16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

Қашқадарёга оид

27 июнь – нафақат матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари меҳнатини эътироф этиш, рағбатлантириш, балки соҳа ривожи йўлида хизмат қилган марҳум ижодкорларга эҳтиром кўрсатиш, ёд этиш фурсати ҳамдир. Рукнимиз мезонларидан келиб чиқиб, Қашқадарё вилоятидан чиққан, халққа манфаатли ишлар қилган марҳум журналистларни ёдга оламиз.

Мадрасада «старт» олган радио

Қашқадарё вилоятида радио соҳаси ривожи ҳақида сўз бораркан, Қурбон Эгамбердиевни эсламасликнинг имкони йўқ. У 1933 йилда Қарши шаҳрида туғилган. Ўрта маълумотни Қарши шаҳридаги 2-мактабда олган. 1956 йили Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1956 йилда Қарши шаҳридаги 2-мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1957-1964  йилларда Қашқадарё вилояти радиоэшиттириш қўмитасида мухбир, бош муҳаррир вазифаларида ишлаган. 1964-1994 йилларда Қашқадарё вилояти телерадиокомпанияси раиси лавозимида  фаолият юритган.

1964 йилда Қашқадарё вилояти Сурхондарёдан алоҳида ажралиб чиққанидан сўнг воҳада янгидан радиоэшиттиришларни йўлга қўйишда Қурбон Эгамбердиев хизматлари катта бўлди. Дастлаб Қарши шаҳрининг Эски шаҳар ҳудудида жойлашган Бекмир қозоқ мадрасасида ташкил этилган вилоят радиоси унинг саъй-ҳаракатлари билан 1981 йилда янги бинода ўз фаолиятини давом эттирди. Қурбон Эгамбердиев Қашқадарё телевидениесининг тамал тошини қўйган раҳбар сифатида ҳам эътироф этилади. Кўплаб журналистларга устозлик қилган.

Қурбон Эгамбердиев «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони, «Дўстлик», «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан тақдирланган.

Прокуратурадан журналистикага

Адолат посбонлари ва оммавий ахборот воситалари яхши танийдиган, ҳурмат қиладиган кишилирдан бири Довуд Мадиевдир. У 1952 йилда Касби туманида туғилган. Ўрта маълумотни тумандаги 2-мактабда олган. 1975 йилда Россия Федерациясидаги Орёл давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. 1986 йилда Россия давлат бутуниттифоқ юридик институтининг ҳуқуқшунослик факультетида сиртдан ўқиган.

Меҳнат фаолиятини 1975 йилда Касби туманидаги 1-ўрта умумтаълим мактабида ўқитувчиликдан бошлаган. Фаолиятини 1976-1980 йилларда Қарши давлат педагогика институтида давом эттирган.

Довуд Мадиев 1980-1987 йилларда Касби тумани ижроия қўмитасида ташкилий бўлим йўриқчиси, 1987-1988 йилларда Қашқадарё вилоят прокурорининг кадрлар бўйича катта ёрдамчиси, 1988-1992 йилларда Ўзбекистон Компартияси Қарши шаҳар қўмитаси йўриқчиси, умумий бўлим бошлиғи, 1992-1996 йилларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қашқадарё вилоят кенгашида депутатлар билан ишлаш бўлимида ташкилотчи-маслаҳатчи, ташкилотчи, бўлим мудири ўринбосари вазифаларида фаолият олиб борди.

Довуд Мадиев 1996-2005 йилларда Қашқадарё вилояти прокурорининг қонунларни мужассамлаштириш ва ҳуқуқ тартиботи бўйича катта ёрдамчиси, қонунчилик тарғиботи бўйича катта ёрдамчиси, халқаро-ҳуқуқий масалалар бўйича катта ёрдамчиси, 2005-2006 йилларда Қарши тумани прокурори ёрдамчиси, катта ёрдамчиси вазифаларида самарали меҳнат қилди. Прокуратура муассислигида чоп этилган «Адолат кучи» газетасининг ташкил этилишида жонбозлик кўрсатди.

Довуд Мадиевнинг кейинги фаолияти журналистика соҳаси билан боғлиқ. 2006-2012 йилларда «Ишонч» газетасида ҳуқуқ ва халқаро ҳаёт бўлими муҳаррири, «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари бош муҳаррири ўринбосари (русча нашр бўйича) лавозимида ишлади. «Қатрадаги қалб» номли шеърий тўплами нашр қилинган.

Довуд Мадиев 2011 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

БЕКЗОД тайёрлади.