Гаага округ суди Хитойнинг BYD компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Ti7 кроссовери Land Rover Defender 110 автомобилининг Европа Иттифоқида рўйхатдан ўтган дизайнини бузган, деган дастлабки қарорга келди. Бу ҳақда Automotive News нашри ёзган.
Суд хулосасига кўра, BYD Ti7 ва Land Rover Defender 110 автомобилларининг кузов нисбатлари, ён ойна профили ҳамда ғилдирак аркаларининг юмалоқ шакли деярли бир хил. BYD томонидан келтирилган ташқи кўринишдаги фарқлар эса аҳамиятсиз деб топилган.
Суд қарори Европа Иттифоқига аъзо 27 та мамлакатнинг барчасида BYD Ti7 автомобилини импорт қилиш, ишлаб чиқариш, сотиш ва етказиб беришни тақиқлайди. Чеклов қарор компанияга топширилганидан бир ҳафта ўтгач кучга киради. Шунингдек, тақиқ BYD компаниясининг Венгриядаги заводида мазкур моделни йиғишга ҳам тааллуқли. Қарор талабларини бузганлик учун 10 миллион еврогача жарима белгиланиши мумкин.
Бироқ суд мазкур тақиқни Буюк Британия ҳудудига нисбатан қўлламаган. BYD компанияси ушбу мамлакатда Ti7 модели учун олдиндан буюртмалар қабул қилишни бошлаган. Ушбу етти ўриндиқли йирик кроссовер Хитой бозорида Fang Cheng Bao Tai 7 номи билан сотилади.
BYD компанияси суд қарорига рози эмаслигини билдириб, апелляция шикояти беришини маълум қилган.

