2020 йилда вилоятнинг ҳар бир туманида ўртача мингтадан, жами 13 мингта томорқа хўжалигида 1 сотихли кичик иссиқхоналар қуриш режалаштирилган эди.
Бу борада маҳалла масъуллари, тижорат банклари, тегишли сектор раҳбарлари ҳамда бошқа давлат ва жамоатчилик ташкилотлари томонидан аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
Томорқа ер эгаларига оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, кичик иссиқхоналар қуриш, шу билан бирга паррандачиликни ривожлантириш ва томчилатиб суғориш асосида мевали боғлар, ёнғоқзор ва бодомзорлар ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши айтилган эди.
Натижада минглаб оилалар лойиҳага қизиқиш билдириб, ҳужжат тайёрлашга киришди. Аммо йил сўнгига қадар ҳам кўзда тутилган маблағ ажратилмади ва бу борадаги ишлар ҳам айтилган жойида қолиб кетди.