Бугуннинг гапи
Олимпиада ўйинларининг машҳур шиори эндиликда «Тезроқ, баландроқ, кучлироқ – Биргаликда» деб номланади. Бу ҳар бир спортчини мусобақаларда ғалаба қозониш учун қатъий ҳаракат қилишга ундаши билан бирга, спортда дўстлик, ҳамжиҳатлик туйғулари устувор эканлигини ҳам англатади. Бинобарин, спортнинг жамият учун аҳамияти қанчалик муҳим бўлса, унинг ҳар бир инсон камолотидаги ўрни ҳам беқиёсдир.
Жорий йил 7 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг ана шу жиҳатлари алоҳида тилга олинди, келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди. Хўш, бу университетлар миқёсида қандай натижалар беради? Нималар ўзгаради? Ушбу саволларга Қарши давлат техника университети мисолида жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Энг асосийси – оммавийлик
Университетда спортга мутлақо янгича қараш шаклланган. Унга қўшимча машғулот эмас, балки баркамол инсонни тарбиялайдиган муҳим ҳаёт мактаби сифатида қаралмоқда.
Олийгоҳдаги замонавий спорт инфратузилмаси бу фикрни янада мустаҳкамлайди. Ҳозирги кунда бу ердаги 24 та спорт иншооти фаол фойдаланишда. Ёпиқ ва очиқ майдонларнинг уйғунлиги туфайли талабалар йилнинг исталган фаслида спорт билан мунтазам шуғулланиш имкониятига эга. Энг аҳамиятлиси, бу имкониятлар нафақат талабалар, балки профессор-ўқитувчилар ва аҳоли учун ҳам очиқ.
– Масаланинг яна бир жиҳати – университетда бўлажак муҳандислар ва иқтисодчилар тайёрланади, – дейди ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор Аброр Муртазаев. – Уларнинг нафақат билимли, рақобатбардош, малакали, балки жисмонан соғлом мутахассис бўлиши ҳам жамият ривожи учун зарур.
Ўтган йили университет талабалари халқаро ва республика даражасидаги мусобақаларда муносиб иштирок этиб, медалларга эга бўлишди. Универсал жанг бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медаль, «Беш ташаббус олимпиадаси» мусобақаларида стол тенниси бўйича бронза медали, пара сузиш бўйича катталар ва ёшлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати бронза медали, 50 метрга эркин сузишда кумуш медаль олинди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 33 йиллигига бағишлаб, Ҳарбий авиация институти томонидан ташкил этилган «Ҳарбий авиация кубоги» мусобақасида F-I-D бўйича бронза медаль қўлга киритилди. Яқинда яна бир талаба Умрбек Йўлдошев ракетамодель спорти бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди.
Ютуқлар кўп. Феруза Қурбонова шахмат бўйича халқаро ҳакам даражасига эришди. Севара Наимова пара сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионатида қўшалоқ кумуш медалга, Алишер Жуманазаров эса парадзюдо бўйича ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги турнирида кумуш медалга сазовор бўлди.
2025/2026 ўқув йилининг сентябрь-март ойларида оммавий спорт турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда университетнинг 6843 нафар талабаси, яъни кундузги таълим йўналиши талабаларининг 80 фоизи қамраб олинди. ўолиб бўлган 121 нафар талаба рағбатлантирилди.
«Янги Ўзбекистон талабалар олимпиадаси» доирасида университетнинг 2242 нафар талабаси спортнинг футбол, гандбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, енгил атлетика ва сузиш турлари бўйича erp.sport.uz платформаси орқали рўйхатдан ўтди. Ҳозир мазкур мусобақаларнинг вилоят босқичи беллашувлари ўтказилмоқда. Унда университетнинг гандболчи қизлари ва стол тенниси бўйича жуфтлик баҳслари иштирокчилари республика босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.
Энг катта ютуқ фақат булар эмас. Энг асосийси – оммавийлик. Бугун қарийб 7 минг нафар талаба спорт тадбирларига жалб қилингани ёшлар орасида соғлом ҳаёт тарзига амал қилиш кўникмаси кучайиб бораётганини кўрсатади.
Спорт – ҳамма учун!
Энди университетда спортни ривожлантиришнинг янги босқичига ўтилмоқда. Асосий эътибор фақат сонга эмас, сифатга қаратиляпти. Талабалар ва ходимларнинг саломатлигини мунтазам баҳолаш, жисмоний тайёргарлик даражасини аниқ мезонлар асосида ўлчаш, соғлом овқатланиш маданиятини кенг ёйиш каби ташаббуслар спортни илмий асосда ташкил этишга хизмат қилади.
– Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, университетда ҳафтанинг бир куни «Спорт куни» бўлди, – дейди «Жисмоний тарбия ва спорт» кафедраси мудири Илҳом Арслонов. – Бу кунда университет раҳбарияти бошчилигида эрталаб оммавий бадантарбия машқлари ўтказилмоқда. Кун давомида эса олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилмоқда. Бу нафақат танани чиниқтиради, балки жамоавий руҳни ҳам мустаҳкамлайди.
Албатта, бундай ҳаракатлар спорт инфратузилмасини янада яхшилашни талаб қилади. Шу мақсадда мавжуд очиқ ва ёпиқ спорт иншоотлари халқаро стандартлар асосида капитал таъмирланади, жиҳозлаш ишлари давом эттирилади. Жорий йилда битта ёпиқ спорт иншооти жорий таъмирланади. Шунингдек, Шаҳрисабз озиқ-овқат муҳандислиги факультети ҳудудида янги мини футбол майдони қурилиши режалаштирилган.
Яна бир муҳим жиҳат – спорт иншоотлари фақат университет учун эмас. Кун давомида улардан камида 300 нафар маҳаллий аҳоли, техникум ва мактаб ўқувчилари, яқин атрофдаги ташкилот ходимлари ҳам фойдаланмоқда. Бу эса университетнинг жамият билан ҳамнафас яшашга интилаётганини кўрсатади.
Университет ва талабалар турар жойлари ҳудудида 5 та воркаут зонаси ташкил этилади. Бу ерларда ёшлар югуриш, тортилиш, машқ қилиш орқали соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётга айлантиради.
Волейбол, футбол, кураш, дзюдо, теннис, стол тенниси, шахмат, шашка ва кросс-фит бўйича ҳар йили февраль ва октябрь ойларида анъанавий «Ректор кубоги» мусобақалари ўтказилади. Бу билан талабаларда соғлом рақобат руҳи кучайиб, ғалабага интилиш ҳисси ошади.
Ташаббус, тарғибот, имконият…
Спорт – саломатлик гарови. Доимий ҳаракатда бўлган инсоннинг танаси ҳам бақувват, руҳи ҳам тетик бўлади. Лекин спортнинг ўз қонун-қоидалари борлигини эътибордан қочирмаслик лозим. Тўғри овқатланиш, тиббий назорат ва тартибли ҳаёт кўникмалари бу жараённинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу боис университетда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишлари кучайтирилмоқда. Ҳар йили камида бир марта тиббий кўрик ташкил этилади. Талабалар ва ходимларнинг саломатлик кўрсаткичлари ҳамда жисмоний тайёргарлик даражаси баҳолаб борилади. Спорт ва тиббиёт илмий марказлари билан ҳамкорликда соғлом овқатланиш, спорт нутрициологияси, диетология ва фармакология бўйича тавсиялар ҳаётга татбиқ этилади.
Университетнинг 7 та факультетида ҳар бири 5 нафар талабадан иборат «Оммавий спорт ва тўғри овқатланишни тарғиб қилувчи» волонтёрлар гуруҳи ташкил этилади. Бу ёшлар тенгдошлари орасида соғлом ҳаёт тарзининг тарғиботчиларига айланади.
Спортчи маҳорати машғулотда чархланса, мусобақада тобланади. Майдон инсонга ўз кучини, иродасини ва камчиликларини кўрсатади. Шу нуқтаи назар билан жорий йил ноябрь ойида вилоят олийгоҳлари талабалари ва маҳалла ёшлари ўртасида волейбол турнирини ўтказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, 29 та техникум ва академик лицей билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва саралаш ишлари мунтазам ташкил этилади.
Университетда иқтидорли спортчилар талайгина. Масалан, ҳозир бир нафар талабанинг парадзюдо бўйича кўрсаткичлари юқори баҳоланмоқда. Университет унинг 2028 йили АҚШда бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларига йўлланма олиши учун тайёргарлик ишларига кўмаклашмоқда.
Вилоятдаги 9 та, яъни шахмат, дзюдо, футбол, волейбол, гандбол, теннис, енгил атлетика, адаптив спорт ва сузиш йўналишлари спорт федерациялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Улар билан биргаликда иқтидорли талабалар олимпия ва паралимпия мусобақаларига тайёрланади.
Хулоса қилиб айтганда, Қарши давлат техника университети тажрибаси бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлаяпти: спорт ривожланган жойда соғлом муҳит, кучли ирода ва юксак мақсадлар шаклланади. Бу ерда яратилаётган имкониятлар ва амалга оширилаётган ташаббуслар нафақат бир университет, балки бутун жамият келажаги учун хизмат қилиши кўзланган.
Абдураззоқ МУРОДОВ

