Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, республика вазирлик ва идоралари мутасаддилари, бошқармалар бошлиқлари, вилоятдаги йирик саноат корхоналари ва ташкилотлар раҳбарлари, туман фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев барчани мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги билан муборакбод этаркан, истиқлол халқимизга ўзлигини қайтариб, қадрини баланд этганини, шу боис яқинлашиб келаётган байрам ўзининг ҳақ-ҳуқуқини таниган, қадр-қимматини билган ҳар бир юртдошимиз учун энг улуғ, энг азиз айёмга айланганини алоҳида қайд этди.
Нишон тумани аҳолиси бу байрамни кўтаринки кайфият ва меҳнатда зафарлар билан кутиб олмоқда. Улуғ айём арафасида Вазирлар Маҳкамасининг туманни комплекс ривожлантириш бўйича қарори қабул қилиниши нишонликларнинг қувончига қувонч қўшди.
Йиғилишда таъкидлаганидек, қарор билан 2016-2018 йилларда Нишон туманини комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ ҳудудда уч йил ичида 1040 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади ва
Жумладан, туманнинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида 83 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобига 86 та ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилади. Уларнинг 9 таси мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, қуритиш ва қайта ишлашга, 8 таси гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлашга, 17 таси қандолат ва нон маҳсулотлари, 24 таси қурилиш материаллари, 7 таси чарм-пойабзал ва 16 таси енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлади. Шунингдек, туманда дори воситалари, кўмир брикет ва мебель ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Яна иккита лойиҳа асосида Янги Нишон шаҳри ва Нуристон қўрғонида кичик саноат зоналари ташкил қилинади.
Бунинг натижасида туманда етиштирилаётган пахта толасининг 37 фоизи шу ернинг ўзида қайта ишланадиган бўлади. Қолаверса, тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқариш ҳажми 20 баробарга кўпаяди. 2018 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган саноат маҳсулотлари ҳажми 2015 йилдагига нисбатан 1,3 мартага, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми эса 1,4 мартага ошади. Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши туманнинг вилоят саноатидаги улушини 5,2 фоиздан 7,5 фоизга оширишга хизмат қилади.
Дастурда хизмат кўрсатиш соҳаси ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 27 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига 188 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши кўзда тутилган. Туманда, айниқса, унинг қишлоқларида савдо, интернет ва компьютер хизматлари ривожлантирилади. Кўплаб гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, мини стадионлар, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун истироҳат боғи, дам олиш масканлари, 36 ўринли меҳмонхона бунёд этилади. Аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш мақсадида автобуслар келтирилади. Буларнинг натижасида хизматлар ҳажмини 2018 йилга бориб ҳозирги вақтдагидан 2 бараварга ошириш мўлжалланмоқда.
Дастур билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни барқарор ривожлантириш лойиҳалари манзилли рўйхати ҳам тасдиқланган. Бу рўйхатдан ўрин олган 289 та лойиҳани амалга ошириш мақсадида 181 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Рўйхатдаги 50 та қорамолчилик, 76 та қўйчилик, 26 та паррандачилик, 19 та балиқчилик, 88 та асаларичилик, 6 та қуёнчилик лойиҳалари амалиётга татбиқ этилиши, қолган лойиҳалар асосида эса 58 гектар ерда иссиқхона, 98 гектар ерда боғ ва узумзорлар барпо қилиниши натижасида аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва экспортни кенгайтириш имкони туғилади. Бундан ташқари, 600 гектар лалми ерга сув чиқариш орқали интенсив боғ яратиш, шунингдек, бу ерда сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш кўзда тутилмоқда.
Маълумки, Нишонда 51,7 минг гектар майдонда суғориш йўли билан деҳқончилик қилинади. Бу ерларнинг ирригация-мелиорация тизимини яхшилаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш ҳосилдорликни оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис мустақиллик йилларида бу борада тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Дастурда бу ишларни изчил давом эттириш, туманнинг ирригация-мелиорация тизимини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу мақсад учун 26 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция жалб этилиши мўлжалланган. Бунинг натижасида 230,5 километр коллектор қурилади ва реконструкция қилинади, 190,7 километрида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилади, 12,5 километр суғориш тармоқларида реконструкция ишлари амалга оширилади. Сув олиш қулоқлари жиҳозланиб, гидротехник иншоотлар таъмирланади. Натижада 20 минг гектарга яқин суғориладиган ерларнинг сизот сувлари сатҳи меъёрга келтирилади, мелиоратив ҳолати барқарорлиги таъминланади.
Фермер хўжаликларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш учун уларга қиймати 7,5 миллиард сўм бўлган 75 та техника - ҳайдов тракторлари, комбайнлар, ерга ишлов беришга мўлжалланган ускуналар лизинг асосида етказиб берилади.
Дастурда аҳолининг электр энергияси, табиий ва баллонли газ, сув таъминотига бўлган талабини яхшилаш, давлат аҳамиятидаги, маҳаллий ва ички автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш ишларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилган.
Хусусан, аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 9,1 миллиард сўм маблағ ажратилган ва 17 та объектда 82,1 километр сув тармоқларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш кўзда тутилган. Бу тадбирлар доирасида туман ҳудудида жойлашган ПК-162 насос станциясининг I-II сув кўтариш ва узатиш иншоотларини реконструкция қилиш нафақат Нишон, балки Касби, Миришкор ва Қарши туманлари ҳамда Муборак туманининг қатор аҳоли пунктларида ҳам таъминотни яхшилаш имконини беради.
Туманда электр энергияси ва табиий газ таъминотини яхшилашга 7,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, янги ҳаво линиялари, трансформаторлар, газ баллонлари етказиб бериш учун сервис марказлари қурилади.
Дастурда тумандан ўтувчи автомобиль йўллари ва қишлоқ йўллари таъмири учун 36,9 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. 2016-2018 йилларда Нишондаги 79 километр қишлоқ йўллари таъмирланиши ва бунинг учун 11,5 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиши алоҳида аҳамиятга молик.
Дастурга мувофиқ тумандаги бир нечта мактаб, болалар боғчаси, касб-ҳунар коллежи, соғлиқни сақлаш муассасалари, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, истироҳат боғларида бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Бунинг учун 22 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилиши назарда тутилган. Жумладан, туман ёшларини соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш мақсадида 2017 йилда Янги Нишон шаҳридаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби учун 3,5 миллиард сўм маблағ эвазига 2-ТИПдаги спорт мажмуаси барпо қилинади. 2016-2017 йилларда туман тиббиёт бирлашмаси ва унинг бўлимларида 7 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади, улар замонавий тиббий ускуналар билан таъминланади. Коллежлар ва мактаблар, мактабгача таълим муассасалари қайта чирой очади. Маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, амфитеатр қуриш, истироҳат боғини аттракционлар билан таъминлаш орқали аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун қулай шароитлар яратилади. Нишон шаҳрининг архитектура қиёфаси ўзгариб, марказий Ўзбекистон кўчаси бўйлаб замонавий объектлар ва хиёбонлар барпо қилинади.
Бир сўз билан айтганда, Дастур ижроси доирасида Нишонда амалга ошириладиган ишлар туманнинг кўркига кўрк қўшиши, ҳар жиҳатдан ривож топиши, аҳолисининг турмуш фаровонлиги ўсиши, бандлиги таъминланишига хизмат қилади.
Толиб ТЕМИРОВ