Россия президенти Владимир Путин чет эл фуқаролари учун давлат божларини сезиларли даражада оширишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Тегишли ҳужжат мамлакат расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган.
Янги қонунга мувофиқ, бир қатор хизматлар бўйича давлат божлари оширилади. Жумладан, Россия фуқаролигини олиш учун тўлов 4,2 минг рублдан 50 минг рублгача, яъни қарийб 12 баробарга кўтарилади.
Вақтинчалик яшашга рухсатнома расмийлаштириш учун бож қарийб 8 баробарга оширилиб, энди 15 минг рублни ташкил этади.
Яшаш гувоҳномасини (доимий яшаш ҳуқуқини) олиш учун тўлов эса 6 минг рублдан 30 минг рублга, яъни 5 баробарга кўпаяди.
Шунингдек, чет эллик ишчиларни жалб қилиш рухсатномаси учун давлат божи жорий этилади: ҳар бир ёлланган мутахассис учун 15 минг рубль.
Айни пайтда қонунда айрим тоифадаги шахслар учун имтиёзлар ҳам белгиланган. Жумладан, президент фармони билан Россия манфаатларига хизмат қилувчи шахслар деб эътироф этилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари вақтинчалик яшашга рухсатнома ва яшаш гувоҳномаси учун давлат божини тўламайди.

