16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Долзарб Жараён

ОЛИС МАҲАЛЛАЛАР ҲАМ БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ ЖАРАЁНИНИНГ ФАОЛ ИШТИРОКЧИСИГА АЙЛАНМОҚДА

Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!

Тоғли ҳудудлар табиатининг бетакрор манзараларидан баҳра олиш ҳаммага ёқади. Ана шундай манзилларда, ўзига хос турмуш тарзи ва меҳнат анъаналарига эга самимий инсонлар орасида яшашнинг ҳам ўз гашти бор: шаҳар шовқинларидан йироқ, тоза ҳаво, зилол сув…

Бироқ, тан олиш керак, тоғлик аҳоли учун кундалик ҳаёт эҳтиёжлари, коммуникация, йўл-транспорт имкониятлари, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, бандлик ва барқарор даромад манбалари билан боғлиқ масалалар узоқ йиллар долзарб бўлиб келди. Энг муҳими, кейинги йилларда ана шу жиҳат эътиборга олиниб, тоғликлар ҳаётига Янги Ўзбекистон нафасини олиб киришга бўлган ҳаракат кучайди: энг чекка ҳудудларда ҳам замонавий мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари, йўллар, электр ва сув тармоқлари қурилди, замонавий сайёҳлик ва дам олиш масканлари очилди, маҳаллий аҳоли тадбиркорликка илҳомлантирилиши натижасида мавжуд имкониятлар ишга солиниб, бандлик кўрсаткичлари ошди, барқарор даромад манбалари кўпайди.

Сир эмас, тараққиётнинг ҳақиқий мезони фақат марказлардаги ўзгаришлар билан эмас, балки ислоҳотлар Ватаннинг энг чекка ҳудудларида яшаётган инсонларнинг ҳаётида қандай натижа бераётгани билан ҳам белгиланади. Вилоят ҳокими Муротжон Азимов раҳбарлигида турли соҳа масъулларининг Китоб туманидаги олис тоғли аҳоли манзилларида олиб борган ўрганишлари, оддий одамлар билан мулоқоти замирида ҳам ана шу нуқтаи назар мужассам.

*  *  *

Дастлабки манзил – Катлос маҳалласи. Яқинда маҳаллий саховатпеша тадбиркор Шерали Ражабов ташаббуси ва ҳомийлиги асосида бу ердаги қарийб 10 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатаётган 19-сонли оилавий поликлиника биноси тубдан янгиланди. Тиббиёт муассасасининг зарур жиҳозлар билан таъминлангани, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш учун имкониятларнинг кенгайгани тоғликлар саломатлигини асраш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга.

Бу ерда яна бир муҳим жиҳат борки, жамият тараққиёти фақат давлат маблағлари ёки маъмурий қарорлар билан эмас, балки жамоатчилик ва тадбиркорлик ташаббуслари уйғунлиги билан ҳам таъминланади. Шу маънода, маҳаллада ижтимоий аҳамиятга эга объектни янгидан барпо этиш ташаббусини илгари сурган тадбиркорнинг фаолияти ибратлидир.

Вилоят ҳокими поликлиникани кўздан кечириш жараёнида таъкидлаганидек, бугун тадбиркорлик тушунчаси фақат даромад олиш ва ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмаяпти. Ижтимоий масъулиятни ҳис қилган тадбиркор ўз фаолияти орқали маҳалласи, ҳудуди ва юртдошлари ҳаётида ҳам ижобий ўзгариш ясаши мумкин. Бундай ташаббуслар эса жамиятда ўзаро масъулият ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлайди.

Муротжон Азимов маҳалладаги хонадонларда ҳам бўлиб, аҳоли билан мулоқотларда оилавий даромадни ошириш, томорқадан самарали фойдаланиш, чорвачилик, деҳқончилик ва бошқа манфаатли йўналишларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Гап аҳоли фаровонлиги фақат ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали эмас, балки инсоннинг ўз меҳнати ортидан барқарор даромад топиши учун шароит яратиш билан таъминланиши ҳақида борди. Тоғли ҳудудларда ишга солинмаган имкониятлар кўп. Қилиш керак бўлган иш эса мавжуд салоҳиятни тўғри йўналтириш, ҳар бир хонадоннинг ўзига хос имкониятини аниқлаш ва уни даромад манбаига айлантириш.

Масъулларга хонадонбай ишлаш, аҳолининг таклиф ва муаммоларини бевосита ўрганиш, ҳар бир оиланинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб ёндашиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканлиги уқтирилди.

*  *  *

Вилоят ҳокими туман марказидан қарийб 80 километр узоқликда жойлашган Кўҳсор маҳалласида ҳам бўлди. Бу манзил қанчалик олис бўлмасин, у ерда яшайдиган аҳолининг эҳтиёжларини ўрганиш ва муаммоларига ечим топиш марказда яшаётган фуқароларники каби муҳим.

Бу манзилда кечган маҳаллий аҳоли билан юзма-юз мулоқотда қайси  муаммолар биринчи навбатда ҳал этилиши кераклиги, қандай имкониятлардан ҳали тўлиқ фойдаланилмаётгани бевосита уларнинг ўзлари томонидан кўрсатилди. Эътиборли жиҳати, ҳеч ким ўзи учун масала қўймайди, ҳамма маҳалласи, кўпчилик манфаатлари учун қайғуради. 

Туман ҳокими Рустам Гафуровнинг маълум қилишича, мазкур маҳалла хонадонларида форель балиғини етиштириш тажрибаси улар учун истиқболли даромад манбаларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Яъники, иқтисодий ўсиш учун ҳар доим ҳам йирик саноат корхоналари ёки катта инвестиция лойиҳалари шарт эмас. Баъзан ҳудуднинг табиий хусусиятининг ўзи катта иқтисодий имкониятдир. Тоғ сувлари, табиий муҳит, меҳнат ресурслари ва аҳолининг тадбиркорлик салоҳиятини бир нуқтада бирлаштириш орқали шу йўналишда янги иш ўринлари ва барқарор даромад манбаларини яратиш мумкин.

Энг муҳими, бу жараён хонадонларнинг иқтисодий фаоллигини оширади. Бир оиланинг даромади кўпайса, бу маҳалла ҳаётига, маҳалла иқтисодиёти ривожланса, бутун ҳудуд фаровонлигига таъсир қилади. Шу жиҳатдан, тоғли аҳоли манзилларида форель балиғи етиштириш каби тажрибаларни кенгайтириш, маҳсулотни қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш тизимини йўлга қўйиш орқали тўлақонли иқтисодий занжир яратиш имконияти мавжуд.

*  *  *

Китобнинг тоғли аҳоли манзилларига ишчи сафар давомида умумтаълим мактабларининг янги ўқув йилига тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. Чунки ҳудуднинг эртанги куни бугун мактабларда таълим олаётган ёшларнинг билим ва салоҳиятига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, олис тоғли ҳудудларда ҳам таълим сифатини таъминлаш, ўқувчилар учун муносиб шароитлар яратиш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш – бу стратегик вазифасидир. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт, қўшимча таълим ва фойдали машғулотларга жалб қилиш эса уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш билан бирга, маҳаллада соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

Умуман, Китоб туманининг тоғли ҳудудларидаги маҳаллаларда олиб борилган ўрганишлар давомида замонавий поликлиника мисолида аҳоли саломатлигини таъминлаш, томорқа мисолида барқарор даромад манбаларини очиш, сифатли таълим мисолида ёшлар келажагига эътибор, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мисолида янги иш ўринлари яратиш, аҳоли билан бевосита мулоқот асносида муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш масалалари кун тартибида бўлди.  

*  *  *

Кейинги йилларда тоғликлар ҳаётига кириб борган ўзгаришлар улар яшаётган манзилларни фақат инфратузилмаси мураккаб, марказдан узоқ ҳудуд сифатида эмас, балки катта иқтисодий, туристик, аграр ва меҳнат салоҳиятига эга майдон сифатида намоён этмоқда. У ерлардаги мавжуд муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш, табиий ва иқтисодий имкониятларни тўлиқ ишга солиш, аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали энг чекка маҳаллаларни ҳам барқарор тараққиёт жараёнининг фаол иштирокчисига айлантириш мумкин.

Ҳа, тоғлар баланд. Аммо инсоннинг имкониятлари ундан-да баланд. Муҳими, ана шу имкониятларни кўра билиш, улардан фаол фойдаланиш ва аниқ натижаларга айлантиришдир. Вилоят ҳокимининг тоғликлар ҳолидан хабар олиб, аҳолини тинглагани ва фаровон ҳаётга эришиш учун биргаликда ҳаракатга чорлагани эса уларни янги марралар сари илҳомлантиргани билан янада аҳамиятли бўлди.   

Ўз мухбиримиз