16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Илм-фан

ГРАНТДА ЎҚИШ ЭНДИ ВАҚТИНЧА…

қолгани талабанинг ҳаракатига боғлиқ

Кейинги йилларда олий таълим тизимида кўплаб янгиланишлар, ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Кредит-модуль тизими, кириш имтиҳонларидаги имтиёзлар, кечки ва масофавий таълимга кенг ўрин берилаётгани, тизимда коррупцион ҳолатларнинг барҳам топаётгани шулар жумласидан. 2025 йилда соҳада яна бир янгиликка жазм этилди. Энди таълим грантлари талабалар ўртасида қайта тақсимланади. Аввалгидек, грантда ўқиётган талаба тўрт йил шу тарзда қолмайди, у бу даражани сақлаб қолиш учун ҳаракат қилишга мажбур. Хўш, бу қандай тартиб бўлди? Кимлар грант учун талабгор бўлиши мумкин?

Таълим ва ислоҳот

Қарши давлат техника университети масъуллари бу каби саволларга жавоб берадилар.

Зафар ЧОРШАНБИЕВ, ўқув ишлари бўйича проректор:

– 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб бакалавриат ва магистратурага қабул қилинган талабаларга таълим гранти фақат бир ўқув йили учун ажратиладиган бўлди. Натижада «аълочи» талаба ҳақиқатан шу даражага муносиб эканини ҳар йили исботлашига тўғри келади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 мартдаги қарори билан тасдиқланган «Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ, янги ўқув йилидан бошлаб, талабаларга бериладиган грантлар икки турга ажратилади: ижтимоий-рағбатлантирувчи ва таълим гранти.

Ижтимоий-рағбатлантирувчи таълим гранти қонунчиликда белгиланган имтиёзлар асосида давлат гранти бўйича ва мақсадли қабул доирасида талабаликка қабул қилинганларга ажратилади. Бу грант тармоқ ва соҳалар, давлат органлари ва ташкилотларининг грантлари соҳиблари учун ҳам берилади. Талабалар бу грантни ўқишни тугатгунча сақлаб қолишлари мумкин.

Таълим гранти эса умумий квота доирасида талабаликка қабул қилинадиган ёшларга бир йил муддатга берилади. Кейинги ўқув йилидан бошлаб, таълим гранти асосида ўқиш билимли талабаларнинг ўзлаштириш натижаларига қараб қайта тақсимланади.

Биринчи курсда таълим гранти олий таълим ташкилотларига ажратилган давлат буюртмаси квотасига мувофиқ, кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган талабаларга ажратилади. Аммо иккинчи ва ундан кейинги курсларда таълим гранти юқори академик рейтинг кўрсаткичларига эришган ва ижтимоий фаол талабалар орасида олий таълим ташкилотлари томонидан табақалаштирилган тартибда қайта тақсимланади.

Шунингдек, таълим гранти табақалаштирилган тартибда молиялаштирилади ва стипендия фақат тўлиқ таълим грантини ютган талабаларга тўланади. Бу эса, талабаларнинг ҳар йили ўз билим ва ижтимоий фаолликларини намойиш қилишларини талаб қилади.

Ижтимоий-рағбатлантирувчи грант соҳиби бўлган талабаларга эса давлат гранти уларнинг ўқиш даври учун тўлиқ ҳажмда тақдим этилади, яъни бу талабалар ўз грантларини бутун ўқиш даври давомида сақлаб қолишади.

Айни шу кунларда, аниқроғи жорий йил 10 августга қадар грант тақсимоти учун талабгорлар ариза топширишмоқда. Уларнинг аризалари олийгоҳларнинг веб-сайтлари ёки kontrakt.edu.uz сайти орқали қабул қилиняпти.

Талабалар ариза беришда 3 хил грантдан бирини танлаши керак (бу ерда GPA (Grade Point Average) таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган балларининг ўртача қиймати ҳисобланади):

1. Тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган грант (GPA 3,5 дан баланд бўлганда).

2. Қўшимча давлат гранти (фақат ижтимоий ҳимоя реестрида «қизил» ва «сариқ» тоифадаги оилалар аъзолари учун, GPA 4 дан баланд бўлганда).

3. Олий таълим муассасаси гранти (GPA 3,3 дан 4 гача бўлганда).

Эслатиб ўтамиз, имтиёзли ёки мақсадли грантга кирганлар, шунингдек, сиртқи, кечки ва масофавий шаклда ўқийдиганлар бу жараёнда ариза юбориш имкониятига эга эмас.

Демак, эндиликда таълим гранти олиш учун талабалар фақатгина GPA ёки ижтимоий ҳолат асосида эмас, балки аниқ баҳолаш мезонлари бўйича танловдан ўтади. Бунинг ўзига хос талаблари бор. Аввало, талабанинг GPA ўзлаштириш кўрсаткичи 3,5 ва ундан юқори бўлиши шарт. Паст бўлса, иштирок этишнинг ҳожати йўқ. Талабалар расмий сайт орқали рўйхатдан ўтади ва ютуқларини тасдиқловчи ҳужжатларни юклайди.

Анваржон АБДИЕВ, университет ўқув-услубий бошқармаси бошлиғи:

– Талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими (HEMIS) орқали шакллантирилади. Бунда талабаларнинг GPA кўрсаткичи юздан бир улушда ҳисобланади.

Грантларни қайта тақсимлашда талабаларнинг академик кўрсаткичлари (GPA) ва ижтимоий фаоллиги асосий мезон сифатида олинади. Бу эса талабалардан нафақат ўқишда, балки жамоат ишларида ҳам фаолликни талаб этади.

Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия томонидан таълим грантига талабгорларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳисоблаб чиқилади ва мутаносиб тарзда 80 баллик мезонда  баҳоланади ҳамда ушбу комиссия баёни билан расмийлаштирилади. Бунда талабаларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичи талабаларнинг GPA кўрсаткичини 16 сонига кўпайтириш орқали аниқланади. Масалан, талабанинг GPAси 3,8 бўлса, унинг академик ўзлаштириш кўрсаткичи 60,8 га тенг бўлади. У қолган баллни ижтимоий фаоллиги бўйича тўплаши лозим.

Низомга мувофиқ, талабанинг ижтимоий фаоллиги 20 баллик мезонда баҳоланади. Бунда унинг китобхонлик маданияти, 5 та муҳим ташаббус доирасидаги тадбирлардаги иштироки, халқаро ва республика миқёсидаги танловлар, фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларидаги натижалари, волонтёрлик ва жамоат ишларидаги фаоллиги, олий таълим ташкилотининг ички тартиб қоидалари ва Одоб-ахлоқ кодексига риоя этиши, дарсларга тўлиқ ва кечикмасдан келиши билан боғлиқ 11 та мезон қўлланилади. Барча баллар қўшилиб, умумий натижани «5» сонига бўлиш орқали ижтимоий фаоллик кўрсаткичи аниқланади.

Имтиёз асосида давлат грантига кирган талабалар, яъни халқаро олимпиада ғолиблари, турли давлат мукофоти соҳиблари, орган ходимларининг фарзандлари, ногиронлиги бор абитуриентлар, тавсиянома олган хотин-қизлар ва бошқалар ҳамда мақсадли қабул билан кирганлар учун ушбу тартиб қўлланмайди, яъни уларга грант 4 йил муддатга берилади.

«Бир марта давлат грантидан маҳрум бўлган талаба кейинги ўқув йилида яна грантга талабгор бўла оладими?» деган савол бўлиши табиий. Ҳа, албатта, талабгор бўла олади. Грант ўринлари учун танлов ҳар йили июль-август ойларида янгидан ўтказилади. Бунда ўтган йилги танлов натижалари ҳисобга олинмайди. Барчаси янгидан бошланади. Жорий ўқув йили давомида GPA кўрсаткичи 3,5 дан баланд бўлган барча талабалар грантга даъвогар бўла олади. Бир марта грантдан маҳрум бўлган талаба келгуси йили яхши ўқиса, яна грант олиши мумкин.

Бир сўз билан айтганда, бу мезонлар талабаларни ҳар томонлама ривожланишга ундайди, улар ўртасида соғлом рақобат ҳосил қилади. Ёшлар энди фақат ўқиш билан чекланиб қолмасдан, жамият ҳаётида, тадбирларда ва спорт мусобақаларида ҳам фаол иштирок этишга ҳаракат қилади.

Абдураззоқ МУРОДОВ ёзиб олди.