Италияда Brightstar лотерея компаниясининг беш нафар собиқ ходимига 24 миллион евро миқдоридаги ютуқни қўлга киритишга ёрдам бергани тахмин қилинаётган фирибгарлик схемаси фош этилди. Бу ҳақда la Repubblica нашри хабар берган.
Рим молия полицияси гумонланувчилар лотерея операторининг компьютер тизимларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлганини аниқлаган. Шу тариқа улар ҳали савдога чиқарилмаган ютуқли чипталарни олдиндан аниқлаган ва қайси савдо нуқталарига етказиб берилишини кузатиб борган. Шундан сўнг ишончли шахслар орқали айнан шу чипталар сотиб олинган.
Терговчилар ҳозирга қадар шундай тўртта ҳолатни аниқлаган. Уларнинг иккитаси 7 миллион евродан, қолган иккитаси эса 5 миллион евродан ютуқ келтирган.
Гумонланувчиларнинг умумий қиймати 25 миллион евродан ортиқ бўлган мол-мулки ва молиявий активлари хатланган. Улар мамлакатнинг турли провинцияларида жойлашган 25 та кўчмас мулк объекти, бешта автомобиль ва мотоцикл, шунингдек, пул маблағларидан иборат.

