16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

ҲИСОБОТДА ҲАММАСИ “БЕШ”, АМАЛДА-ЧИ?

Аслида бундай статистикани ошкор қилиш масъулларга кўпам хуш келавермайди. Доимий комиссия аъзоларини эса, афтидан бу савол қизиқтирмаган кўринади.

Маҳаллий Кенгашда

Жорий йилнинг 1 июль ҳолатида Қашқадарёда камбағаллик даражаси йил бошидаги кўрсаткичга нисбатан 1,5 фоизга пасайиб, 5 фоизни, ишсизлик даражаси эса 0,3 фоизга камайиб, 4,6 фоизни ташкил этди.

Вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Фахриддин Муҳаммадиев Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссиясига тақдим этган ҳисоботида ана шундай рақамларни келтирган.

Мутасадди бунга қандай эришилганига изоҳ берар экан, дастлабки ярим йилликда тегишли дастурга асосан 331 минг 65 нафар аҳолининг бандлиги таъминланиб, белгиланган (244 минг 854 та) режа 135 фоизга бажарилганини маълум қилган. Шундан 45 минг 52 киши доимий иш ўринларига жойлаштирилгани қайд этилади.

Аҳоли бандлигини таъминлашда энг катта улуш «соядан чиқарилган» иш ўринларига тўғри келаётгани диққатни тортади. Яъни бундан 50 минг 582 нафар норасмий ишлаётган ишчи-хизматчининг фаолияти расмийлаштирилгани англанади.

Доимий ишга жойлаштириш йўналишида олти ой давомида 17 минг 538 нафар кишининг бандлигини таъминлаган тижорат банклари етакчи бўлса, «соядан чиқариш»да (14 минг 242 нафар) солиқ идораларининг «кучи» яққол сезилган.

Ҳисоботда кўрсатиб ўтилганидек, жорий йилнинг январь-июнь ойиларида 235 минг 432 нафар кишининг даромадлари оширилган. Бунда 105 минг 751 нафар одамга шундай имконият тақдим этган қишлоқ хўжалиги соҳасининг ўрни яққол сезилиб турибди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 июль ҳолатида вилоятдаги камбағал оилалар сони 43,6 мингтани ташкил қилган. Йил бошида эса бу кўрсаткич 56 минг 518 та бўлгани айтилади. Дастлабки ярим йилликда шу тоифадаги 29 минг 383 та оиланинг 132 минг 779 нафар аъзосига барқарор бандлик йўналишида 37 минг 592 та хизмат кўрсатилибди. Бунда камбағал оилалар аъзоларини доимий ишга жойлаштириш, тадбиркорликка жалб этиш, имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш, касб-ҳунарга ўқитиш кабилар назарда тутилган.

Умуман, Фахриддин Муҳаммадиев доимий комиссияга тақдим этган  вилоятда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишида жорий йилнинг  дастлабки олти ойида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботда шунчалик кўп рақамлар келтирилганки, уларнинг барчаси белгиланган режалар ортиғи билан уддалангани, ҳаммаси «беш» эканини ифода этади. Бироқ январь-июнь ойлари давомида ҳудудда қанча корхона (ЯТТ, МЧЖ, ташкилот, муассаса)  фаолиятини тўхтатгани ва бунинг натижасида нечта иш ўринлари қисқариб кетгани ҳақида ҳеч бир маълумотни учратмайсиз.

Аслида бундай статистикани ошкор қилиш масъулларга кўпам хуш келавермайди. Доимий комиссия аъзоларини эса, афтидан бу савол қизиқтирмаган кўринади. Ҳаммаси қоғозларда акс этганидек амалда ҳам жимжимадор бўлиши учун масала муҳокамаси фақат расмиятчилик учун эмас, реал натижаларга қаратилиши керак. Шунда юртимизда кечаётган тараққиёт, ўзгаришлар меваси оддий одамлар ҳаётига кўпроқ ва тезроқ кириб  боради.