16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Илм-фан

ЁШ ОЛИМЛАРНИНГ ИХТИРОЛАРИ

тараққиётга хизмат қилади

Иқтидор эгалари

Инсоният ҳамон турли кашфиётлар, ихтиролардан ҳайратланиб яшайди. Бироқ кеча ким учундир оламшумул воқеа бўлган янгилик, бугун оддий ҳодисага айланмоқда. Шундай бўлса-да, ҳаёт давом этар экан, кўп нарсалар шов-шувли, ажабтовур бўлиб қолаверади.

Қарши давлат техника университети ёш олимларининг илмий изланишлари у қадар ҳайратланарли бўлмаслиги мумкин, лекин одамларнинг оғирини енгил қилиш, молиявий муаммоларига ечим топишда муҳим аҳамият касб этиши аниқ.

Нам кўмир қандай ёнади?

Табиатдаги нарсаларнинг муқобили ёки қарши вариантлари бор. Кун ва тун ўзаро номутаносиб бўлгани сингари, яхшилик ва ёмонлик, тўғрилик ва эгрилик кабилар ҳамиша бир-бирига зид ҳисобланади. Сув эса оловнинг душмани…

Доцент Бобур Тошмаматовнинг илмий тадқиқотида сув ўтни ўчиришга эмас, балки кўмир кукунининг ёнишига ёрдам беради. Ҳа, шундай.

Олимнинг илмий иши «Биомасса пиролизи асосида «сув-кўмир» муқобил ёқилғисини яратиш ва уни энергетик қурилмаларда қўллаш самарадорлигини ошириш» деб номланган. Хўш, унинг аҳамияти нимада?

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатимизда табиий газ қазиб олиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,4 фоизга камайди ва импорт сезиларли даражада ошди. Натижада муқобил ёқилғиларни ишлаб чиқиш ва саноатда жорий этиш стратегик заруриятга айланди.

Масаланинг яна бир жиҳати бор. 1 тонна кўмир ёқилганда, атмосферага 1-5 килограмм чанг зарралари, 30 килограммгача олтингугурт оксиди, 5 килограмм азот оксиди ажралади ва ҳавони ифлослантиради.

Бобур Тошмаматов томонидан ишлаб чиқилган технологиянинг асосий афзаллиги шундаки, у биомасса ва углеводородли чиқиндиларни қайта ишлаш орқали бир вақтнинг ўзида муқобил ёқилғи ҳамда иссиқ сув олиш имконини беради. Бу ёндашув, бир томондан, табиий газга бўлган эҳтиёжни қисман камайтиришга хизмат қилса, иккинчи томондан, саноат ва маиший жараёнларда ҳосил бўладиган чиқиндиларни фойдали маҳсулотга айлантириш имконини яратади.

Технологиянинг яна бир муҳим жиҳати – қурилманинг ўзини ишлатиш учун зарур бўлган ёқилғи билан ўзини-ўзи таъминлаш имконияти. Яъни ишлаб чиқарилган муқобил ёқилғининг маълум қисми кейинги технологик жараёнда қурилма учун энергия манбаи сифатида қайта фойдаланилиши мумкин. Бу эса ташқи ёқилғи манбаларига қарамликни камайтириб, технологиянинг энергетик самарадорлигини оширади.

Таклиф этилаётган технология эса чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан муқобил ёқилғи олишга асослангани сабабли саноат ва маиший ташламалар ҳажмини камайтириш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва экологик юкламани пасайтириш учун қўшимча имконият яратади.

Сув, ҳарорат, буғ ва яна сув

Жаҳонда аҳолини чучук сув билан таъминлашда қуёш энергетик қурилмалари асосидаги энергия самарадор технологиялардан фойдаланиш муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Маълумки, Ер юзасидаги сувнинг 97 фоизини шўр сувлар ташкил этади, қолган 2 фоизи шимолий ва жанубий қутблардаги музликлардан иборат. Фақатгина 1 фоиз қисми ичимлик суви ҳисобланади. Бундай миқдордаги захира эҳтиёжга нисбатан жуда кам бўлиб, 2025 йилгача сайёрадаги 2,8 миллиардга яқин одам сув танқислигига дуч келган бўлса, 2050 йилга бориб бу кўрсаткич 4 миллиардга етиши башорат қилинмоқда.

Қашқадарё вилоятининг баъзи туманларида истеъмолга яроқли бўлган сув захиралари жуда кам. Шунинг учун ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, чорвачилик тармоғини сув билан таъминлаш ва аҳолининг истеъмолга яроқли бўлган сувга эҳтиёжини қондириш учун мавжуд манбаларни чучуклаштириш талаб этилади.

Сувни чучуклаштириш жараёни эса катта миқдордаги энергия сарфи билан боғлиқ. Бунинг учун кетадиган ресурсни тежаш мақсадида қуёш энергияси ҳисобидан ишлайдиган, иқтисодий тежамкор, такомиллашган сув чучитиш қурилмасини ишлаб чиқиш ва замонавий вариантларини тадқиқ қилиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Ёш олима Севара Мирзаёрова томонидан муқобил энергия манбаи ҳисобидан ишлайдиган ва бир кеча-кундузда 9,8 литр дистелят (буғлатилиб, кейин яна суюқ ҳолатга келтирилган маҳсулот) олиш имконини берадиган комбинациялашган қуёш коллекторли кўп поғонали қуёш сув чучиткич қурилмаси ишлаб чиқилди.

Янги технология, яъни комбинациялашган қуёш сув чучитиш қурилмаларидан фойдаланиш кам харажат талаб этади ҳамда замон талабига жавоб бера оладиган конструкция ҳисобланади. Энг асосийси, электр таъминотига уланмайди, у қайта тикланадиган энергия манбалари асосида ишлайди.

Чиқиндини чиқитга чиқарманг

Қуёш энергияси асосида чиқиндилардан муқобил ёқилғи олиш қурилмаси чиқиндиларни бошқариш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда маҳаллий иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган инновацион технология ҳисобланади. Ҳозирги кунда чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва полигонларда сақлаш жараёнлари катта иқтисодий харажатларни талаб қилади. Шу билан бирга, органик чиқиндиларнинг катта қисми қайта ишланмасдан йўқотилади.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар йили 2,01 миллиард тоннадан ортиқ маиший қаттиқ чиқиндилар ҳосил бўлади ва бу кўрсаткич 2050 йилга бориб 3,4 миллиард тоннага етиши прогноз қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикасида ҳам чиқиндилар ҳажми ортиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, мамлакатда йилига 7-8 миллион тонна маиший қаттиқ чиқиндилар ҳосил бўлади. Ушбу чиқиндиларнинг катта қисми полигонларда сақланади ёки ёқиб юборилади, бу эса экологик ва иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради.

Доцент Ҳамидилла Алмардоновнинг гелиопиролоз қурилмаси мавзусидаги лойиҳа замонавий энергетика, экология ва чиқиндиларни қайта ишлаш соҳаларида муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлган инновацион ишланма ҳисобланади. Ҳозирги кунда аҳоли сонининг ортиши, урбанизация жараёнларининг жадаллашуви ҳамда саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг кенгайиши натижасида маиший ва органик чиқиндилар миқдори сезиларли даражада ортиб бормоқда. Уларни самарали бошқариш ва қайта ишлаш масаласи нафақат экологик, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам муҳим муаммолардан бири ҳисобланади.

Мазкур лойиҳа чиқиндиларни қайта ишлаш орқали улардан энергия ресурслари олиш имконини берувчи гелиопиролиз технологиясига асосланган қурилмани ишлаб чиқишга қаратилган. Унинг ишлаш принципи биомасса ва органик чиқиндиларни қуёш энергияси ёрдамида ҳосил қилинган юқори ҳарорат таъсирида кислородсиз муҳитда термокимёвий парчалаш жараёнига асосланади. Пиролиз жараёни натижасида газсимон, суюқ ва қаттиқ муқобил ёқилғи маҳсулотлари ҳосил бўлади. Қурилманинг асосий инновацион жиҳати шундаки, унда анъанавий электр ёки газ ўрнига қайта тикланувчи ресурс ҳисобланган қуёш манбасидан фойдаланилади. Бу эса энергия сарфини камайтириш, жараённинг экологик тозалигини таъминлаш ҳамда қурилманинг иқтисодий самарадорлигини ошириш имконини беради.

Ўтказилган илмий ҳисоб-китоблар ва тажриба натижаларига кўра, гелиопиролиз қурилмаси ёрдамида йилига тахминан 2 тонна биомасса ва органик чиқиндиларни қайта ишлаш мумкин. Ушбу жараён натижасида 600-750 куб метр газсимон ёқилғи, 700-800 килограмм пиролиз суюқлиги ҳамда 400-600 килограмм биокўмир олиш имконияти мавжуд. Мазкур маҳсулотлар энергетик жиҳатдан қимматли бўлиб, уларни маиший эҳтиёжлар, иссиқхона хўжаликлари, кичик ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда қишлоқ хўжалиги объектларида ёқилғи сифатида қўллаш мумкин. Шу билан бирга, пиролиз жараёнида ҳосил бўладиган биокўмир тупроқ унумдорлигини оширишда ҳам қўлланилиши мумкин.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати унинг экологик самарадорлиги билан боғлиқ. Органик чиқиндиларни полигонларда сақлаш ёки очиқ муҳитда ёқиш натижасида атмосфера ҳавосига катта миқдорда иссиқхона газлари ажралиб чиқади. Мазкур қурилма ёрдамида чиқиндиларни қайта ишлаш орқали атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид эмиссиясини сезиларли даражада камайтириш мумкин. Йилига 2 тонна органик чиқиндини қайта ишлаш орқали 3-3,5 тонна карбонат ангидрид ҳосил бўлишининг олди олинади. Бу эса атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.

Бозор ҳажмини баҳолаш шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда ҳосил бўладиган 7-8 миллион тонна чиқиндининг катта қисми органик таркибга эга бўлиб, улар энергия олиш учун қайта ишланиши мумкин. Шу сабабли чиқиндиларни қайта ишлаш технологияларига бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Мазкур қурилма чиқиндиларни қайта ишлаш ва муқобил энергия ишлаб чиқариш бозорида истиқболли инновацион технология сифатида муҳим ўрин эгаллайди.

Абдураззоқ МУРОДОВ