Буюк Британияда етти йил давомида саратонга қарши муолажа олиб келган эркак аслида умуман ушбу касалликка чалинмаган экан. Бу ҳақда BBC News хабар тарқатган.
2018 йилда Нанитон шаҳридаги Жорж Элиот шифохонаси шифокорлари томонидан Саймон Пирсонга нотўғри ташхис қўйилган. Яъни унда келажакда ўғилларига ҳам ўтиши мумкин бўлган ноёб қон саратони борлиги айтилган. Ўтган йиллар давомида у ўнлаб муолажаларни бошдан кечириб, 2025 йилда ташхис хато эканини билган.
«Нима бўлганини тўлиқ англай олмадим ва менда жуда кўп саволлар туғилди. Ишонмадим, бунинг ярми қувонч, ярми эса ҳайрат эди», деб эслайди у.
Шифохона маъмурияти мижози оиласидан узр сўраган. Саймон Пирсон эса улар нотўғри ташхис билан нафақат ўзига ноқулайлик туғдиргани, балки азоб-уқубат ҳам етказганини англаб етган бўлишларига ва келажакда шунга ўхшаш ҳолатларга йўл қўймасликларига умид билдирган.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари британияликка «арзимас узр»лар учун ортга чекинмасдан, судга мурожаат қилишни тавсия қилишган.

