Танлов
Вилоят ҳокими соврини учун вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ҳамкорлигидаги «Энг яхши китобхон уй бекаси» танловининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Китобхонликни кенг ёйиш ва тарғиб этиш, аҳолининг китобга бўлган муҳаббатини ошириш, уй бекаларининг бўш вақтларини мазмунли ва самарали ўтказиш ҳамда билим ва иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаш каби мақсадлар кўзланган танлов 3 босқичда: маҳалла, туман ва вилоят миқёсида ташкил этилди.
Китобхон уй бекалари маҳалла босқичида тест саволларига жавоб беришган бўлса, туман ва шаҳар босқичлари иншо ва савол-жавоб асосида ўтди. Энг юқори баллни қўлга киритган иштирокчилар вилоятда ўзаро беллашди.
Танловнинг вилоят босқичи телеформатда 3 та шарт асосида бўлиб ўтди. «Бадиий асар билимдони» шартида «Лисон ут-тайр», «Нажот йўли», «Ойдинда юрган одамлар», «Ялдо кечаси», «Жейн Эйр», «Кучук етаклаган хоним», «Яшамоқ» асарлари ҳамда «Малика Айёр» достонидаги сюжетга оид бирор эпизод ўқиб эшиттирилди ва у қайси асардан олинганини топиш ва шу асарни шарҳлаб бериш сўралди.
«Шеърият» шартида Зулфиянинг «Шалола» ҳамда Шавкат Раҳмон қаламига мансуб «Абадият оралаб» шеърий тўпламидан олинган ва сўзлари тушиб қолган мисраларни изоҳлаш орқали иштирокчилар зукко ва билимдонликларини намоён этишди.
Сўнгги шартда китобхонлар тавсия қилинган асарлардан тузилган саволларга жавоб беришди.
Якуний натижаларга кўра, Қамаши тумани Чим маҳалласилик Эъзоза Хушвақтова 1-ўринни эгаллаб, 50 миллион сўм пул мукофотига эга бўлди. Қайд этиш ўринли, Эъзоза Хушвақтова ўтган йилги мавсумда турмуш ўртоғи билан бирга «Ёш китобхон оила» танлови республика босқичида муносиб иштирок этган.
Чироқчилик Шаҳло Фармонова 2-ўринни, ғузорлик Ҳабиба Ҳамидова 3-ўринни эгаллади. 2-ўрин – 30 миллион сўм, 3-ўрин соҳибаси 20 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

