Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

13.05.2022


10 НАФАР БОЛА ГЕРМАНИЯНИНГ НУФУЗЛИ КЛИНИКАЛАРИДА ДАВОЛАНАДИ

Ижтимоий ҳимоя

Жорий йил 12-13 май  кунлари Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига Германиянинг “Фриеденздорф Интернейшнл” халқаро хайрия ташкилоти мутахассислари ташриф буюришди.

Бундан кўзланган асосий мақсад ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ёрдам бериш ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш,  болаларни республика клиникаларида ва тиббиёт марказларида ҳамда чет элда соғломлаштириш, шу жумладан, ногирон болаларни Германия клиникаларида тезкор даволаш, кам таъминланган оилалардаги юқори лаб ҳамда қаттиқ танглайнинг туғма нуқсонлари, оёқларнинг туғма нуқсонлари (маймоқлик) ва бўйин қийшайиши билан боғлиқ туғма ортопедик касалликларга чалинган болаларни тезкор даволаш, куйишнинг асоратлари бўлган болаларни пластик операция қилишдан иборат бўлди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Германиянинг “Фриеденздорф Интернейшнл” халқаро хайрия ташкилоти билан 2002 йилда тузилган уч томонлама шартнома доирасида  ташкил этилган тиббий кўрикда Сурхондарё вилоятидан 18 нафар, Қашқадарё вилоятидан 27 нафар туғма нуқсони бор, жарроҳлик операциясига муҳтож, куйишдан кейинги асоратлари бўлган бола тиббий кўрикдан ўтказилди.

- Тиббий кўрик натижаларига кўра, “Чиройли оёқчалар” лойиҳаси доирасида туғма оёқ нуқсони (маймоқлик) ва “Қийшиқ бўйин” ташхиси билан оғир деб топилган 10 нафар бола босқичма-босқич Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниш учун 6 ойдан 3 йилгача бўлган муддатга жўнатилади, - дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят бўлими бошлиғи Гулнора Шарипова. - Ўтган йилги текширув натижаларига кўра, 2 нафар ногирон болада Германияда мураккаб жарроҳлик операцияси ўтказилганди. Ҳозир уларни соғломлаштириш ишлари давом этаяпти.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo