Инсон ва табиат
Қашқадарёда 20 ноябрдан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2026 йил куз мавсумида манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларини экиш ишлари расман старт олди. Прогноз кўрсаткичларга кўра, мавсумда вилоят бўйича 11 миллион 309 минг 300 туб турли ниҳоллар ўтқазилади.
Жумладан, режалаштирилганидек фермер хўжаликлари ва пахтачилик-ғаллачилик кластерларининг далалари четларида 1 миллион 230 туп, боғ ва токзорлар барпо этиш учун 1 миллион 660 минг туп, маҳаллалар ҳудудлари ва аҳоли томорқалари атрофида 3 миллион 54 минг туп, ободонлаштириш бошқармалари ҳудудларида 853 минг 200 туп, ўрмон фонди ерларида 219 минг туп, автомобиль йўллари ва темирйўллар бўйларида 626 минг туп, дарёлар, каналлар, ариқлар ва зовурлар бўйларида 153 минг туп, атроф-муҳитга таъсири бўйича юқори ва ўрта даражадаги хавфли тоифаларга мансуб саноат корхоналари «яшил белбоғ»ларида 640 минг туп, мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳамда уларга туташ ҳудудларда 138 минг 100 туп, соғлиқни сақлаш объектлари ҳамда уларга туташ ҳудудларда 54 минг туп, олийгоҳлар ҳамда уларга туташ ҳудудларда 22 минг туп, бошқармалар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар ҳамда уларга туташ ҳудудларда 560 минг туп, тижорат банклари ҳамда уларга туташ ҳудудларда 65 минг туп, чиқинди полигонлари атрофида 22 минг туп, янги тутзорлар яратиш мақсадида 2 миллион 13 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларини экиш ишлари жадал давом эттирилаяпти.

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов «Яшил макон» лойиҳаси доирасида Қарши тумани марказидаги истироҳат боғида ташкил этилган ҳашарда иштирок этар экан, барчани аҳоли учун қулай экологик муҳит яратишга қаратилган умуммиллий ҳаракатга қўшилишга, кўчатлар экишнинг бошланган кузги мавсумида фаол қатнашишга чорлади.

Шунга монанд, қайд этиш ўринли, мавсумда экилган кўчатларнинг яшовчанлигини ошириш, кўкаламзорлаштириш жараёнларида илм-фан, рақамли технологиялар ҳамда давлат, бизнес ва жамоатчилик ҳамкорлиги кўзга ташланмоқда. Қашқадарёда воҳанинг ҳар бир ҳудуди иқлим, сув ва тупроқ шароитлари ҳисобга олиниб, етарлича манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари захираси шакллантирилгани эса экиш ишлари суръати жадаллигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўз мухбиримиз

