Сараланган сатрлар
Тарихий воқелик, шахс ва жамият муносабатлари, инсон қалбида пинҳон кечинмалар, юксак орзу-хаёлларни ифодалашда адабиётнинг ўрни беқиёс эканини яхши биламиз. Адиблардан бири бу ҳақда “Ҳаёт у қадар қизиқ эмас, қизиқ бўлганда, адабиётга эҳтиёж сезилмасди” деган эди. Албатта, адибнинг бу фикрлари сўз санъатининг ҳаётни янада гўзал намоён этиши ҳақидаги ўзига хос муболағасидир. Одамлар ўқишдан тўхташлари билан фикрлашдан ҳам тўхташларини эса ҳеч биримиз рад этолмаймиз.
Адабиёт, ижод асли эркинлик асосига қурилгани билан маълум қонуниятларга бўйсунади. Табиийки, ёзувчи, шоир хаёлига келганини ёзиб кетавермайди. Нимани ёзиш ва ёзмаслик борасида тўғри ҳукм қилган ёзарманга адабиёт оламидаги абадийлик насиб этиши мумкин.
Филология фанлари доктори, “Шоир ва давр”, “Истиқлол ва бугунги адабиёт”, “Тарихий қиссалар ҳақиқат излайди”, “Бадиий асар биографияси”, “Нур боқийликдир”, “Фалсафий лирика” каби асарлар муаллифи Нўмон Раҳимжоновнинг “Адабиёт – миллат виждони” номли бадиалар китоби бор. Шу тўпламда бадиий сўз санъатига хос қимматли фикрлар келтирилган. Айрим лавҳалар Сиз учун ҳам фойдали бўлар, деб ўйладик.
* * *
Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида ибратли бир нақл келтиради. Унда айтилишича, бир Шарқ донишмандидан одамнинг одамлиги нима билан белгиланади, деб сўрашибди. У: “Одамнинг асли энг кичик икки аъзоси – тили ва дилида аён”, деб жавоб берибди. Хийла фурсат ўтгач, яна икки танга пули билан одамлиги тўкис намоён бўлади, деб қўшиб қўйган экан. Илло, тили, дили ва яна икки танга пули билан одам ўзлигининг зоҳирий ва ботиний тўкислигини ёхуд ноқислигини зуҳур этар экан.
* * *
Гарчанд, “маънавият”, “комиллик”, “комил инсон” тушунчалари исломий эътиқод билан бирга жаҳон тамаддунига кириб келган, мустаҳкам ўрин эгаллаган эса-да, илдизлари бағоят чуқур. У бани одамни руҳан, фикран бойитадиган, юксалтирадиган ва шу асосда шахслик даражасини белгилаб берадиган беназир шарофат. Одам дунёга келибдики, Аллоҳ назарида. Банда ҳамиша назаркарда. “Тангри ўз пайғамбарини ва пайғомининг етказувчисини “Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз” (Қуръони Карим, “Қалам“ сураси, 4-оят) дея тавсиф қилган.
* * *
Эркинлик – нима деган сўз? Эркинлик, аслида, осмонда яшаш, дегандек бир гап. Ерда яшаб эркин бўлиш мумкин эмас. Оёғимиз тупроқ искаб турган экан, шу заминда нафас олиб яшаётган эканмиз, демак, одамлар билан ҳисоблашишга мажбурмиз. Ҳазрат Алишер Навоийнинг бир гапи бор: менинг ҳамма шеърларимда айтилган ғараз – бу халқим, дейди. Элимга хизмат қиламан, деяпти. Шундай экан, қандай мустақил одам бўлиши мумкин? Подшоҳми, вазирми, қирол ёки дарвеш, гадойми, қай даражада эркин бўлиши мумкин?! Бу, демак, одам маълум маънода заминга, эл-юртга, атроф-муҳитга тобе; ота-бобосига, она-момосига, фарзандларига – одамларга боғланган. Ҳазрат Навоий шеърларида ғараз деган сўзни кўп ишлатади (“Ғаразим – халқ”, дейди). Яъни, ҳамма асарларимдан мақсад – бу эл-юрт корига яраш, дейди.
* * *
Сиёсат – бу жамиятни қандай қилиб идора этиш масаласи. Демак, жамиятнинг ҳаёти масаласи. Шундай бўлгандан кейин сиёсатдан қочиб қутулиб бўлмайди. Ёзувчининг вазифаси эса сиёсатнинг югурдагига айланмаслик. Адолат ва халқ томонда туриш. Мана шу сиёсий вазиятда халқ учун нималар фойдали? Қандай ҳодиса фойдали? Буни санъат билан ифодалаш ҳар бир ижтимоий даврда ҳар бир ижодкорнинг бурчидир.
* * *
1916-йилги инқилобий воқеалар тасвирига бағишланган “Қутлуғ қон” романининг биринчи вариантида Петров образи йўқ эди. Рус революционерининг образи асарга кейин киритилган. Асарда илғор рус инқилоби тафаккурининг таъсири кўрсатилмаган, деган адабий танқидчилик тазйиқи остида шу хил ўзгаришлар киритилган.
Демак, расмий нуқтаи назарга кўра, халқимизнинг инқилобий ҳаракатида руслар иштирок этган ва рус инқилобчилари етаклаган йўлдан халқимиз кетган, деган фикр етакчи эди. “Кеча ва кундуз” романида эса, аксинча, бу нарса йўқ. Исмоил Ғаспринскийнинг шогирдларидан бири асарнинг бош қаҳрамонларидан ҳисобланади. Асар хотимасида бош қаҳрамон Ғаспринский олдига маслаҳатлашгани кетади. Чўлпоннинг адабий жасоратини кўринг. Ҳеч қандай марксистик ғоялар халқимиз онгига сингиб кирмаган эди, деган фикрни айтиш учун қанчалик заковат ва жасорат керак. Халқимиз онгидаги ҳукмрон идеология Исмоил Ғаспринский ғоялари эди. Яна, руслар – кичигидан каттасигача маиший бузуқ, расво қилиб кўрсатилган. Бу ҳам жуда катта гап. 1934-йилда шу гапни айтишнинг ўзи бўладими?
* * *
Буюк ирланд адиби Жеймс Жойс “Улисс” романи устидаги қизғин ижодий изланишлар жараёнида экан. Қўққисдан уруш бошланиб қолади. “Энди мен романимни қандай қилиб тугатаман”, дея ташвишга тушган, хавотирга ботган экан. Кўринадики, давр воқелиги ҳамиша ижодкорга таъсир ўтказиб келган. Сиёсий воқеалар ижодий режаларини остин-устун ўзгартириб юборишидан чўчиган, албатта. Ёхуд ўз адабий ҳаётимиздан мисол изласак, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирийнинг қайси асари давр мафкурасига алоқасиз яратилган?! Фитратнинг “Темур сағанаси”, “Абулфайзхон” ёки Чўлпоннинг “Бузилган ўлкага” шеъри, “Тонг юлдузи” мажмуаси мундарижасини ташкил этган асарлар бевосита шўро сиёсатига бадиий жавоб тариқасида юзага келганди.
* * *
Санъаткорнинг у ёки бу асар ёзишда, албатта, кўнгиллаган маълум нияти, олдига қўйган мақсади бўлади. Бу нарсани аксар ҳолларда “ғараз” (мақсад) деб ҳам қўллашади. Ғараз-ният қанчалик яширин бўлса, шунчалик яхши. Ижод маҳсули мақсадсиз бўлмайди. Бу – бадиий ижоднинг ғоят муҳим устувор шартлари сирасидандир. Навоийдек буюк шоир, вазир “Давр бевафоларининг жабридан дод! Ва замон беҳаёлари зульмидан фиғон ва фарёд!” деб замонидан зорланиб ўтди. Байрон “Тунсиз ва шоҳларсиз озод дунёни тезроқ кўришни хоҳлайман”, деб қақшайди. Америкалик шоир, носир, олим Г.Уоррен “Эртанги кун поэтикасини яратувчи шеърият Пол Элюар, Бертолт Брехт ёки Уолт Уитмен ижодлари сингари ўз даврининг ижтимоий курашлари издиҳомида туғилмоқда”, дея таъкидлайди. Гарсиа Маркес “Менинг ҳаётимда бирор уриниш йўқки, у сиёсий иш билан боғланмаган бўлсин… Кимки одил жамият қуриш учун дунёни ўзгартирмоқчи экан, тарғиботчи бўлиши керак”, деб ёзғиради.
* * *
Маълумки, шўро салтанати ўз ғоялари тарғибот-ташвиқотини давлат сиёсати даражасига кўтарганди. Натижада исломий адабиёт, маданий мерос, тарихий сиймолар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш (Амир Темур, Бобур, Жалолиддин Мангуберди, Ҳусайн Бойқаро, Феруз ва ҳоказо) деярли тақиқланган эди. Ўзбекона руҳ, миллий жозиба, исломий маданият чуқурлашувига халақит берди. Ҳукмрон сиёсат ўрисча ҳаёт тарзини кенг палак ёздирди. “Гарчанд юқори даражали ёзувчиларни чет эл адабиёти намуналари ахлоқида тарбиялаш бизга фойда келтирган бўлса ҳам, – деб ёзганди олмон мутафаккири Гёте, – барибир улар немисларга немис сифатида такомиллашувига халақит берди”.
* * *
Тарихда Филип ИИ деган подшоҳ ўтган. У табиатан ниҳоятда иродасиз, бўшашган, воқеа ҳодисалар жара-ёнида мутлақо рол ўйнамаган бўҳ-баёв одам бўлган экан. Шекспир уни буюк шахс қилиб кўрсатган. Демак, ёзувчининг бош мақсади ўзи тасвирлаётган ҳаётий воқеликка ўқувчиларни ишонтира билишида. Демак, Шекспирга шундай қаҳрамон керак бўлган. Ёзувчи кўнгиллаган муддаосини амалга оширсагина ўз вазифасини адо этган бўлади.
* * *
Инсон-миллат-жамият манфаатларига зид нарсаларни, айтайлик, миллатчилик, босқинчилик, ахлоқий бузуқликни тарғиб этишнинг ижод эркинлигига мутлақо алоқаси йўқ. Лотин америкалик ёзувчи Мигел Отеро Силва ёзғирганда мутлақо ҳақ: “Санъаткор учун ижод эркинлиги бир нарса; эркинлик масъулияти эса бошқа нарса. Ижод эркинлиги бу – одамзодни маҳв этадиган қирғинбарот қуролларини олқишлаб ёзгин, эзгуликни қирадиган ёвуз кучни ишлатиш ҳуқуқини ёзувчига бераман, дегани ҳам эмас. Истеъдоднинг ижодий эркинлиги – унинг ўз халқи, тарихий давр ва башарият олдидаги мажбурияти демакдир”.
* * *
Тарих – бамисоли уммон. Бизнинг нуқтаи назарларимиз, манфаат-эҳтиёжларимиз чекланган. Шу боис тор ва синиқ кўзойнагимиз орқали кўп нарсани илғай, қамрай олмаймиз. Қучоғимизга сиғдира билмаймиз.
* * *
Шундай тарихий шароит юзага келадики, ундан фойдалана биладиган битта маккор керак. Наполеон ана шундай маккор шахс бўлиб чиққан. Ваҳоланки, Толстойга ишонсак, уни буюк шахс деб билмаймиз. Унақа буюклик сиёқи йўқ унда. Лев Толстойнинг халқ кучига берган баҳосида катта ҳақиқат бор. Наполеон даврнинг кўтар-кўтар шамолига тўғри келиб қолган шахс. Уни тарихий давр ўз саҳнига олиб келди ва кўтарди. Шахслик маснадини муҳрлади.
Французларда Мишел Монтен деган файласуф ўтган. У Лев Толстойнинг таъсири биланми ёки ундан кейинми, “Халқ” (“Народ”) деган китоб ёзган. Шунда айтганки, гениал одам нима учун гениал; сабаби, у халқнинг елкасига миниб олган. Шу боис, айтиш жоизки, Наполеон эмас, аслида халқ буюк, халқ генийдир.
БЕКЗОД тайёрлади.

