Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

26.09.2024


1 ОКТЯБРДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2024 йил 1 октябрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи кўтарилади

Президентнинг "Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида"ги фармонига асосан:

бюджет ташкилотларида ишловчи тиббиёт ходимлари, шунингдек, мактабгача, умумтаълим, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ташкилотлари, "Мурувват" интернат уйлари, "Меҳрибонлик" ва Болалар уйлари, болалар санаторияларида ишловчи педагог ходимларнинг иш ҳақи миқдори - 15 фоизга оширилади;

бюджет ташкилотлари ходимларининг (юқорида назарда тутилган ходимлар бундан мустасно) иш ҳақи миқдори - 10 фоизга оширилади,

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори - ойига 1 155 000 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори - 375 000 сўм этиб белгиланади.

Қўшимча лицензия талаблари жорий этилади

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қуйидаги қўшимча лицензия талаблари жорий этилади.

Бу ҳақда Президентнинг "Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида"ги фармонида қайд этилган.

Шунингдек, ҳужжатга кўра, йиллик лицензия тўловларини, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилиш;

алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва уларнинг савдосида сифат талабларига, шунингдек, акциз маркаларини қўллаш ҳамда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартибларига риоя этиш;

алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи видеокузатув воситаларини ўрнатиш талаблари қўйилади.

Хусусий ўқув марказларининг рейтинги тузилади

Давлат раҳбарининг "Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилган тартибга мувофиқ:

Ёшлар ишлари агентлиги ҳар йили хусусий ўқув марказларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимидаги рейтингини тузади ҳамда расмий веб-сайтида эълон қилиб боради;

рейтинг натижаларига кўра олис ва чекка ҳудудларда фаолият кўрсатувчи энг юқори кўрсаткичга эга 100 та хусусий ўқув марказининг таълим жараёнида фойдаланадиган бино ва иншоотлар учун ижара тўлови харажатларининг бир қисми Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади;

Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади

 Президентнинг "Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан:

давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар улар тузилишидан олдин камида бир иш куни, шунингдек, тендер савдолари натижаларига кўра расмийлаштирилган баённомалар давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштириш орқали камида икки иш куни давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади;

давлат харидлари электрон тизимига ушбу тизимдан рўйхатдан ўтган юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларини улар томонидан ишлаб чиқариладиган (етказиб бериладиган) товарларга (ишларга, хизматларга) мос келадиган давлат буюртмасининг тизимга жойлаштирилганлиги тўғрисида хабардор қилиш функцияси киритилади;

давлат харидлари электрон тизими операторлари томонидан давлат буюртмачилари ва харид қилиш тартиб-таомиллари ижрочиларига шартномаларни бажариш вақтида келиб чиқадиган судгача бўлган низоларнинг белгиланган тартибда ҳал этилишида кўмаклашиш амалиёти йўлга қўйилади;

тендер савдоларида битта тадбиркорлик субъекти иштирок этган тақдирда, давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилини ҳамда товарларга (ишларга, хизматларга) оид мезонларни ўзгартирмаган ҳолда такроран эълон жойлаштирганда ва такрорий тендер савдоларининг ягона иштирокчиси илгари иштирок этган тадбиркорлик субъекти бўлганда, тендер савдолари ўтказилган деб ҳисобланади.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ўз кўрсатмаларини бажармаганларга молиявий жарима қўллайди

"Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори билан ушбу агентликка:

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқ маҳсулотни муомаладан чиқариш ёки маҳсулотнинг камида 60 фоизини чақириб олиш тўғрисидаги кўрсатмаларни бажармаганлик учун - юридик шахсларга реализация қилинган маҳсулот қийматининг 100 фоизи миқдорида молиявий жарима қўллаш;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқ маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳолатлари тасдиқланганда, ушбу маҳсулотларга расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатини ҳамда сертификатлаштириш органининг қоидаларга риоя этмаганлиги (шу жумладан, маҳсулот барча мажбурий кўрсаткичларга мувофиқлиги баҳоланмаганлиги) натижасида сифатсиз маҳсулотлар реализация қилинганлиги ҳолатлари аниқлаганда, мазкур органнинг сертификатлаш фаолиятини Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан тўхтатиб туриш ваколатлари берилади.

Шунингдек, Президентнинг тегишли фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорларига асосан жорий йил 1 октябрдан бошлаб:

туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига 2028 йил 1 январга қадар ҳар ойнинг 25 санасига қадар бюжетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг 20 фоизини республика бюджетидан қайтариш тизими жорий этилади.

* * *

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг зарарсизлантириш (фумигация) бўлимларининг экспорт қилинадиган карантин остидаги маҳсулотларни зарарсизлантириш (фумигация) функцияси хусусий секторга ўтказилади.

* * *

 Янги сўйилган, совитилган ёки музлатилган уй паррандаси гўшти ва қўшимча озуқабоп маҳсулотлари (бутун гўшт, қанот, бел, бўйин, окорочок, голен, сон, қийма ва тери)ни Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда белгиланган божхона божи бўйича берилган имтиёз бекор қилинади.

* * *

Ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари (ТИЭК) томонидан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронлик туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан белгиланади.

* * *

Жисмоний шахслар томонидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги махсус ахборот тизимига юборилган ер қаъридан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, уларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

* * *

Қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилган ҳолда, "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимининг "Қурилишда давлат назорати" электрон платформаси орқали расмийлаштирилади.

* * *

Ҳар йили 100 тагача имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан ёрдамчи репродуктив технологиялар усуллари муваффақиятли қўлланганда ушбу амалиётни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали қоплаб берилади.

* * *

Маҳаллаларда фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ягона саволнома асосида бирламчи ўрганилади ва шу асосда аниқланган муаммолар "Рақамли маҳалла" платформасида шакллантирилади ҳамда "маҳалла еттилиги"нинг тегишли электрон платформаларига фуқаро билан индивидуал тартибда ишлаш учун буюртма шаклида юборилади.

* * *

2026 йил 31 декабрга қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан модулли меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш (реконструкция қилиш бундан мустасно) харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Туризмни қўллаб-қувватлаш  жамғармасидан бир марталик субсидия ажратилади.

* * *

Янгидан очиладиган мунтазам йўловчи ташиш йўналишларидаги автотранспорт воситаларини сунъий йўлдошли ҳаракатни кузатиш навигация қурилмалари билан жиҳозлаш ва Транспорт вазирлигининг автоматлаштирилган диспетчерлик хизматига интеграция қилиш талаб этилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo