16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Олам

Мансабдор шахслар устидан назорат кучайтирилади

Хитой ҳукумати давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари устидан коррупцияга қарши назоратни сезиларли даражада кучайтирмоқчи. Бу ҳақда «Синьхуа» ахборот агентлиги ҳукмрон Коммунистик партия марказий қўмитаси пленуми қарорига таяниб хабар берган.

Янги чора-тадбирлар яширин активларни аниқлаш, шунингдек, мансабдор шахсларнинг расмий даромадлари билан уларнинг ҳақиқий турмуш даражаси ўртасидаги номувофиқликни фош этишга қаратилган. Бунинг учун раҳбар кадрларнинг оилавий мол-мулки ва харажатлари текшируви кучайтирилади, улар қариндошларининг тадбиркорлик фаолияти ҳамда тижорий манфаатлари устидан назорат қатъийлаштирилади.

«Етакчи кадрларнинг шахсий маълумотларини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, оилавий активлари ва харажатлари қонуний даромадларидан сезиларли даражада ошиб кетадиган ҳолатларни текшириш ҳамда тергов қилиш зарур. Уларнинг турмуш ўртоқлари, фарзандлари ҳамда фарзандларининг турмуш ўртоқлари томонидан амалга оширилаётган тадбиркорлик фаолияти устидан мунтазам назоратни кучайтириш лозим», дейилади ҳужжатда.

Жумладан, давлат хизматчилари нафақага чиққанидан кейин ҳам назоратда бўлиши белгиланган. Бундан ташқари, масъулиятдан қочиш мақсадида ўз лавозимидан кетиш ҳолатларининг олдини олиш асосий вазифалардан бири сифатида қайд этилган.