16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Маънавият

Fолибга 50 миллион сўм бериладиган “Китобхон уй бекаси” танловининг туман ва шаҳар босқичлари ўтказилмоқда

Эзгу ташаббус

Вилоят ҳокими соврини учун вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ҳамкорлигидаги «Энг яхши китобхон уй бекаси» танловининг туман ва шаҳар босқичлари ўтказилмоқда.

Китобхонликни кенг ёйиш ва тарғиб этиш, аҳолининг китобга бўлган муҳаббатини ошириш, уй бекаларининг бўш вақтларини мазмунли ва самарали ўтказиш ҳамда билим ва иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган танловда китобхон уй бекалари ҳар бир босқичда алоҳида шартлар асосида синовдан ўтказилмоқда.

Қайд этиш лозим, жорий йилнинг март ойида вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармасининг ижтимоий тармоқдаги каналида китоблар рўйхати эълон қилиниб, асарларнинг электрон шакли жойлаштирилди. Шунга кўра, китобхон уй бекалари қарийб беш ой мобайнида Алишер  Навоийнинг «Лисон ут-тайр», Фитратнинг «Нажот йўли», Тоғай Муроднинг «Ойдинда юрган одамлар», Хайриддин Султон қаламига мансуб «Ялдо кечаси», Шарлотта Бронтенинг «Жейн Эйр», Антон Чехов ҳикояларидан таркиб топган «Кучук етаклаган хоним», Юй Хуанинг «Яшамоқ» асарлари ҳамда «Малика Айёр» достонини мутолаа қилишди. Вилоят босқичи йўлланмасини қўлга киритган иштирокчилар ушбу китобларга қўшимча равишда Зулфиянинг «Шалола» ҳамда Шавкат Раҳмон қаламига мансуб «Абадият оралаб» шеърий тўпламини ўқиб, шеърият шартига жавоб беришлари даркор.

Маҳалла босқичида сараланган китобхонлар туман ва шаҳар миқёсида иншо ҳамда савол-жавоб шартлари асосида билим ва иқтидорларини намойиш этишаётир.

– Мазкур танловда айнан уй бекалари қатнашишини алоҳида шарт қилиб қўйдик, яъни меҳнат ва туғруқ таътилида бўлган аёллар ушбу беллашувда қатнаша олмайди, – дейди вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси масъул ходими Собир Мусулмонов. – Эътиборлиси, танлов давомида кўплаб иқтидорли ва зукко уй бекалари кашф этилмоқда. Танловнинг вилоят босқичи анча қизғин ўтиши шубҳасиз. Келгусида танловнинг қамров даражасини янада кенгайтириб, мукофот миқдорини оширишни мақсад қилганмиз.

Маълумот ўрнида, танлов вилоят босқичи Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида бўлиб ўтади. 1-ўрин соҳибасига – 50 миллион сўм, 2-ўринга 30 миллион ҳамда 3-ўринга 20 миллион сўм пул мукофотлари берилади.

Б.САЙФИЕВ

Суратларда: танлов туман ва шаҳар босқичидан лавҳалар.