Ҳафталик
Тошкент шаҳридаги «Central Asian Expo Uzbekistan» халқаро кўргазмалар мажмуасида «Ўзгараётган дунё учун илғор инновациялар» шиори остида «InnoWeek-2026» халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги ўтказилди.
Мазкур нуфузли тадбир илм-фан тараққиёти йўлида изланаётган ва меҳнат қилаётган ёш олимлар, ихтирочилар ўзаро фикр алмашиши, янги ғояларни ўзлаштириши, тажриба ошириши учун муҳим майдон бўлди. Энг яхшилар тақдирланди. Турли семинар-тренинглар, машғулотлар бўлди. Танловлар ташкил этилди. Тадбиркорлар ва инноваторлар учрашувлари ўтказилди. Хорижий экспертлар билан фикр алмашилди.
Эътиборлиси, нуфузли тадбирда қашқадарёлик олимлар ва талабалар ҳам фаол иштирок этдилар. Айниқса, Қарши давлат техника университети жамоаси бу борада илғор бўлди.
Университетнинг нефть-газ ва геология факультети декани Аббос Шодиев «Инновацион ғоялар етакчиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Мазкур нишон 2018 йилда таъсис этилган бўлиб, 2019 йилдан бошлаб у билан ҳар бир ҳудуддан инновацион ғоя ва технологияларни ривожлантириш ва уларни амалиётга татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшган ёш олимлар ва талабалар ҳамда ташаббускор фуқаролар тақдирлаб келинмоқда.
Тадбир давомида хотин-қизлар ўртасида ўтказилган «Ҳудуднинг энг яхши 100 та инновацион лойиҳаси» танлови ғолиблари ҳам тақдирландилар. Унда вилоятимиздан 6 нафар олима турли номинациялар бўйича ғолиб бўлди.
– Менинг лойиҳам корхонамиздаги оқова сувларни утилизация қилиш ва иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган, – дейди танлов ғолиби, «Шўртан газ-кимё мажмуаси» МЧЖ трансформация ва операцион самарадорлик хизмати мутахассиси Насиба Абдураҳмонова. – Албатта, юртимиздаги энг ихтирочи 100 нафар хотин-қизлар сафида бўлиш кишига қувонч бағишлайди. Насиб бўлса, ўзим яратган қурилмани янада такомиллаштираман.
Қарши давлат техника университетининг ёш олимлари Ҳамидилла Алмардонов, Феруза Очилова ва Уйғун Холовнинг турли танловлардаги муваффақиятлари алоҳида эътироф этилди. Ўзбекистон – Озарбайжон халқаро лойиҳа танловида ғолиб бўлган Бобир Тошмаматовга эса 2 миллиард 560 миллион сўмлик грант сертификати топширилди.
Бундан ташқари, Қарши давлат техника университетига Корея Республикасининг TYM компанияси томонидан ишлаб чиқарилган замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси топширилди.
– Ҳафталик доирасида олий таълим ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди, – дейди Қарши давлат техника университети проректори Ғулом Узоқов. – «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» акциядорлик жамияти билан тузилган битимда биргаликда амалга оширишимиз лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ масъуллари билан учрашувда эса ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда «Энг яхши олий таълим ихтирочиси» республика танлови ғолиблари тақдирланди. Олий таълим ташкилотларида яратилаётган янги ишланмалар ва ихтироларни қўллаб-қувватлаш, илмий-инновацион фаолиятни рағбатлантириш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалиётга жорий этишга кўмаклашишни мақсад қилган ушбу танлов натижалари вилоятимиз вакиллари учун ҳам омадли бўлди. Энг кўп ғолибларни тайёрлаган Қарши давлат университети 500 миллион сўм мукофоти билан тақдирланди.
Хуллас, ютуқларимиз бисёр. Бу, ўз навбатида, катта масъулият ҳамдир. Қолаверса, олийгоҳларимиз эртага бугунгидан ҳам фаол, ташаббускор ва изланувчан бўлиши кераклигини англатади. Зеро, ёш олимлар ва талабаларнинг илм-фан йўлидаги ютуқлари уларнинг ҳамкасблари ва бошқа ёшларни ҳам изланишга, янги ғоялар устида жиддий меҳнат қилишга ундайди.
Абдураззоқ ДАВРОН

