16.11.2026
Qarshi shahri Mustaqillik shohko‘chasi 22-uy
Фаолият

2025 йил – менинг ҳаётимда

Табиатни, ерни, молни асраш – бу ҳам Ватанга хизматдир

Парда НОРМУРАДОВ,

«Пачкамар қоракўлчилик» МЧЖ бош чўпони, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби (Ғузор тумани) 

Чўпонлик таёғини қўлимга олганимга 31 йил бўлди. Ортга назар ташласам, босиб ўтган йўлимда қийинчиликлар ҳам, ютуқлар ҳам кўп бўлган. Бироқ 2025 йил ҳаётимда алоҳида ўрин тутади. Аввало меҳнатим, йиллар давомида тўкилган пешона теримнинг қадри янада юксак эътироф этилди.  Президентнинг тегишли фармони билан «Меҳнат шуҳрати» орденига муносиб кўрилдим. Давлатимиз раҳбарининг ана шундай эътибори, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик соҳасида олиб бораётган ислоҳотлари биз – дала меҳнаткашларига катта куч бағишламоқда.

Ўтаётган йил мен меҳнат қилаётган «Пачкамар қоракўлчилик» масъулияти чекланган жамиятида ҳам баракали натижаларга бой бўлди. Қўй-қўзилар сони кўпайди, мавжуд 400 бош она қўйдан олинган қўзиларнинг 93 фоизини ўстиришга қолдирдик.

Табиатни, ерни, молни асраш – бу ҳам Ватанга хизматдир. Якунига етаётган йил менинг тақдиримда шунчаки навбатдаги йил эмас, балки ҳаётим мазмунини янада бойитган, интилишларимга янги руҳ бағишлаган унутилмас давр бўлиб қолмоқда. Ишонаманки, олдинда яна баракали йиллар, янги марралар бор. Ҳалол меҳнат билан яшаш, Ватанга хизмат қилиш, эл ишончини оқлаш – менинг кечаги, бугунги ва эртанги тақдиримдир.

Ишониш, интилиш ва орзу қилишдан ҳеч қачон тўхтамаслик керак

Бехрузбек ЭЛМУРОДОВ,

халқаро олимпиада ғолиби (Миришкор тумани)

Якунланиб бораётган йил ҳаётимда унутилмас ва эртамни белгилаб берган давр сифатида муҳрланди. Сабаби тўртта халқаро олимпиадада совриндор бўлдим.

Дастлаб январь ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида математика, физика ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларидан ташкил этилган 21-Халқаро Жаутиков олимпиадасида 3-ўринга лойиқ кўрилган бўлсам, март ойида Россияда математика фанидан ташкил этилган 10-Халқаро Кавказ  олимпиадасида турли мамлакатлардан иштирок этган 300 нафар ўқувчи орасидан фахрли 1-ўринни эгаллаб, олтин медаль соҳибига айландим.

Июнда Шимолий Македонияда бўлиб ўтган 29-Болқон ёшлар математика олимпиадасининг кумуш медалини қўлга киритдим. 106 давлатдан 600 нафардан зиёд ўқувчи қатнашган ва нуфузи жиҳатдан энг юқори турадиган  66-Халқаро Математика олимпиадаси (Австралия)да эса иккинчи ўринни эгалладим.

Ана шулар асносида англадимки, ҳақиқий муваффақият илм, сабр-тоқат ва қатъият билан қўлга киритилади. Олдинда яна кўп марралар, янги чўққилар бор. Мен эса улар сари ишонч билан қадам ташлашда давом этаман.

Мен учун энг катта бойлик –фарзандларим, энг улуғ унвон – она деган номдир

Дилфуза БАҲРИДДИНОВА,

кўп фарзандли она (Китоб тумани)

2025 йил ҳаётимга янги мазмун ва беқиёс масъулият олиб кирган йил бўлди. Аллоҳ аллақачон беш нафар қизнинг онаси бўлган менга тўрт нафар эгизак фарзанд берди. Оналик бахтини яхши билардим, энди у янада улуғвор, янада синовли, янада муборак кўринишда эди.

Бир пайтнинг ўзида тўққиз нафар фарзанднинг онаси бўлиш – ҳар қандай аёл учун улкан масъулият. Аммо она юраги шундай яратилганки, у қўрқувдан кўра умидни, чарчоқдан кўра меҳрни устун қўяди.

Бу йил мен нафақат она, балки кучли аёл эканимни ҳам қайта кашф этдим. Оиламнинг қўллаб-қувватлаши, турмуш ўртоғимнинг меҳри, яқинларимнинг дуолари менга қанот бўлаяпти.

Фарзандларимнинг ҳар бири – мен учун алоҳида олам. Қизларим – Шабнам, Шайдо, Ширин, Биллура ва Шукрона ҳаётим мазмуни бўлган бўлса, эгизакларим – Хадича, Саида, Фотима ва Осиё ҳаётимга кириб келган янги умид ва келажак нуридир.

Аллоҳ берган неъматга шукр қиламан ва фарзандларимнинг соғ-саломат, Ватанга фойдаси тегадиган инсонлар бўлиб улғайишини тилайман. Инчунин, мен учун энг катта бойлик – фарзандларим, энг улуғ унвон  – она деган номдир.

Орзуимдаги шахсий кутубхонамни ташкил қилдим

Мадинабону МАҲАММАДРИЗОЕВА,

Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси (Косон тумани)

Жорий йилда барча қизларнинг орзуси бўлган Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб топилиб, медални шахсан давлатимиз раҳбарининг ўзларидан қабул қилиб олдим. Шу дамда «Ота-онанга, устозларингга раҳмат» деган изҳорларини эшитиш бахтини ҳис қилдим.

Англадимки, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, имкониятлари, билим ва салоҳияти чексиз. Мамлакатимизда ёшлар, хусусан, қизлар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим ва ижод имкониятлари мени келажакка ишонч билан қарашга ундайди. Энг муҳим янгиликлардан бири шу йилда ўзим орзу қилган шахсий кутубхонамни ташкил қилдим.

Ҳозирда Халқаро қишлоқ хўжалиги университетининг қишлоқ хўжалиги факультети 3-босқич талабасиман. Абдулла Орипов шеърлари, жадидларга оид қатор адабиётларни чет тилларига таржима қилиб, кўплаб халқаро эътирофларга сазовор бўлдим. 

Келгусида магистиратура босқичини Aмерикада давом эттирмоқчиман ва жаҳон талаблари даражасидаги етук кадр бўлиб она Ватанимга хизмат қилиш олий мақсадим.