400 минг тонна карбонат ангидрит (СО2) ташланишининг олди олинади.
Хабарингиз бор: жорий йил 5 декабрь куни мамлакатимиз Президенти пойтахтда ўтказилган «Барқарор энергетика – Янги Ўзбекистоннинг келажак сари ишончли қадами» мавзусидаги анжуманда кўплаб хорижий мамлакатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар мутасаддилари иштирокида рамзий дастакни босиб, 42 та янги энергетика қуввати ва инфратузилма объектини ишга туширди ва навбатдаги 21 тасининг қурилиши бошланишига старт берди.
«Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar» компаниясининг расмий сайтида маълум қилинишича, шу куни ишга туширилган энергетика объектлари орасида мазкур компания томонидан барпо этилган 250 МВт қувватга эга «Nur Bukhara» қуёш электр станцияси ва 63 МВт/126 МВт қувватли электр энергиясини сақлаш тизими бўлиб, айни пайтда Қашқадарёда бажарилаётган «Masdar Guzar» лойиҳаси пойдеворига ҳам асос солинди.
– «Masdar» компанияси тоза энергетикани ривожлантиришга қаратилган улкан лойиҳада Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори эканлигидан фахрланади, – деди компания бош директори Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳий. – «Nur Bukhara» станциясининг очилиши биринчи марта интеграциялашган қуёш энергияси ва аккумулятор батареяларининг афзалликларини кенг миқёсда амалга оширишга имкон берадиган муҳим босқични англатади. «Masdar Guzar» лойиҳаси ва бугун имзоланган бошқа шартномалар Ўзбекистон иқтисодиётидаги иштирокимизни кенгайтириб, ҳамкорлигимизни янада чуқурлаштиради.
Мамлакатимиз энергетика вазирлиги мутасаддиларининг эътироф этишича, «Masdar» компанияси Ўзбекистонда «яшил» энергетикани ривожлантириш соҳасида биринчи бўлиб ҳамкорликни йўлга қўйган ва 2021 йилда мамлакатда дастлабки қуёш фотоэлектр станциясини фойдаланишга топширган. Ўтган қисқа вақт ичида «Masdar» компанияси билан ҳамкорликда умумий қуввати 1247 МВт бўлган бешта қуёш ва 500 МВт қувватга эга битта шамол электр станциялари ҳамда 63 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизими муваффақиятли ишга туширилди. Энди эса вилоятимизнинг Ғузор ва Қамаши туманлари чегарасида 300 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши бошланди. Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, ушбу лойиҳалар юртимиз энергия тизимига йирик қайта тикланувчи энергия манбаларининг интеграциялашувига ва Ўзбекистон энергетика секторини янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.
Таъкидлаш жоизки, компания вакиллари томонидан «Masdar Guzar» лойиҳаси, деб аталадиган ташаббус Ўзбекистон ҳужжатларида Осиё тараққиёт банкининг молиявий ва техник кўмагида амалга ошириладиган «Қашқадарё вилоятида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини ҳамда 75 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш ва бошқариш» лойиҳаси, деб юритилади. Имзоланган битимлар ва қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан «Masdar» компанияси томонидан таъсис этилган «Nur Kashkadarya Solar PV» МЧЖ лойиҳа бўйича хусусий шерик ҳисобланади ва унинг доирасида тегишли объектларни молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, ишга тушириш ва синовдан ўтказиш, уларга эгалик қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва фойдаланиш, ишлаб чиқарилган электр энергиясини етказиб бериш (сотиш), шунингдек, қуёш фотоэлектр станциясини ягона электр энергетика тизимига улаш учун қуриладиган ҳаво электр узатиш тармоқлари ва бошқа электр инфратузилмасини барпо этиш каби вазифаларни бажаради. Давлат шериги – «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти эса хусусий шерик томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини 25 йил давомида кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олган. Битимларга кўра, 1 киловатт-соат электр энергияси учун чет эл валютасида деноминацияланган 0,03 АҚШ доллари ва электр энергиясини сақлаш тизимининг фойдаланишга тайёр ҳолати учун ҳар бир мегаваттига (соатига) 6,33 АҚШ доллари миқдорида тариф ўрнатилган.
«Masdar» компанияси ҳисоботларида кўрсатилганидек, 733 гектардан ортиқ майдонда рўёбга чиқариладиган «Masdar Guzar» лойиҳаси доирасида ярим кесилган монокристалли кремний технологияси асосида ишлаб чиқарилган 578 мингтадан зиёд фотоэлектр модули, бир ўқли кузатув мосламаси, инверторлар ва трансформаторлар, шунингдек, 27 та контейнердан иборат литий-ион фосфатли электр энергиясини сақлаш тизими ўрнатилади, икки трансформаторли 35/220 киловольт кучланишли подстанция ва бир қатор бинолар, шу жумладан, оператив бошқарув маркази, офис ва хизмат хоналари, қўриқхона, омборлар ва дўконлар, М39 трассасидан кириш йўли ва табиий дренаж тизими қурилади. Бундан ташқари, ҳудудда мавжуд «Ғузор» подстанциясига уланиш учун узунлиги 658 метрга тенг ҳаво электр узатиш линияси комбинациялашган кабели ва 915 метр узунликдаги ер ости кабели тортилади. Режага мувофиқ, умумий қиймати 600 миллион доллардан зиёд бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ва электр энергиясини сақлаш тизимини 2027 йилда ишга тушириш назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз: «Masdar» компанияси томонидан қурила бошланган қуёш фотоэлектр станцияси вилоятимизда бундай йирик энергетика объектларидан иккинчисидир. Биринчиси Нишон туманида Хитойнинг «China Energy Engineering Corporation» компанияси иштирокида барпо этилган бўлиб, унинг қуввати соатига 500 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Мазкур лойиҳага 336 миллион АҚШ доллари сарфланган бўлиб, 2023 йил декабрь ойида тугалланган биринчи босқичда 200 МВт қувват ишга туширилган, жорий йилда эса станция тўлиқ 500 МВт қувватга эришди. Қурилиш учун қуёш ҳаракатига автоматик равишда мослашадиган, ҳар бирининг қуввати 540 дан 570 ваттгача бўлган 1 миллиондан зиёд қуёш панеллари, кўплаб бошқа жиҳоз ва анжомлар, металл маҳсулотлари олиб келинган. Шунингдек, янги подстанция, иккита трансформатор ва маъмурий бинолар қурилган.
Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда мамлакатимизда умумий қуввати 5 минг 582 мегаваттга тенг бўлган қуёш ва шамол электр станциялари ишлаб турибди. Улар томонидан жорий йилда 10 миллиард киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Ўз мухбиримиз

