26.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жамият

“Шунақаям камбағал раис бўладими?..”

Қашқадарёга оид

Шўро ҳукумати даврида, аниқроғи 1980-йилларнинг ўрталарида «пахта иши», «ўзбек иши» бўйича биргина Қашқадарё вилоятида 3 мингдан зиёд киши ҳибсга олинган бўлиб, улар орасида Ғузор фарзанди Ҳамид Усмонов ҳам бор эди.

«Қашқадарё воҳаси тарихидан   лавҳалар (истиқлол учун курашганлар ва қатағон қурбонлари)» китобида қайд этилишича, Ҳамид Усмонов 1947 йилда зиёли оилада таваллуд топган. Отаси Усмон Муслимов 1949 йилда Мирзачўлни ўзлаштириш ишларида иштирок этиш учун Сирдарёга 6 нафар фарзандини олиб кўчиб борган, у ерда жонбозлик кўрсатиб, орадан 12 йил ўтгач Қашқадарёга қайтганди. Кейин Ғузор тумани матлубот жамияти раҳбари, туман ижроия комитети раиси бўлиб ишлайди.

Ҳамид Усмонов болалигидан спортга меҳр қўяди. Туман, вилоят миқёсида ўтказилган бир қатор спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритади. Бу қизиқиш уни мактабни битиргач Самарқанд давлат педагогика билим юртининг жисмоний тарбия факультети томон етаклайди. Ўқишни битириб, кейин эса ҳарбий хизматда янада чиниқиб қайтган Ҳамид Усмонов ўзи ўқиган мактабда дарс бера бошлайди.

1972-1975 йилларда МКОП (колхозлараро бўрдоқичилик фермаси)да бўлим мудири бўлиб ишлайди. 1975 йилда эса колхозга ферма мудири этиб тайинланади. Унинг уддабуронлиги, меҳнатсеварлиги сабаб бир йил ичида фермада етарлича озуқа тўпланади. Натижада чорванинг туёқ сонида ҳам сезиларли ўзгариш бўлиб, режа 125 фоизга уддаланади. Сигирлардан соғиб олинадиган сут миқдори ҳам ўсади. Вилоятнинг ўша пайтдаги раҳбари фермадаги ишлар билан танишиб, Ҳамид Усмоновни 1977 йилда қолоқликка юз тутган «XXII партсъезд» колхозига раис этиб тайинлайди.

30 ёшида хўжаликка раҳбар бўлган Ҳамид Усмонов шижоат билан ишлайди. Тез орада хўжалик қолоқликдан қутулади. Гўшт, сут, пахта, пилла, тухум етиштириш кўрсаткичлари йилдан-йилга ортиб боради. Бунинг самараси ўлароқ Жарариқ қишлоғида янги мактаб қурилади. 15-, 18-мактаблар учун қўшимча бинолар, спорт заллари қуриб фойдаланишга топширилади. Гулшан, Жарариқ, Эскибоғ, Ғалча, Бутан, Оқтош қишлоқлари йўлларига асфальт ётқизилади. Бир нечта уйлар бунёд этилиб, фойдаланишга топширилиши натижасида хўжалик маркази шаҳарча тусини олади.

Аммо бир пайтлари қолоқлар қаторида саналган хўжалик энди етакчилар сафидан жой олганида унинг раисини 1986 йил 6 февралда ҳибсга олишади. 5-махсус тергов изоляторида   6 ой давомида ҳибсда ётган Ҳамид  Усмоновга 1986 йил 8 августда давлат мулкини кўп миқдорда талон-торож этиш, хизмат мансабини суиистеъмол қилиш каби сохта айбловлар қўйилади ва унга нисбатан 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади.

Ўша воқеаларнинг гувоҳи бўлганлар, милиция ходимлари Ҳамид Усмоновнинг уйини обдан тинтув қилиб, ҳатто томорқа деворларининг остини ҳам кавлаб кўриб, ҳеч нарса тополмагач, «Шунақаям камбағал раис ҳам бўладими?» деб ўзаро кулишиб кетганини ҳозиргача эслаб юришади.

Ҳамид Усмонов 1989 йил декабрь ойида вилоятнинг ўша вақтдаги раҳбари Ислом Каримовнинг ноҳақ айбланганларни «судланмаган» деб топиб, 5 йиллик иш ҳақи ундириб берилсин, муқаддам ишлаган иш жойида иш билан таъминлансин, деган мазмундаги буйруғига асосан жазодан озод этилади.

1989 йилдан бошлаб ўзи ишлаган хўжалик бўлимига мудир этиб тайинланган Ҳамид Усмонов 1999 йилга қадар шу бўлимда фаолият юритиб, 52 ёшда вафот этган.