26.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Жараён

ҚОНУНИЙ ЕЧИМИ БОР МУРОЖААТ АЛБАТТА ҲАЛ ЭТИЛИШИ КЕРАК

Инсон ва жамият

Жорий йилнинг тўққиз (январь-сентябрь) ойи давомида Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига Қашқадарё аҳолисидан 72493 та мурожаат бўлган. Таҳлиллар улар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5435 тага ёки 7 фоизга камайганини кўрсатмоқда.

Бу маълумотлар вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари Давлатмурод   Равшанов Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссиясига тақдим этган ахборотда келтирилган.

Энг кўп мурожаат тушаётган ҳудудлар рўйхатида, ҳар 10 минг нафар аҳолига нисбатан олинганда, Деҳқонобод 389 (жами 6491) та, Ғузор 298 (6946) та, Қарши шаҳри 298 (9150) та кўрсаткич билан дастлабки учликни банд этган.

Умумий сон бўйича камайиш тенденцияси кўзга ташланса-да, қатор соҳаларга оид мурожаатлар кўпайгани улар раҳбарларининг аҳоли, жамоатчилик билан муносабатлари борасида жиддий саволларни ўртага чиқаради.

Хўш, 18 ёшгача бўлган болалар нафақасига оид мурожаатлар сони 1347 тага кўпайиб, 7897 тага етгани Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси масъуллари томонидан аҳоли ўртасида масала, унинг жорий тартиби юзасидан етарлича тушунтириш ишлари олиб борилмагани натижаси эмасмикан?

Ёки аҳолидан маиший газ баллонларини тўлдиришга оид  муаммолар юзасидан қилинган мурожаатлар 759 тага кўпайиб, 2467 тани ташкил этгани таъминотга масъул тизим раҳбарларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасидаги «ҳаммаси жойида» ҳисоботлари пучлигини англатмайдими? 

Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдам масаласидаги мурожаатлар 477 тага кўпайиб, 1848 тага етганини маҳаллаларда олиб борилаётган айрим одамлардаги боқимандалик кайфиятини бартараф қилишга қаратилган ишлар самараси дея қабул қила оламизми?  

Худди шундай, иш ҳақлари тўлаш; ҳуқуқбузарлик; суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатлари; ички йўлларни таъмирлаш; электр таъминотидаги узилишлар; кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш; ногиронлик гуруҳини ўзгартириш (тиклаш); фуқаролик ишлари бўйича суд ҳужжатларидан норозилик; ҳоким ёрдамчисидан кредитга тавсиянома олиш; хотин-қизлар уй-жойини таъмирлаш; маиший чиқиндиларни ташиб кетиш; «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритишга оид мурожаатлар сони ҳам ортгани алоқадор масъуллардан масалага ёндашувни яна бир бор қайта кўриб чиқишни тақозо этади. 

Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига мурожаат йўллаш бўйича Ғузордан Гулистон (223 та), Деҳқонободдан Бошчорбоғ (211), Қарши туманидан Чаман (193), Қарши шаҳридан Чўлқувар (174), Яккабоғдан Наврўз (150), Нишондан Дўстлик (138), Чироқчидан Чоштепа (122) ва Муборакдан Геолог (112)  маҳаллалари етакчилик қилаётгани улардаги «еттилик»ни ташвишга солиши керак, албатта. 

Жамоавий мурожаатлар таҳлил қилинганда, улар сони жорий йилнинг тўққиз ойида 744 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 168 тага камайган бўлса, бу кўрсаткич Чироқчи тумани бўйича 15 тага  (80 та), Шаҳрисабз туманида 4 тага (50) ва Касбида 3 тага (29) ортгани масъуллар диққатини тортиши лозим.

Мурожаатлар умумий сони Қарши шаҳри ва Касби тумани бўйича 11,7 фоизга ёки мос равишда 959 ва 368 тага кўпайганини ҳам қайд этиш ўринли. Ташкилотлар кесимида эса Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси тизими (11753 та), мажбурий ижро бюроси (5764), ички ишлар идоралари (5166), маҳаллий ҳокимликлар (5021) энг кўп мурожаат келиб тушаётган ташкилотлар бўлиб турибди.

Тўғри, ўзини ўйлантираётган масаласи юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш ҳар бир фуқаронинг ажралмас ҳуқуқи. Уларнинг ечими, айниқса, ижобий ҳал этилиши эса энг муҳим кўрсаткич. Бироқ Деҳқонобод (21,8 фоиз), Ғузор (25,7), Қарши шаҳри (27,8), Шаҳрисабз (28,1), Қарши (28,6), Қамаши (29) туманларида бу кўрсаткич паст даражада қолмоқда.

Эътибор беринг, вилоятимиз аҳолисидан Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига раҳбар (мансабдор шахс)нинг шахсий қабули масаласида 2025 йилнинг 9 ойида 842 та мурожаат қилинган бўлса,  жорий йилнинг мос даврида улар сони 1500 тага етган. Хўш, нега фуқаро бевосита раҳбар қабулини сўраяпти? Демак, унинг муаммоси қуйи бўғиндаги масъуллар томонидан атрофлича кўриб чиқилмаган, у шундан норози. 

Бироқ, таҳлиллар айрим норози кайфиятдаги кам сонли фуқаролар асоссиз талаблар билан серияли (дубликат эмас) мурожаатлар қилаётганини ҳам кўрсатмоқда. Масалан, кўзда тутилаётган даврда 370 нафар фуқаро 10 ва ундан ортиқ (348 мартагача, жами 7087 та) мурожаат қолдирган. Бу эса вилоят аҳолисидан Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига бўлаётган мурожаатлар сони сунъий равишда ўсиб кетишига олиб келган.

Маълумотларга кўра, январь-сентябрь ойларида Президентнинг шахсий қабулини сўраб вилоят аҳолисидан 361 та мурожаат бўлган, бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 196 тага кўп. Уларнинг миясида қандай фикр айланаётгани эса   фақатгина ўзларига аён. Йўқса, вилоят ҳокими  Муротжон Азимов тизимли равишда оммавий қабул ва сайёр қабуллар уюштириб, барчага қулоқ тутаяпти. Жойларга чиқиб, мурожаатчиларни қабул қилган ҳолда аҳоли вакиллари ўртага ташлаган аксар вақт талаб этмайдиган муаммоларга дарҳол ечим топаяпти. Ушбу жараёнларда фуқаролар кўтарган ҳар бир масала атрофлича муҳокама этилиб, назоратга олинмоқда. Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига Қашқадарё аҳолисидан тушаётган мурожаатлар умумий сонида камайиш тенденцияси акс этаётганининг асосий омилларидан бири ҳам шунда, аслида.

Кўп кузатганмиз, вилоят ҳокими ўтказган барча қабулларда навбат, гавжумликни кўрасиз. Лекин айрим соҳавий раҳбарлар жойларга чиққанда уларга мурожаат билан юзланувчилар беш-олти нафардан нарига ўтмайди, фақат номи сайёр оммавий қабул. Ё муаммоси бор аҳоли вакиллари улар масалани ечиб бера олишига ишонмайди ёки айнан шу раҳбар (идора) уларни қийнаётган мушкулни осон қилишга масъул эканлигини билмайди. Тўғриси, бундан бошқача хулосани топмадим.

Мурожаатлар бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Уларнинг кўпайиши ёки камайиши эса ёндашувга боғлиқ. Яъни жойлардаги масъуллар ёки соҳалар қуйи бўғин раҳбарларининг ўзига тегишли кичик бир муаммога ҳам беэътибор қараши, масала юқори ташкилотларгача етиб боришига олиб келади. Натижада мурожаатчи ҳам сарсон, бошқалар ҳам. Ваҳоланки, қонун устувор давлатда яшаяпмиз. Демак, қонуний ечими бор мурожаат албатта ўз вақтида кўриб чиқилиши, ҳал этилиши керак.    

Ўз мухбиримиз